Спорт | 14:54 / 30.01.2020
6208
2 дақиқада ўқилади

Вазир ўринбосари: Ўзбекистон яқин йилларда Осиё ўйинларига мезбонлик қилади

Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Қосимов ўсмирлар ўртасидаги III қишки Олимпия ўйинлари ўтказилиши муносабати билан Лозаннада бўлиб, Осиё олимпия кенгашининг Осиё ўйинлари департаменти директори Ҳайдар Фармон билан учрашди.

«Лозаннада Осиё олимпия кенгашининг Осиё ўйинлари департаменти директори Ҳайдар Фармон билан ҳам кўришдик. Учрашув чоғида Ўзбекистонда 2025 йили ёшлар ўртасидаги IV Осиё ўйинларини ўтказиш бўйича суҳбатлашдик ва бу борада зарур келишувларга эришилди», дея Қосимовнинг сўзларини келтирмоқда вазирлик матбуот хизмати. 

Унинг сўзларига кўра, Ҳайдар Фармон шу йил март ойида Осиё олимпия кенгаши президенти Шайх Аҳмад Ал-Фаҳад Ал-Сабоҳ Ўзбекистонга ташриф буюриб, тегишли ҳужжатлар имзоланишини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2030 йилда XXI ёзги Осиё ўйинлари мезбонлиги учун ариза берган. Ушбу турнир мезбонлигига Қатар, Ҳиндистон ва Филиппин ҳам даъвогар ҳисобланади.

«BCW компанияси раҳбарияти билан айни шу хусусда музокаралар олиб борилди. Улар сўнгги йилларда Ўзбекистонда йирик спорт мусобақаларини қабул қилиш йўлида катта ҳажмдаги ишлар олиб борилаётгани, юртимизда замонавий спорт инфратузилмаси яратилаётганини алоҳида эътироф этишди. BCW компанияси томонидан юртимизда ўтказилиши режалаштирилаётган 2025 йилги ёшлар ўртасидаги IV ёзги Осиё ўйинлари ҳамда 2030 йилги XXI ёзги Осиё ўйинлари бўйича шу йилнинг май ойига қадар иш режа тақдим қилишларини билдиришди», деган вазир ўринбосари.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид