Украинанинг собиқ президенти: Зеленскийда “парчаланган” Украинани бирлаштиришга имкон бор
Украинанинг собиқ президенти Виктор Янукович Майдандаги воқеаларнинг 6 йиллиги муносабати билан ҳамюртларига мурожаат қилди ва ўша воқеаларни “Украинани парчалаган давлат тўнтаруви” деб атади. Януковичнинг айтишича, амалдаги президент Владимир Зеленскийда Украинани “бирлаштиришга имкон бор”.
Собиқ президентнинг таъкидлашича, Зеленскийнинг Украина президенти лавозимидаги илк ҳаракатлари “мамлакатда тинчлик, адолат ва барқарорлик ўрнатилишига умид беради”. Собиқ президентнинг украиналикларга мурожаати матнини Facebook’да унинг адвокати Виталий Сердюк эълон қилган.
Януковичнинг айтишича, Киевдаги 2014 йилги норозиликлар кўплаб фуқаролар учун “Украина тарихида қора саҳифа очган даҳшатли фожиа”га айланди.
“Давлат тўнтаруви етакчилари ўзининг қонли йўлини Майданда бошлади ва оқибатларини ўйлаб ўтирмай, уни Донбассга кўчирди”, деб айтган собиқ президент.
Унинг фикрича, Майдандаги воқеалар Украинани парчалашда давом этмоқда. Бунга мамлакатнинг 5-президенти Пётр Порошенко ва унинг “шериклари” сабабчи ҳисобланади. Януковнинг айтишича, 2014 йилги воқеаларга қарши бўлганлар “ўз давлатида бегонага айланди”.
У, шунингдек, Порошенкони Украина шарқида ихтилофни авж олдиришда ва ундан “коррупция ва мародёрлик учун ниқоб сифатида фойдаланишда” айблаган. Бунинг натижасида, мамлакат иқтисодиёти барбод бўлган, одамлар эса “адолат, қонун устуворлиги, сўз эркинлигига ишончни” йўқотишган.
Шу билан бирга собиқ президент амалдаги президент Владимир Зеленскийни қўллаб-қувватлаб, унинг жамоасида “Украинани яна бирлаштиришга имкон борлигини” таъкидлаб ўтган. Януковичнинг айтишича, ҳақиқат ва адолат учун кураш “мамлакатни ҳақиқатан яхши кўрувчи кучли одамларни тобора бирлаштирмоқда”.
Виктор Янукович 2010-2014 йиллар давомида Украина президенти лавозимини эгаллаган. Евромайдан воқеаларидан кейин у Россияга қочишга мажбур бўлган. Украинада унга қарши жиноий ишлар қўзғатилган. 2019 йил январда Киев суди Януковични давлатга хиёнат қилиш ва “Украинага қарши тажовузкор уруш олиб боришда” шерикчилик қилишдаги айблов билан сиртдан 13 йилга озодликдан маҳрум қилган.
Мавзуга оид
09:22
Украиналик фаоллар яна Навалнаянинг нутқини тўхтатишга уринди
07:56
Пентагон Украинага ёрдам учун қолган пул миқдорини эълон қилди
21:13 / 12.11.2024
Суджаликлар яна бир бор ўз яқинлари эвакуацияси учун гуманитар йўлак сўради
20:43 / 12.11.2024