Иқтисодиёт | 20:33 / 10.03.2020
32288
2 дақиқада ўқилади

Осиёнинг энг бой одами ўзгарди

Ҳиндистонлик бизнесмен Мукеш Амбани бир кунда 5,8 млрд доллар йўқотиб, Осиёнинг энг бой одами номини Alibaba эгаси Жек Мага бой берди.

Фото: Getty Images

Бу ҳақда Bloomberg ахборот агентлиги хабар берди

Reliane Industries холдинги эгаси Мукеш Амбани нефть нархи қулагани сабабли Осиёнинг энг бой одамлари рўйхатининг 2-ўрнига тушди. Bloomberg’нинг баҳолашича, Амбанининг айни вақтдаги бойлиги 41,8 млрд долларни ташкил қилмоқда. Тадбиркор дунёнинг энг бой одамлари рейтингининг 19-ўрнидан жой олмоқда. 

Жек Манинг активлари эса 44,5 млрд долларга баҳоланган ва у бу натижа билан энг бой одамлар рейтингининг 18-ўрнини эгалламоқда. Таъкидланишича, хитойлик бизнесмен мобил дастурларга талаб ошгани сабаб йўқотишларни минималлаштиришга муваффақ бўлган. Манинг йўқотишлари 1 млрд долларни ташкил қилган.       

Alibaba Group Хитойнинг энг йирик интернет-компанияси ҳисобланиб, электрон тижорат соҳасида фаолият юритади. Гуруҳ таркибига Alibaba Pictures, Alibaba.com, AliExpress.com, Taobao.com, Tmall.com кабилар киради.  

Reliance Industries Limited (RIL) корпорацияси углеводородлар қидириш ва қазиб олиш, нефтни қайта ишлаш ва нефть маҳсулотлари сотиш билан шуғулланади. Бундан ташқари, компания телекоммуникация бизнеси ва ритейл соҳасида ҳам ишлайди.  

Мавзуга оид