Ўзбекистон | 14:18 / 04.03.2020
10109
9 дақиқада ўқилади

Фуқароларни ҳарбий рўйхатга олишни ташкил этиш тўғрисидаги йўриқнома эълон қилинди

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳарбий рўйхатга олишни ташкил этиш ва юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома тасдиқланади

Фото: KUN.UZ

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳарбий рўйхатга олишни ташкил этиш ва юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.

Йўриқномага кўра, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш - Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир.

“Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ҳарбий хизмат муддатли ҳарбий хизмат, сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат, контракт бўйича ҳарбий хизмат ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида ҳарбий хизматни ўтаган резервчилар хизмати каби хизмат турларидан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари захирасида ва резервида турувчи фуқаролар - ҳарбий хизматга мажбурлар деб, ҳарбий хизматга чақириладиган ва туман (шаҳар) чақирув участкаларида қайд этилган шахслар - чақирилувчилар деб аталади.

Ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар ҳарбий рўйхатдан ўтишлари зарур. Тиббий тайёргарликка ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган рўйхатдаги тегишли ҳарбий ихтисосликка турдош касб бўйича тайёргарликка эга бўлган аёллар жинсига мансуб шахслар ҳарбий хизматга мажбурлар ҳарбий рўйхатига киритилади.

Ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларни ҳарбий рўйхатдан ўтказиш давлатдаги мавжуд ва ҳарбий хизматга яроқли чақирилувчилар ресурсларини ҳисобга олиш ҳамда таҳлил қилишнинг умумдавлат тизими ҳисобланади. У жойлардаги бошқарув ва давлат ҳокимияти органлари, маҳаллий ҳарбий бошқарув органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхона, муассаса, ташкилотлар, шу жумладан, таълим муассасаларининг раҳбарлари томонидан идоравий мансублиги ва мулкчилик шаклларидан қатъий назар яшаш, ишлаш ва ўқиш жойлари бўйича олиб борилади.

Ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларни ҳарбий рўйхатга олиш тизими мамлакатда амал қилувчи паспорт тизими билан боғлиқ ҳолда юритилади. Рўйхатга олиш тизимининг фаолият кўрсатиши Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳокимликлари томонидан таъминланади.

Ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларнинг ҳарбий рўйхати умумий, махсус ва шахсий рўйхатга бўлинади.

Махсус ҳарбий рўйхатда сафарбарлик даври ва уруш даври учун давлат бошқаруви органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга бронлаштириб қўйилган ҳарбий хизматга мажбурлар турадилар.

Умумий ҳарбий рўйхат сафарбарлик даври ва уруш даври учун давлат бошқарув органлари, корхона, ташкилот ва муассасаларга бронлаштирилмаган ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларни шахсий рўйхатга олиш ва назорат қилиш учун мўлжалланган. Ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларни шахсий рўйхатга олиш туман (шаҳар) мудофаа ишлари органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан, шунингдек ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар ишлайдиган ёки ўқийдиган корхона, муассаса, ташкилот ва таълим муассасалари томонидан амалга оширилади.

Ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий хизматга мажбурлар оддий аскар, сержант ва офицерлар таркибига бўлинади. Ҳарбий хизматга мажбурлар резервдаги ва захирадаги ҳарбий хизматга мажбурларга бўлинади.

Резервдаги ҳарбий хизматга мажбурлар таркибига муддатли ҳарбий хизматни, контракт бўйича ҳарбий хизматни, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўтаган фуқаролар киради.

Муддатли ҳарбий хизматга чақирилишдан (саломатлигига кўра ҳарбий рўйхатдан чиқарилганлардан ташқари) ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматдан озод этилган ҳарбий хизматга мажбурлар, ҳарбий хизматни ўтамаган офицерлар, ҳарбий ҳисобдаги ихтисослиги бўлган аёллар, шунингдек муқобил хизматни ўтаган фуқаролар захирадагилар ҳарбий рўйхатига қўйилади.

Резервдаги ҳарбий хизматга мажбурлар уларга берилган ҳарбий унвонига мос равишда “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервида хизмат” Қонуни талаблари асосида ҳарбий рўйхатда туради.

Резервда ва захирада бўлиш ёшининг чегарасига етган ёки саломатлигига кўра белгиланган тартибда ҳарбий ҳисобдан чиқарилган ҳолда ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилган ҳарбий хизматга мажбурлар мудофаа ишлари органлари томонидан истеъфога чиқарилиб, ҳарбий рўйхатдан чиқарилади.

Туман (шаҳар) чақирув ҳудудларида қайд этилган фуқаролар қайд қилинган кундан бошлаб, муддатли ҳарбий хизматга чақирилгунга қадар ёки захирага ўтказилгунга қадар чақирилувчилар ҳарбий рўйхатида туради. Чақирилувчиларнинг рўйхатда туриш ёшининг чегараси – 27 ёш деб белгиланган.

Сафарбарлик чақируви резерви хизматчиларини ҳарбий рўйхатга олиш мудофаа ишлари бўлимлари томонидан ҳисобга олиш карточкалари алоҳида картотекага ажратилган ҳолда алоҳида амалга оширилади.

Улар 27 ёшга тўлгандан кейин иккинчи тоифали резерв ҳарбий хизматга мажбурларнинг умумий рўйхатига ўтказилади.

Сафарбарлик чақируви резерви хизматчиси ёки резервнинг ҳарбий хизматга мажбури белгиланган тартибда тинчлик даврида ҳарбий хизматга яроқсиз, уруш даврида чекланган равишда ҳарбий хизматга яроқли деб топилган тақдирда, захирага ўтказилиши керак.

“Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 43-моддасига мувофиқ ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларнинг ҳарбий рўйхати уларнинг турар жойлари бўйича олиб борилади ҳамда умумий ва махсус рўйхатга бўлинади.

Ҳарбий рўйхатни юритиш ҳокимиятларда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида, корхона, ташкилот ва муассасаларда битта ишчига тўғри келадиган иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда ҳарбий рўйхатга олиш билан шуғулланувчи ишчилар тайинланади:

а) ҳокимиятларда ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида:

агар рўйхатда 500 нафардан 1000 нафаргача ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар мавжуд бўлса, ҳарбий рўйхатни юритиш учун штатда битта ходим, рўйхатда 1000 нафардан 2000 нафаргача ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар бўлса, иккита ходим ва бундан кейинги ҳар бир 1000 нафар ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар учун – бир нафардан ходим ажратилади;

б) корхона, муассаса, ташкилот ва таълим муассасаларида:

агар рўйхатда 500 нафардан 1000 нафаргача ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар мавжуд бўлса, битта алоҳида ходим, 2000 нафардан 4000 нафаргача ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар бўлса – икки нафар ходим, рўйхатда 4000 нафардан 7000 нафаргача ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар бўлса – уч нафар ходим ва бундан кейинги ҳар 3000 нафар ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар учун – бир нафардан ходим ажратилади.

Ҳокимликлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, идоравий мансублиги ва мулкчилик шаклларидан қатъий назар, корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларда, шу жумладан таълим муассасаларида ҳисобда 500 нафардан кам ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар бўлганда ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларни ҳарбий рўйхатга олиш ва бронлаштириш ишлари белгиланган тартибда ҳокимлик, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, корхона, ташкилот ва муассасанинг, шу жумладан таълим муассасасининг ходимларидан бирига ўриндошлик бўйича юкланади.

Ҳарбий рўйхатга олиш билан шуғулланувчи ходимларни тасдиқлаш, алмаштириш ва ишдан бўшатиш тегишли равишда туман (шаҳар) ҳокими, фуқаролар йиғини кенгаши, идоравий мансублиги ва мулкчилик шаклларидан қатъий назар корхона, муассаса, ташкилот ва таълим муассасаси раҳбарлари томонидан мудофаа ишлари бўлимлари бошлиқлари билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларни рўйхатга олишни ташкил этиш ва юритиш бўйича ишларга умумий раҳбарлик қилиш, ҳокимликлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида, идоравий мансублиги ва мулкчилик шаклларидан қатъий назар корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва таълим муассасаларида ушбу ишларнинг ҳолати устидан назорат қилиш Мудофаа вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идораларига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларни шахсий рўйхатга олиш зиммасига юкланган ўзларига қарашли корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, таълим муассасалари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларни рўйхатга олишнинг ҳолати устидан назорат қилиш вазифаси юкланади.

Мавзуга оид