Ўзбекистон | 21:18 / 04.03.2020
28889
3 дақиқада ўқилади

Uzbekistan Airways: Жанубий Кореядан фуқароларни қайтариш эвакуация эмасди

Тегишли вазирликлар томонидан эвакуация, дея баҳоланган бу рейс бўйича айрим саволлар туғилди.

Жорий йилнинг 1 март куни куни Тошкент вақти билан соат 2:40да бир гуруҳ юртдошларимиз Сеулдан Тошкентга етиб келди. Шундан кейин Ўзбекистон томонидан Япония, Италия, Афғонистон ва Эрон каби қатор давлатларга авиақатновлар чекланди. Кейинчалик Ташқи ишлар вазирлиги Жанубий Кореядан авиақатновлар сони ҳафтасига 1та рейсгача қисқартирилгани, Ўзбекистонга келувчи йўловчилар учиб келишлари билан 14 кун давомида карантинда бўлиб туриши эълон қилинди.

Тегишли вазирликлар томонидан эвакуация дея баҳоланган бу рейс бўйича айрим саволлар туғилди. Биз бу саволларга жавоб олиш учун Uzbekistan Airways авиакомпанияси матбуот хизмати билан боғландик:

– 1 март куни Сеулдан Тошкентга келган рейс қандай мақомда эди? Бу рейсда Жанубий Корея Республикасидаги фуқаролар эвакуация қилингани айтилди. Ижтимоий тармоқларда бу чартер рейс эмас, одатий рейс бўлгани айтилмоқда. Умуман эвакуация жараёни қандай тартибда ва қандай шартлар билан амалга оширилади?

Uzbekistan Airways:

– 1 март куни Uzbekistan Airways’нинг HY513/514 рейси амалга оширилган. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг қарорига биноан Тошкент-Сеул-Тошкент йўналишига 2та, Жанубий Корея Республикасининг авиакомпаниялари Korean Air, Asiana Airlines ҳамда Uzbekistan Airways авиакомпанияси ҳафтасига ҳар бири биттадан мунтазам рейс амалга оширишига рухсат берилган. Эвакуация жараёни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг йўриқномаси асосида амалга оширилиши керак. 

– Умуман, чартер рейс атамасининг таърифи ва талаблари қанақа? Бундай рейсда чипталар тўлови ким томонидан амалга оширилади? Март ойи давомидаги рейсларга чипта олган ўзбекистонликларга қандай жавоб қайтарилмоқда?

Uzbekistan Airways:

– Чартер қатновлари бу махсус буюртма асосида йўловчиларни ташиш мақсадида ташкил этиладиган рейслардир. Чартер қатновлари буюртмачиси – давлат ташкилотлари, туристик фирмалар ва ҳар хил турдаги тижорат ташкилотлари бўлиши мумкин. Ушбу қатновларда, буюртмачи ҳаво кемасининг барча харажатларини (аэропортдаги барча тўловлар, кейтеринг, ёқилғи, экипаж тўловлари, меҳмонхона ва бошқалар) тўлиқ қоплаб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Шу билан бир қаторда чартер қатновларига чипталар баҳосини буюртмачи ўз хоҳишидан келиб чиқиб ўрнатади. Чипталар буюртмачи тақдим этган рўйхат асосида ёзилади.

Бугунги кунда, март ойида Жанубий Корея Республикасига чартер қатновларини ташкил этиш тўғрисида Uzbekistan Airways авиакомпаниясига буюртмалар тушмаган. Март ойи давомида рейсларга чипта олган йўловчилар чипта учун кетказилган моддий харажатларини, чипталарни қаердан харид қилиб олган бўлсалар мурожаат орқали қайтариб олишлари мумкин.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид