Ўзбекистон | 20:47 / 13.03.2020
5094
2 дақиқада ўқилади

Омбудсман: Ўзбекистонда бола ҳуқуқлари поймол бўлишида ота-оналар энг катта айбдор

Бугун, 13 март куни Олий Мажлис Қонунчилик Палатасида ОАВ вакиллари учун брифинг ўтказилди. Унда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг 2020 йилда режалаштирилган фаолиятига хусусида ахборот берилди.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова республикада болаларни асосан қайси ҳолатлардан кўпроқ азият чекаётганликлари ҳақида гапирди.

«Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини уй-жой билан таъминлаш бизнинг энг оғриқли муаммоларимиздан бири ҳисобланади ва у қатор тизимли масалаларни келтириб чиқаряпти.

Яна бир муаммо: ногиронлиги бор болаларни таълимга тўлиқ қамраб олиш. Амалда жуда кам шундай тоифадаги болалар мактабда тенгдошлари қатори таълим олишяпти.

Қонунчилигимизда, хусусан, Оила кодексида, Уй-жой кодексида, «Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида»ги Қонунда ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламга имтиёзлар бериш бўйича аниқ нормалар белгиланган. Қонунчиликда ўзгартиришлар ҳам қилгандик. Аммо уларнинг ижросида сусткашлик қилинмоқда. Эндиликда бизда вазифалар ижросини назорат қилиш ваколати пайдо бўлди. Ижрочилардан талаб қилиш имкониятимиз бор.

Афсуски, бизнинг саъй-ҳаракатларимизнинг ўзи етарли эмас. Ота-оналар ўзи боласини асраши, унга инсон сифатида муносабат билдириши керак. 8 март куни Самарқандда каналда 3 ёшли бола жасади топилганида, марҳумнинг ота-онаси ФВВни айблади. Нима сабабдан сиз, ота-она, ўзингиз фарзандингизга кўз-қулоқ бўлмайсиз. Бу ҳолат болаларга нисбатан ота-оналарнинг ўта эътиборсизлигини кўрсатади ва шу сабабли кўп ҳолларда ота-оналар бола ҳуқуқлари поймол бўлишида асосий айбдор ҳисобланишади.

Фикримча, йиғилиб қолган масалаларни ҳал қилишда жамоатчилик кенгаши тузишимиз керак. Экспертлардан иборат ишчи гуруҳ тузиб, вакиллик давлат идоралари билан ҳамкорлик ўрнатишимиз зарур. 2020–2021 йилларга мўлжалланган Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Миллий стратегиясини ишлаб чиқишимиз лозим, деб ўйлайман», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид