Freedom House ҳисоботи: Ўзбекистон эркинлик даражаси энг қуйи давлатлар қаторида қолмоқда
Freedom House ташкилоти жаҳон мамлакатларидаги эркинлик даражасига оид анъанавий йиллик ҳисоботини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистон ҳамон эркинлик даражаси энг қуйи давлатлар тоифасида қолмоқда.
2019 йил якунлари бўйича Ўзбекистон 100 баллик шкалада 10 балл тўплаган. Бунда республикага сиёсий ҳуқуқлар бўйича 40 баллдан 2, инсон эркинликлари бўйича 60 баллдан 8 балл берилган.
Янги ҳисоботда Ўзбекистон ва Беларусдаги парламент сайловлари мухолиф партияларсиз ўтгани айтилган.
«Натижада қонун чиқарувчи ҳокимият тўлалигича ҳукуматга ён босувчи гуруҳлар қўлида қолмоқда», – дейилади Freedom House шарҳида.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 22 декабрь ва 2020 йил 5 январь кунлари Ўзбекистонда парламент ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига сайловлар бўлиб ўтди. Жараённи ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари Бюросининг тўлиқ миқёсдаги миссияси кузатиб борди. Миссия раҳбари Тана де Зулуета сайловдан кейинги матбуот анжуманида ютуқларни санаб, кўзга ташланган камчиликларни ҳам айтиб ўтганди.
«Хулосаларга кўра, ҳисоблаш жараёнлари охиригача силлиқ ўтмаган. Қонунда белгиланган процедураларга тўлиқ амал қилинмагани, натижалар ўзгаргани кўринди. Баъзи жойларда рақамлар камроқ эди. Ишлатилмай қолган бюллетенларни ҳеч ким ҳисоблаб чиққани йўқ. Ҳисоблар охиригача олиб борилмаган ҳолларни ҳам кўрдик. Кўрсаткичларнинг аниқлигига ишонч ҳосил қилиш учун бирор киши, холис одам қайта санаб чиқмади. Хавфсизлик таъминланмаган каналлар орқали маълумотлар алмашинуви амалга оширилган ҳоллар ҳам кузатилган» - деганди миссия раҳбари.
ЕХҲТнинг Парламент ассамблеяси миссияси раҳбари Кари Хенриксен ҳам сайлов жараёнлари камчиликлардан холи бўлмаганини айтган. «Ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ислоҳотлар бўлиб ўтгани, улар керакли йўналишда олиб борилаётгани қайд этилганига қарамай, сиёсий вариантлар диапазони жуда чекланганлигича қолмоқда», – деганди у.
«Демократия ва плюрализмга ҳужум»
Freedom House'нинг анъанавий тадқиқоти 195та мамлакатни қамраб олган бўлиб, улардан 83тасида (картада яшил) эркинлик, 63тасида (сариқ) қисман эркинлик бор. Эркинлик бўлмаган мамлакатлар эса 49та (бинафшаранг).
Тадқиқотчиларга кўра, глобал эркинлик даражаси қаторасига 14 йилдан буён пасайяпти.
Бир йил олдинги рейтинг билан таққослаганда, 64та мамлакатда сиёсий ҳуқуқлар ва инсон эркинликлари даражаси пасайгани кузатилган. Бу борада ўсишга эришган давлатлар сони эса 37та.
Бу йилги ҳисоботга «Демократия учун лидерларсиз кураш» дея ном берилган. Кириш қисми эса қуйидаги жумла билан бошланади: «Демократия ва плюрализм зўравонлик остида».
Тадқиқотга кўра, дунё бўйлаб нафақат диктаторлар ўз таъсир доираларини кенгайтиришга уринмоқда, балки ҳалол йўл билан сайланган лидерлар ҳам «миллий манфаат» тушунчасини тобора торроқ концептда тушуна бошлашяпти.
«Факт шуки, бу каби лидерлар – шу жумладан жаҳондаги энг катта икки демократия бўлмиш АҚШ ва Ҳиндистондаги ижро ҳокимиятлари етакчилари ҳам – ўз популистик мақсадлари йўлида институционал кафолатларни камайтиришга уринмоқда, танқидчилар ва миллий озчилик вакилларининг ҳуқуқларини писанд этмаяпти», – дея хавотир билдирган Freedom House.
Мавзуга оид
17:37 / 12.11.2024
Ўзбекистон такси хизмати энг арзон давлатлар қаторига кирди
16:40 / 12.11.2024
Ўзбекистон сунъий интеллектга тайёрлик рейтингида Марказий Осиёда сўнгги ўринни эгаллади
17:39 / 07.11.2024
БМТ Марказий Осиёда фуқаролиги бўлмаган шахслар сони камайганини қайд этди
16:52 / 07.11.2024