Осиёда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар нархи ишчи кучи етишмаётгани сабабли ошиши мумкин — WSJ
Бутун Осиё қитъасидаги фабрика ва заводлар ишчи кучи етишмаслиги муаммосига дуч келишмоқда. Чунки осиёлик ёшлар ишлаб чиқаришда ишлашдан воз кечиб, жисмонан енгил ва қизиқарли офисдаги меҳнат билан шуғулланиш ёки хизмат кўрсатиш соҳасида ишлашни афзал кўришмоқда.
Корхоналарига янги ходимларни жалб қилиш учун компаниялар Google ва Apple’даги сингари шароитлар ҳозирлашга, маошларни оширишга ёки ёши катта ишчиларни қайта ўқитишга мажбур бўлишмоқда, деб ёзади Wall Street Journal нашри. Буларнинг барчаси Осиёдаги арзон товарлар ишлаб чиқариш даври тарихга муҳрланишига замин яратмоқда.
Муаммо нимада?
Осиё қитъаси ўнлаб йиллар давомида жаҳондаги энг йирик «завод цехи» саналган, бу ерда ишлаб чиқарилган арзон маҳсулотлар бутун дунё бўйлаб савдога чиқарилган. Энди эса Осиё давлатларида ўз ишлаб чиқаришига эга бўлган глобал корпорациялар ташвишга тушиб қолишган: осиёлик ёшлар фабрикаларда ишлашни исташмаяпти. Ёш авлодни жалб қилиш учун компаниялар кўпроқ ҳаракат қилишга мажбур бўлишмоқда.
Instagram, TikTok ва бошқа ижтимоий тармоқларнинг тарбиясини олган осиёлик ёш мутахассислар бир томондан, фабрикалардаги оғир иш ўрнига енгилроқ меҳнат билан шуғулланишни исташмоқда. Иккинчи томондан, Осиёдаги демографик жараёнлар ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда: ёш оилалар фарзанд кўришга шошилмаяпти, ота-оналари сингари катта оила барпо этмоқчи эмас, шу сабабли яқинларини боқиш учун уларга катта маош ҳам керак эмас. Улар барқарор маош кетидан қувмасдан, ишини ҳам осонгина ўзгартира олишади, эркин иш графиги исташади ва фабрикалардаги қатъий кун тартибини ёқтиришмайди. Тобора ривожланиб бораётган хизмат кўрсатиш соҳаси уларга ўзлари истаётган имкониятни тақдим этмоқда.
Натижада, масалан, Хитойда парадоксал вазият кузатилмоқда: фабрикаларда ишчи кучи етишмаяпти, бироқ шаҳар ёшлари ўртасида ишсизлик июн ойида 21 фоизни ташкил этган.
Фабрикалар қандай йўл тутмоқда?
Ёшларни жалб қилиш учун фабрикалар меҳнат шароитини яхшилашга ва маошларни оширишга ҳаракат қилмоқда, ходимларга турли бонуслар тақдим этмоқда — ошхоналардаги овқатларни мазалироқ қилишдан тортиб, ходимларнинг фарзандлари учун болалар боғчаси очишгача.
WSJ нашри ёзишича, масалан, Виетнамдаги айрим тикув фабрикалари Google офисидек жиҳозланган — панорамали деразалар, қаҳвахоналар хизмат кўрсатиб турибди, ходимлар учун йога ва рақслар билан текинга шуғулланиш имконияти, компания ҳисобидан ҳар ойлик ҳордиқ чиқариш корпоративлари ташкиллаштирилмоқда.
Американинг ўйинчоқлар ва стол ўйинлари ишлаб чиқарувчи Hasbro компаниялари Виетнам ва Хитойдаги иш кучи етишмовчилиги харажатлар ошишига сабаб бўлганини маълум қилган. Барби қўғирчоқларини ишлаб чиқарувчи Mattel компанияси ҳам Осиёдаги ишчи кучи билан боғлиқ харажатларга дучор бўлган. Натижада ҳар икки компания ўз маҳсулотлари нархини оширишга мажбур.
Ўз пойабзалларининг катта қисмини Осиёда ишлаб чиқарувчи Nike компанияси ишчи кучига бўлган харажатлар кескин ошгани муносабати билан ишлаб чиқараётган маҳсулотлари нархи оширилишини эълон қилди.
Осиёда ишлаётган компанияларнинг айримлари эса ишлаб чиқаришни шаҳарлардан ишсизлик даражаси юқори бўлган узоқ қишлоқ ҳудудларига олиб ўтишмоқда. Бу ходимларни ёллаш билан боғлиқ муаммони ҳал қилгани билан, бошқа муаммони келтириб чиқармоқда: биринчиси, фабрикалар узоқда жойлашгани туфайли логистика билан боғлиқ муаммолар бўлса, иккинчиси, қишлоқ жойлардаги персоналларни ўқитиш билан боғлиқ ташвишлар.
Тайвандаги мебел фабрикаси эгаси WSJ’га ҳикоя қилиб беришича, қишлоқ жойда жойлашган персоналнинг бир қисми ўқишни яхши билмайди, шу сабабли вазифалар оғзаки шакллантирилади.
Ёш персонал етишмовчилиги туфайли компаниялар ёши ўтган ишчиларни ёллаш ва янги технологияларга ўқитишга мажбур бўлмоқда. Масалан, 2001 йилда Nike компаниясининг 80 фоиз ходимлари 22 ёш атрофидаги осиёликлар бўлишган. Ҳозир Nike’нинг ўртача статистик ишчиси Хитойда — 40 ёшда, Виетнамда — 31 ёшда.
Виетнамнинг Maxport Limited компанияси ёшларни жалб қилиш учун офисдаги шароитни яхшилашга қарор қилган: энди фабрикаларда қуёш нури кўпроқ тушиб туради ва яшил зоналар кўпайтирилган. Ёш ходимларга ўз малакасини ошириб, хизмат пиллапоясида юқорилаш имконияти тақдим этилган.
Малайзиядаги заводларда униформа ва дресс-кодга талаблар сусайтирилган, ходимларга ўзларига ёққан кийимни кийиб юришга рухсат берилган. Шунингдек, завод хоналари қайта жиҳозланиб, улар қулай ва ёқимли кўринишга келтирилмоқда.
Энди нима бўлади?
Осиё фабрикаларидаги бундай ўзгаришлар — Осиёда ишлаб чиқарилган арзон маҳсулотларга кўниккан ғарб истеъмолчилари учун ҳам, бундан фойда кўриб келган глобал корпорациялар учун ҳам ёмон хабар, албатта. Ўта арзон осиёча иш кучи даври ниҳояланганга ўхшаяпти, деб ёзади WSJ. Виетнамдаги фабрикаларда иш ҳақи 2011 йилдан буён икки баробар кўтарилган (ўсиш суръати АҚШдагидан уч баробар юқори). Хитойда корхоналардаги маошлар 2012 йилдан 2021 йилгача 122 фоизга ошган.
Вазият изига тушишидан умид йўқ. Илгари ишлаб чиқарувчилар энг арзон йўналишларни танлай олишган бўлса, ҳозир бунақаси ҳам қолмади ҳисоб: ҳаттоки аҳолиси жуда кўп бўлган Ҳиндистонда ҳам завод раҳбарлари ёш ишчиларни ушлаб қолиш тобора қийин бўлиб бораётганидан шикоят қилишмоқда.
Мавзуга оид
12:15 / 24.10.2024
2050 йилгача Осиёда 69 фоиз аҳоли узоқни кўра олмаслиги мумкин – тадқиқот
23:09 / 29.03.2023
Россияда уруш туфайли ишчи кучи танқислиги кучайди - Bloomberg
19:36 / 13.03.2023
Ўзбекистон шахмат жамоаси Осиёда энг яхшиси деб эътироф этилди
13:18 / 15.12.2022