Ўзбекистон | 20:53 / 14.02.2020
8189
9 дақиқада ўқилади

Қаршидаги собиқ «Эҳтиёт қисмлар бозори» ҳақидаги мақолага Олий суд муносабат билдирди

Kun.uz 13 февраль куни «Қаршидаги собиқ «Эҳтиёт қисмлар бозори» ҳақиқий эгасига қайтарилмаяпти: 14 йиллик сарсонгарчилик қачон барҳам топади?» сарлавҳали мақола эълон қилган эди.

Олий суд матбуот хизмати мақола юзасидан муносабат билдирди. Қуйида муносабат матни тўлиқ келтириб ўтилади.

«2018 йил 21 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси Ж. Тиркашев томонидан даъвогар Эркин Сафаровнинг фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судининг 2016 йил 8 июлдаги ҳал қилув қарори ва Қашқадарё вилоят суди апелляция инстанциясининг 2017 йил 4 июлдаги ажримига нисбатан келтирган назорат тартибидаги шикояти ўрганиб чиқилди.

Аниқланишича, даъвогар Э. Сафаров жавобгарлар «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» савдо комплекси» МЧЖ, Қарши шаҳар ҳокимлиги ва Қарши шаҳар «Ермулккадастр» ДКга нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда жавобгар «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» савдо комплекси МЧЖни Қарши шаҳар Жайҳун кўчасида жойлашган ўзига тегишли Қурилиш материаллари бозоридан мажбурий тартибда чиқариш ва ушбу мажмуани қайтариб олиш, иншоотни ўзини номига давлат рўйхатидан ўтказиш мажбуриятини Қарши шаҳар «Ермулккадастр» ДКга юклашни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди апелляция инстанциясининг 2017 йил 4 июлдаги ажрими билан ўзгаришсиз қолдирилган Қарши туманлараро судининг 2016 йил 8 июлда қабул қилинган ҳал қилув қарори билан Э. Сафаровнинг даъво талаблари рад қилинган.

Даъвогар Э. Сафаров назорат тартибидаги шикоятида суд қарорларини бекор қилишни сўраган.

Қуйидагиларга кўра, даъвогар Э. Сафаровнинг назорат тартибидаги шикоятини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқиш учун асослар мавжуд эмас деб ҳисобланган.

Суд ҳужжатларидан кўринишича, Қарши шаҳар ҳокимининг 2001 йил 12 январдаги Х-19/1-сонли қарори билан Қарши шаҳар «Чори-С» хусусий фирмасига «Қурилиш материллари бозори» қуриш учун Қарши шаҳар Жайҳун кўчасидан 3,8 га ер майдони ажратилган.

Қарши шаҳар «Чори-С» хусусий фирмаси 2001 йил 16 июнда нотариал тасдиқланган шартномага биноан бозор мажмуасини Э. Сафаровга ҳадя қилган.

Қашқадарё вилоят Адлия бошқармасида 2003 йил 2 декабрда Қарши шаҳар «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» савдо комплекси» МЧЖ 38-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилиб, МЧЖ Уставининг таъсисчилари сифатида Қарши шаҳар ҳокимлиги 51 фоизни, қолган 49 фоизи эса Э. Сафаров улушга эга бўлган.

2004 йил 15 апрелда нотариал тасдиқланган олди-сотди шартномасига асосан Э. Сафаров қурилиш материллари бозорини Т. Сафаровга сотган.

Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судининг 2007 йил 10 июлдаги ҳал қилув қарори билан қайд этилган олди-сотди шартномаси ҳақиқий эмас деб топилиб, Э. Сафаров «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» савдо комплекси» МЧЖнинг таъсисчилар сафидан чиқарилган, қурилиш материаллари бозори номи ўзгартирилиб, «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» савдо комплекси» МЧЖ деб қайтадан номлаш мажбурияти юклатилган.

Суднинг ушбу ҳал қилув қарорида кўрсатилишича, қурилиш материаллари бозори алоҳида юридик шахс сифатида ташкил этилмаган ёки шу номдаги юридик шахс мавжуд бўлмасдан фақатгина кадастр ҳужжатларида қайд этилганлиги, қурилиш материаллари бозоридан «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» савдо комплекси» МЧЖ фойдаланиш ҳуқуқи билан эгаллаб келган бўлса-да, 2004 йил 15 апрелда бозор сотилиб кетилганлиги аниқланган.

Қарши шаҳар ҳокимининг 2014 йил 30 декабрдаги Х-1493/12-сонли қарори билан «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» савдо комплекси» МЧЖ номига қурилиш материаллари бозори давлат рўйхатидан ўтган ва бу ҳақда гувоҳномалар берилган.

Демак, қурилиш материаллари бозори «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» савдо комплекси» МЧЖ мулкдор ҳисобланади ҳамда унда даъвогар Э. Сафаров мулкдор ҳисобланмайди.

Аксинча, «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» савдо комплекси» МЧЖ Низомининг 1.3-бандида МЧЖ таъсисчилари сифатида Қарши шаҳар ҳокимлиги 51 фоиз, қолган 49 фоизи эса Б. Аллашев улушга эга ҳисобланади.

Судлар қонун талаби ва аниқланган иш ҳолатларидан келиб чиқиб, даъвогарнинг даъво талабларини рад қилиш ҳақида қонуний ва асосли хулосага келган.

Шундай хулосага келишда, судлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 164-моддасига асосланиб, тарафларнинг ўрталарида бўлган муносабатларга тўғри баҳо берилган.

Шунга кўра, даъвогар Э. Сафаровнинг шикояти бўйича суд ҳужжатларини назорат тартибида қайта кўриш учун асослар мавжуд эмас деб топилган.

Бундан ташқари, Э. Сафаровнинг ишончли вакили Ч. Сафаров суд қарорларидан норози бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг қабули ҳамда раис ўринбосарининг сайёр қабулида топширган шикояти фуқаролик иши асосида такроран ўрганиб чиқилди.

Аниқланишича, фуқаролик ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди апелляция инстанциясининг 2017 йил 4 июлдаги ажрими билан ўзгаришсиз қолдирилган Қарши туманлараро судининг 2016 йил 8 июлда қабул қилинган ҳал қилув қарори билан даъвогар Э. Сафаровнинг жавобгарлар «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» МЧЖ, Қарши шаҳар ҳокимлиги ва Қарши шаҳар «Ермулккадастр» ДКга нисбатан жавобгар «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» МЧЖни Қарши шаҳар Жайҳун кўчасида жойлашган ўзига тегишли «Қурилиш материаллари бозори»дан мажбурий тартибда чиқариш, ушбу мажмуани қайтариб олиш, иншоотни ўзини номига давлат рўйхатидан ўтказиш мажбуриятини Қарши шаҳар «Ермулккадастр» ДКга юклаш ҳақидаги даъво талаблари рад қилинган.

Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судининг 2007 йил 10 июлдаги ҳал қилув қарори билан Э. Сафаров томонидан низоли қурилиш материаллари бозорини Т. Сафаровга сотиш ҳақидаги 2004 йил 15 апрелда нотариал тасдиқланган олди-сотди шартномаси ҳақиқий эмас деб топилиб, Э. Сафаров «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» МЧЖнинг таъсисчилар сафидан чиқарилган, қурилиш материаллари бозори номи ўзгартирилиб, «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» деб қайтадан номлаш мажбурияти юклатилган.

Гарчи, шикоят важларида низоли мулк Қарши шаҳар «Чори-С» хусусий фирмаси томонидан 2001 йил 16 июнда нотариал тасдиқланган шартномага биноан Э. Сафаровга ҳадя шартномаси асосида расмийлаштириб берилганлиги, Э. Сафаровга «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» МЧЖнинг уставдаги (49%) тегишли улуши низоли мулк билан эмас балки пул шаклида шакллантирилганлиги, суд қарори билан низоли мулк «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» МЧЖнинг мулки деб топилмаганлиги ва унинг номига ўтказилмаганлиги, ҳозирги кунда низоли мулк Э. Сафаровга тегишли эканлигини кўрсатилган бўлса-да, ушбу важлар Қарши шаҳар ҳокимининг 2014 йил 30 декабрдаги Х-1493/12-сонли қарори билан инкор этилади. Зеро, ҳокимликнинг ушбу қарори билан низоли мулк «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» МЧЖ номига эгалиги белгиланган ва тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда бу ҳақда гувоҳномалар берилган.

Бундай ҳолатда, низоли мулк Э. Сафаровга тегишли деб бўлмайди ва иш бўйича қабул қилинган суд қарорлари қонуний ва асосли чиқарилган ҳисобланади. 

Шу билан бирга, Ч. Сафаровга Э. Сафаров томонидан «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» МЧЖ устав фондига киритилган 49 фоиз улушини мазкур МЧЖдан талаб қилиш ҳуқуқи борлиги тушунтирилган.

2017 йил 1 апрелга қадар амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 350-моддаси 4-қисмига кўра, ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан бошлаб уч йил ўтгандан сўнг берилган аризалар кўрилмайди.

Назорат тартибида шикоят келтириш муддати қатъий бўлиб, унинг тикланиши назарда тутилмаганлиги сабабли Ч. Сафаровнинг шикояти кўрилмасдан қолдирилган», – дейилади Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати томонидан Kun.uz’га тақдим этилган муносабатда.

Мавзуга оид