Ўзбекистон | 11:36 / 26.02.2020
4957
2 дақиқада ўқилади

«Меҳрибонлик» уйларида тарбияланган ёшларнинг жамиятга ижтимоий мослашувидаги энг асосий муаммолар саналди 

“Меҳрибонлик” уйларини битирган битирувчиларнинг аксарияти ўрта махсус таълим юртини тугатгандан кейин ўз мутахассислиги бўйича иш топа олмаяпти

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

2020 йил 25 февраль куни Сенат Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда сенаторлар, вазирлик ва идоралар мутасаддилари, олимлар ва мутахассислар, “Меҳрибонлик” уйлари ҳамда SOS Тошкент шаҳридаги болалар маҳалласи вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Сенат ахборот хизмати хабарига кўра, мажлисда ота-оналар қаровисиз қолган, “Меҳрибонлик” уйларида тарбияланган ёшларнинг жамиятга ижтимоий мослашувидаги долзарб масалалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўровининг натижалари тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари билан бирга дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Мажлисда соҳада учраётган муаммоларга эътибор қаратилди. Жумладан, “Меҳрибонлик” уйларида ёшларни ижтимоий ҳаётга тайёрлашда кўплаб муаммолар мавжудлиги, уларда шахсий турар жойнинг йўқлиги, ишга киришда кўплаб қийинчиликлар юзага келаётганлиги “Меҳрибонлик” уйларида тарбияланган ёшларнинг жамиятга ижтимоий мослашувида энг асосий муаммоси эканлиги таъкидланди. 

Етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларга ота-она қарамоғисиз қолган болаларга муниципал ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидаги ўзлари яшаб турган турар жойларни улар “Меҳрибонлик” уйларига жойлаштирилган, васийлик ёки ҳомийлик органининг розилигига кўра васийликка ёки ҳомийликка олувчи билан бирга яшаётган бутун вақт мобайнида, ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар бронлаштириш ҳуқуқини амалга ошириш механизмини шакллантириш муҳимлиги айтиб ўтилди.

“Меҳрибонлик” уйларини битирган битирувчиларнинг аксарияти ўрта махсус таълим юртини тугатгандан кейин ўз мутахассислиги бўйича иш топа олмаслиги тўғрисида фикр юритилди.

Мазкур парламент сўрови натижалари 28 февраль куни бўлиб ўтадиган парламент юқори палатасининг иккинчи ялпи мажлисида муҳокама қилиниши ва Сенатнинг тегишли қарори қабул қилиниши режалаштирилган.

Мавзуга оид