Жаҳон | 18:27 / 26.01.2020
38581
2 дақиқада ўқилади

Томскда ҳалок бўлган ўзбекистонликлар ишлаган компания директори ҳибсга олинди

Фото: Таисия Воронцова/ТАСС

Tомск области Aсиновский туманида ёнғин оқибатида ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқаролари ишлаган «Грин вуд» MЧЖ ўрмон кесиш компанияси директори ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари томонидан қўлга олинди, деб хабар берди РИА Новости.

«Томскда Грин вуд» МЧЖ директори қўлга олинди. У ҳозирда тергов изоляторида сақланмоқда», - деди агентлик суҳбатдоши.

Хабар қилинишича, Россия тергов қўмитаси томонидан ушбу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган. 

Очиқ маълумотларга кўра, "Грин вуд" компанияси 2011 йилда Томск области Асино шаҳрида рўйхатга олинган. Сунь Аньни исмли шахс 2019 йилдан буён унинг директори ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, 21 январга ўтар кечаси Россиянинг Томск вилояти Асино туманидаги бир қаватли ёғоч уйда ёнғин рўй бериб, уйнинг 208 метр квадрат майдони ёниб кетганди.

Дастлабки хабарларда ёнғин оқибатида 11 киши ҳалок бўлгани, улардан 10 нафари Ўзбекистон фуқаролари экани айтилганди. Кейинроқ ёнғин оқибатида ҳалок бўлган ўзбекистонликлар сони 11 кишига етгани хабар қилинганди.

26 январь куни ҳалок бўлган 10 нафар Ўзбекистон фуқаролари жасадлари Tошкент шаҳрига олиб келинди.

ТИВнинг маълум қилишича, қолган икки нафар марҳум жасадлари ДНК таҳлили натижалари аниқлангандан кейин юборилади.

Мавзуга оид