Жамият | 21:51 / 20.12.2019
16578
3 дақиқада ўқилади

Кеча ва бугун – парламентлар ҳақида баъзи ҳақиқатлар

Германияда – Бундестаг, Швецияда – Риксдаг, Польшада – Сейм, Ўзбекистонда – Олий Мажлис.

Сўз – парламентлар ҳақида.

Халқ вакиллигига асосланган идоралар қадимда ҳам бўлган. Булар – халқ йиғинлари, оқсоқоллар мажлиси, қурултойлар. Қадимги Римда, масалан – Сенат.

Замонавий парламентаризмнинг ватани деб Англияни айтишади – XIII асрда қирол Иоанн «Эркларнинг буюк хартияси»ни имзолашга мажбур бўлди. Бу ҳужжат қиролга янги солиқларни қироллик кенгаши рухсатисиз жорий қилишни маън қилди.

Бироқ бундан анча аввал – VII асрда муқаддас китоб Қуръони карим оятларида Аллоҳ таоло «ишларни шўро – маслаҳат билан юритиш» тамойилини тушириб, жамият ишларини юритишда кўпчиликнинг иштироки зарурлигини билдирган эди. Бир неча аср давомида мусулмон давлатларда демократик императивлар ҳукм сурди ва кейинчалик бу Европа тамаддунига ўз таъсирини ўтказди.

Ҳозирда деярли барча ривожланаётган давлатларда парламентлар ишлаб турибди. Шу билан бирга, бу парламентлар давлат ҳокимиятининг мустақил бир тармоғи бўлиб, унга бошқа бирон тармоқнинг таъсир ўтказишига давлатчилик пойдеворига таҳдид қилувчи ҳавф сифатида қаралади. Парламентнинг мустақиллиги – устувор қадриятлардан бири бу давлатларда. Зеро айнан шу омил ҳокимият алоҳида гуруҳ ёки шахсларнинг қўлига ўтиб кетишидан сақлайди.

Парламентнинг асосий вазифаси – қонунлар устида ишлаш. Бу учун парламент аъзолари – депутатлар ўртасида муҳокамалар ўтказилади.

Асосий тушунчалар:
Қонун – жамият ҳаётини тартибловчи қоидалар.
Депутат – вакиллик органи учун халқ томонидан сайланган шахс.
Ҳокимиятларнинг бўлиниш принципи –  бир-биридан мустақил фаолият юритувчи ва бир-бирини назорат қилувчи уч тармоқ: қонунчилик, ижроия ва суд ҳокимиятларидан иборат давлат ҳокимияти.

Ҳозирда дунёнинг кўплаб давлатларида айнан ҳокимиятларнинг бўлиниши принципи амал қилади. Ўзбекистонда ҳам ҳокимият қонун чиқарувчи, ижроия ва суд ҳокимиятига ажратилиши асос қилиб олинган.

«Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими — ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади». Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 11-модда.

Парламент – давлатнинг қонун чиқарувчи органи ҳисобланади. Бизда у Олий Мажлис деб аталади. Бизда парламент икки палата – Қонунчилик палатаси ва Сенатдан иборат.

Қуйи палата – қонун ишлаб чиқади, Сенат қонунларни маъқуллайди ва президентга имзолаш учун юборади.

Қонунчилик палатаси сайловчилар томонидан сайланадиган 150 нафар депутатдан иборат.

Муҳаммад Шакур тайёрлади.

Мавзуга оид