Ўзбекистон | 18:34 / 20.12.2019
13226
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон парламенти тарихида Конституцияга зид қонунлар қабул қилинмаган – Актам Ҳайитов

Ўзбекистон Олий Мажлиси ўз тарихи мобайнида конституцион нормаларга зид келувчи қонунлар қабул қилмаган, деб ҳисоблайди Ўзбекистон Либерал демократик партияси етакчиси Актам Ҳайитов.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Ҳайитов бу ҳақда 20 декабрь куни бўлиб ўтган «Демократик дебат»да айтиб ўтган.

«Депутатлар Конституцияга ва бошқа қонунларга зид қонунлар қабул қилинишига қарши тура олади. Мен аниқ биламан, парламент тарихида ҳали Конституциямизга зид бўлган қонунлар қабул қилинмаган. Ҳозир ҳам, бундан кейин ҳам қабул қилинмайди», – деб таъкидлади ЎзЛиДеП лидери.

Актам Ҳайитовдан олдин сўз олган «Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров 2019 йил апрелида «Фермер хўжаликлари тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгариш бошқа бир қонунга зид бўлганига эътибор қаратди.

«Қонунчиликда ҳақиқатан бир-бирига тескари тушириб қоладиган нормалар учраб туради. Ҳуқуқшуносларимиз яхши билишади, бунақа ҳолат бор. Айниқса, мисол учун, «Фермер хўжаликлари тўғрисида»ги қонун билан «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги»ги қонунлар бир-бирига зид келиб қолгани каби.

Худди шунга ўхшаш қонунлар қабул қилинмаслиги учун бу сафар фракциямиз жуда ҳам мустаҳкам ишлашига ваъда бера оламиз», – деди Қодиров.

Актам Ҳайитов бунга жавобан тилга олинган икки қонун ўртасида юридик коллизия йўқлигини ишонч билан таъкидлади.

«[Алишер Қодиров] «Фермер хўжаликлари тўғрисида»ги қонун бўйича ўз фикрларини билдириб ўтдилар. У ерда ҳам бир-бирига зид келадиган нормалар йўқ. Буни юристларимиз яхшилаб кўриб чиқишди. Биздаги юристларнинг савияси ҳам етарли даражада. Ишонинг, бундан кейин ҳам парламентимиз қонун ижодкорлиги борасида халқимизга наф келтирадиган, бир-бирига зид бўлмаган ва ҳаётий қонунларни қабул қилади», – дейди ЎзЛиДеП етакчиси.

Маълумот учун, ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиевнинг фикрича, фермер хўжаликларининг Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига; йирик тадбиркорларнинг эса Савдо-саноат палатасига аъзолиги қонун билан мажбурий этиб белгилангани – Конституция, «Жамоат бирлашмалари тўғрисида» ва «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги қонунлар ҳамда халқаро нормаларга зиддир.

Мавзуга оид