Осиё чемпионати-U23. Ўзбекистон Жанубий Кореяга ютқазди, аммо чорак финалга чиқди
Таиландда Осиё чемпионати-U23 баҳслари давом этмоқда. «С» гуруҳида 3-тур доирасида Жанубий Кореяга қарши майдонга тушган Ўзбекистон 1:2 ҳисобида ютқазди, аммо чорак финалга чиқди.
Ўйиннинг 6-дақиқасида ҳисоб очилди. Жанубий Кореянинг 16-рақамдаги вакили Жун Сун Вон ўзбекистонлик ҳимоячи ўзига ташлаб берган тўпга жарима майдончасига кирмай туриб зарба берди ва тўп унинг жамоадоши О Се Хунга тегиб дарвоза тўридан жой олди.
21-дақиқада ҳисоб тенглашди. Ўнг қанотдан Азиз Ғаниевнинг узатмасини Бобур Абдухолиқов бош голга айлантирди — 1:1.
Иккинчи бўлимни ҳам Ўзбекистон вакиллари кетма-кет ҳужумлар билан бошлашди. 49-дақиқада Жасур Яхшибоев жарима майдонига кирмай зарба бериш учун жуда қулай имкониятга эга бўлди, аммо унинг зарбаси дарвоза тўсини ёнидан ўтиб кетди. 51-дақиқада корейслар 30 метрлар узоқликдан жарима зарбаси тепишди. Биринчи зарба «жонли девор»га теккан бўлса, иккинчи хавфли зарба ноаниқ бўлди.
72-дақиқада корейслар яна олдинга чиқиб олишди. Биринчи гол муллифи О Се Хун бу гал жарима майдончасига кирмай чиройли гол урди - 2:1.
80-дақиқада Жанубий Корея ҳисобдаги фарқни ошириши мумкин эди. Жон Ву Йон икки марта кетма-кет зарба йўллади ва ҳар сафар ҳимоячилар тўпни зўрға қайтариб қолишди. Ўйин охиригача жанубий кореяликлар устунликни сақлаб қолишди ва гуруҳда 9 очко билан биринчи ўринни банд этишди.
Друлович шогирдлари ҳам мағлубиятга қарамай гуруҳда 4 очко билан иккинчи ўринни эгаллаб, плей-оффга чиқди. Чунки 3-тур доирасида параллел кечган Хитой-Эрон учрашувида эронликлар керакли натижага эриша олишмади. Эрон 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган бўлсада, тўплар нисбати ёмонроқлиги туфайли учинчи ўринда қолди.
Энди Ўзбекистон кейинги босқичда D гуруҳининг биринчи ўрин вакили билан куч синашади. Айни вақтда бу гуруҳда БАА ва Иорданияда 4тадан очко бор, учинчи ўриндаги Вьетнам 2 очкога эга.
16 январь куни учинчи турда Иордания БАА билан, Вьетнам Шимолий Корея билан ўйнайди.
Осиё чемпионати-U23
«С» гуруҳи
3-тур
ЎЗБЕКИСТОН — ЖАНУБИЙ КОРЕЯ 1:2
Голлар: Бобур Абдухолиқов (21) — О Се Хун (5, 72).
Банкок, «Тамассат» стадиони.
Ўзбекистон: Абдувоҳид Неъматов, Илҳом Алижонов, Ҳусниддин Алиқулов, Ислом Қобилов, Ҳожиакбар Алижонов, Абдулла Абдуллаев (Ойбек Рустамов, 78), Азиз Ғаниев, Санжар Қодирқулов, Ойбек Бозоров (Нурилло Тўхтасинов, 71), Жасур Яхшибоев, Бобур Абдухолиқов (Миржаҳон Мираҳмадов, 90).
Жанубий Корея: Сонг Бум Кюн, Канг Юн Сунг, Жёнг Тэ Ук, Ким Донг Ҳюн, Жонг У Ёнг, Ким Жэ У, Жунг Сун Вон (Ли Дон Йон, 60), Ум Вон Санг, О Се Хун, Вон Ду Жэ, Юн Жонг Кю.
Мавзуга оид
18:34 / 03.07.2024
Ўзбекистон U23 жамоасининг Париж Олимпиадаси учун кенгайтирилган таркиби эълон қилинди
00:12 / 04.05.2024
Париж-2024. Ўзбекистон гуруҳ босқичини Испанияга қарши ўйин билан бошлайди
22:43 / 03.05.2024
Осиё кубоги U23. Ўзбекистон финалда Японияга мағлуб бўлиб, кетма-кет иккинчи марта қитъада иккинчи ўринни эгаллади
16:30 / 30.04.2024