Жамият | 10:10 / 08.03.2020
25647
6 дақиқада ўқилади

Аёл лидер: Плюс ва минуслар нималардан иборат?

​​​​​​​Лидер деганда, одатда, кўз олдимизда эркак кишининг тимсоли жонланади. Аммо дунё сиёсати ва бизнес майдонида ном қозонган аёллар сони оз эмас. Ўзбекистонда ҳам аёл ҳокимлар сони 6 кишига етиши билан лидер аёллар мавзуси қизғин муҳокама объектига айланди. Хўш, аёл раҳбарларнинг ўзига хос хусусиятлари нималардан иборат? Қуйида шу ҳақда тўхталамиз.  

Фото: Ellevate network

Муқаддима. Mушук нега ҳақ?

«Алиса мўъжизалар мамлакатида» асарида Алиса ва Чешир мушуги ўртасида шундай бир суҳбат кечади:

«Алиса бир неча фунт наридаги дарахт шохида Чешир мушуги ўтирганини кўриб, хурсанд бўлиб кетди. Мушук эса унга жилмайиб қўйиш билангина кифояланди.

– Чешир мушуги, – дея ийманибгина мурожаат қилди қиз. – Илтимос, менга бу ердан қайси тарафга кетишим кераклигини айта оласанми?

– Бу катта эҳтимол билан қаерга кетмоқчи эканинг билан боғлиқ, – деди мушук.

– Қаерга кетишим унчалик аҳамиятга эга эмас.

– У ҳолда, қайси тарафга кетганинг ҳам у қадар муҳим эмас.

Алиса бирон изоҳ бериш мақсадида: «Майли, қаергадир борсам бўлгани», – деб қўшимча қилди. 

– Албатта, қаергадир борасан, – деди мушук. – Қилишинг керак бўлган ягона иш етарли даражада йўл босишингдир».

Чешир мушуки ҳақ. Агар қаерга йўл олганингизни билмасангиз, ҳар қандай йўлни танлашингиз мумкин. Аммо мўлжални аниқ олсангиз, лозим иш бажарилиши учун нафақат ўзингизни, балки бошқаларни ҳам ҳаракатга келтира оласиз, уларни илҳомлантирасиз. Бу – лидерлик демакдир. Лидерликда эса нима қилганингиз эмас, балки сизнинг таъсирингиз остида бошқаларнинг нима қилгани кўпроқ аҳамиятга эга.

Қачондан бошлаб аёллар раҳбарлик лавозимига ўта бошладилар?

Замонавий дунёда бошқарувнинг анъанавий моделлардан узоқлашиши, технологиянинг ривожланиши ва маълумотларга киришнинг қулайлиги ҳар бир жабҳада ўзига хос эволюция яратди. Ушбу эволюция аёлларга кўпроқ ёрдам берди ва аёллар ташкилотларда раҳбар лавозимларига ўта бошладилар. Ҳозирда S&P 500 (Американинг Standard & Poor’s томонидан рўйхатга олинган 500тa йирик компанияси) рейтингида бош директорлик лавозимидаги аёллар сони 4,6 фоизни ташкил этади. Аммо тизимли бошқарув шаклланмаган, ўтмишдаги стереотип ва босимлардан тўлиқ халос бўлишга улгурмаган Ўзбекистон шароитида аёл раҳбарларга осон бўлмаётгани, осон бўлмаслиги аниқ. Аммо чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди.

Аёл раҳбарларнинг ўзига хос хусусиятлари нималарда кўринади?

Мулоқотдаги табиий инстинкт эгалари

Бугун ҳар бир соҳада малакали алоқачиларга эҳтиёж бор ва аёллар бу борада жуда муваффақиятлидирлар. Мулоқотдаги табиий инстинктига кўра, аёллар эркакларга қараганда муносабатларни бошқариш соҳасида кўпроқ стратег бўлишлари мумкин. Ушбу хусусиятлар билан аёллар ташкилий маданиятни кучайтириш, ташкилотнинг обрўсини ошириш ва корпоратив ижтимоий жавобгарлик лойиҳаларини амалга оширишни таъминлайдилар.

Ўз стандартларини ўрнатадилар

Кучли аёл етакчиларга қараганимизда баъзи умумий хусусиятларни кўрамиз: муваффақиятли аёл раҳбарлар ўз стандартларини ўрнатадилар ва бу учун курашадилар. Баъзан жиддий танқидга дучор бўлишларига қарамай, стандартлар курашида ўзларини профессионалларга хос тарзда тута оладилар.

Ижобий энергия – уларнинг ҳамроҳи

Ўзи ва ўзгаларнинг кучини оширишга интиладиган аёл раҳбарлар ҳаётга ранг олиб кирадилар. Тартибли овқатланиш, ранг-баранг кийиниш, қаҳқаҳа отиш, рақсга тушиш кўплаб аёлларга хос хусусият бўлиб, бу хусусиятлар улар раҳбарлик қилаётган ташкилотнинг энергиясини юқорига кўтаради.

Стрессга қарши курашда устундирлар

Ҳатто оилавий муҳитда ҳам жуда кўп ҳолларда инқироз ва кескинликларни бошқаришга эришадилар: оила аъзолари олдида юзага келадиган ҳар қандай хавфли белгиларни олдиндан сезиб, эҳтиёткорлик чораларини кўрадилар. Аёллар севги, мувозанат, хавфни сезиш, конструктив ёндашув орқали стрессни осон енга оладилар.  

Кўп қирралилик

Ҳатто фарзандлари, оналик ташвишлари, уй юмушлари ҳақидаги суҳбатлар чоғида ҳам ишхонадаги вазифалари ҳақида қайғура олишлари мумкин.

Ўзининг кўп қиррали бўлишини таъминлаш нуқтайи назаридан аёллар эркак жинсга нисбатан қатъиятлидирлар. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, индивидуал таълимда қатнашадиган аёллар улуши 80 фоизни ташкил этади. Ўз эгоизмини бошқариш орқали кўпроқ саволлар бериб, илҳом олиш истагидаги қизиқувчан аёл раҳбарлар мукаммалликни излаётган иштиёқли издошлар сифатида намоён бўладилар.

Яхши тингловчидирлар

Табиатан меҳрибон аёл раҳбарлар – яхши тингловчилардир. Яхши тингловчи бўла олиш эса муаммоларни ҳал қилишда муҳим аҳамиятга эга. 

Ҳар доим ҳақ ва сўнгги сўзни айтишга мажбур бўлмаган аёллар экотизимлар яратиш ва фикрларни умумлаштириш орқали ҳамкорликда ҳаракат қилишдан мамнуният туядилар.

Эркак ва аёллар: Лидерлик услубларида қандай фарқлар бор?

Етакчилик алоқа қобилиятлари билан чамбарчас боғлиқ, шу боис эркаклар ва аёлларнинг услуби бир-биридан фарқ қилади. Ушбу тафовутлар гендер хусусиятларидан келиб чиқади.

Жараёнми ёки стратегия?

Аёллар етакчилик услубида эркакларга қараганда кўпроқ жараён ва натижага эътибор қаратадилар: ишни ташкил қилиш, жараёнларни баҳолаш, юқори маҳорат мезонларини белгилаш, ишдан кўзланган мақсадга эришиб-эришилмаганини доимий назаорат қилиш, вақтга эътибор бериш ва натижага қараб ишлаш уларга хосдир.

Ўз навбатида, эркаклар «стратегик фикрлаш» тушунчасига кўпроқ эътибор қаратишади. Стратегик режалаштириш ва дунёқараш ҳақида қайғуриш, янги ғоялар учун очиқ бўлиш, хавфни осон қабул қилиш, интеллектуал бойлик, ўтмишдан сабоқ чиқариш, келажакдаги имкониятларни осон кўра олиш уларга хос хусусиятдир.

Хулоса

Албатта, эркак ва аёл лидерларнинг хусусиятлари бир-биридан фарқ қилади. Устунлик масаласида тарозининг гоҳ у палласи, гоҳ бу палласи босиб кетади. Аммо нима бўлганда ҳам, аёл лидерлар дунёни ўзгартира олади: раҳбар сифатида, она сифатида, аёл сифатида. Зотан, мутафаккирлардан бири айтганидай, ер юзидаги жамики нарса аёл яратган асарлардир!  

Отабек Тиллаев

Мавзуга оид