Жамият | 22:21 / 01.03.2020
38372
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда шаҳар кўчасини яланғоч кезган йигитларга маъмурий баённома расмийлаштирилди

Самарқанд шаҳрининг Сартепа массивида кечаси қип яланғоч юрган икки йигит тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди. Вилоят ИИБ ахборот хизмати Kun.uz`га воқеа тафсилотларини келтириб ўтди.

Фото: Самарқанд вилоят ИИБ ахборот хизмати

Маълум бўлишича, 29 февраль куни соат тахминан 23:00лар атрофида Самарқанд шаҳридаги Туркистон ва Амир Темур кўчалари кесишмасида яланғоч ҳолда кўчада юрган шахслар ҳақида ички ишлар органларига маълумот келиб тушади.

Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ ходимлари томонидан ушбу шахслар ушланиб, навбатчилик қисмига олиб келинган ва уларнинг шахсига аниқлик киритишган.

Шаҳар кўчасида жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан юриб, майда безорилик содир этган шахслар — Жомбой туманида туғилган 44 ёшли Ж.Н ва 28 ёшли Ў.Т. экани аниқланган.

Шунингдек, шу туманда истиқомат қилувчи 41 ёшли Х.Д. уларни ўз автомашинасига миндирган.

Улар билан ўтказилган суҳбат давомида Ж.Н. шу куни ҳамқишлоғи Ў.Т. билан меъёридан ортиқ спиртли ичимлик истеъмол қилгани ва кўчада нима иш қилганлигини ўзлари ҳам англамаганини айтган. Шунингдек, улар гаров ўйнаб бу ишни қилганини рад этишган.

Уларни машинасига миндирган ҳайдовчи Х.Д.нинг айтишича, ҳамқишлоқлари Ж.Н. ва Ў.Т. соат 23:00 атрофида унга қўнғироқ қилиб, Самарқанд шаҳридан олиб кетишини сўраган.

«Уларни олиб кетиш учун Жомбойдан Самарқандга келганимда, улар кучли даражада маст эди. Машинамга миндирмоқчи бўлганимда улар кийимларини ечиб, «бу светофордан кейинги светофоргача яланғоч ҳолатда борамиз», дейишди. Мен уларни бу йўлдан қайтаришга ҳаракат қилдим, аммо улар гапимга қулоқ солишмади. Иккисига кучим етмади. Улар «кейинги светофорнинг олдидан олиб кетасан», дейишди.

Светофорга келганимда иккаласи машинамга минишди. Шу вақт бошқа ҳайдовчилар келиб, бизни тўхтатишди», – деган гувоҳнинг сўзларини келтирмоқда вилоят ИИБ ахборот хизмати.

Ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Ҳуқуқбузарлар БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солиниши ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўлланиши мумкин.

ИИБ ҳолат юзасидан суд қарори ҳақида қўшимча хабар берилишини маълум қилди.

Мавзуга оид