Жамият | 18:05 / 17.03.2020
25711
7 дақиқада ўқилади

Сариқ қишлоқни кезиб. Муборакдаги «қил кўприк» ҳақида

Муборакда ажойиб бир қишлоқ бор. Номи ҳам ажойиб: Сариқ қишлоқ. У ерда қишлоқнинг ўзи каби ажойиб кўприк бор. Кўприк-ку ажойиб, аммо унинг нариги томонига ўтиш жиндай қийинроқ. Қуйидаги ҳикоямиз ана шу «қилкўприк» ҳақида.

Фото: KUN.UZ

Бугун ҳар соҳада муаммо етарли. Йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни эса қисқа муддатда ҳал қилишнинг иложи йўқ. Шу сабаб муаммоларни ечишда аввало уларнинг долзарблигига қараш керакмикин... Масалан, 10 та муаммони «жойига чиқиб ўрганиб» кейин ташлаб кетгандан битта катта муаммони ҳал қилган тузук, бизнингча. Ана шундай ечими долзарб бўлган муаммолардан бирига Қашқадарё вилояти Муборак туманидаги Сариқ қишлоқ аҳолиси дуч келган.

Сариқ қишлоқда бугун 350та хўжаликда 1 700 нафар аҳоли яшайди. Қишлоқнинг ўртасидан 50 йил аввал ковлаб ишга туширилган Қарши магистрал канали ўтган. Бугун сариқликлар каналнинг икки томонида яшайди. Муаммо шундаки, ушбу қишлоқ иккига ажралиб қолган бўлса ҳам, уни ўзаро боғлайдиган автомобиллар учун йўл ўтказгич йўқ. Машина ўтиб қайтадиган энг яқин кўприк қишлоқдан 4-5 километр узоқда.

Қишлоқдаги мактаб, боғча, савдо дўкони каналнинг бир тарафида жойлашиб қолган. Қишлоқ аҳолиси ҳар икки тарафга ўтиб қайтишда канал устида ҳашар йўли билан қурилган эски осма кўприкдан фойдаланаяпти.

«Бу кўприк мутлақо яроқсиз, лекин нариги томонга ўтиш учун ундан юришга мажбурмиз. Баҳорда канал тўлиб оққанида болаларни мактабга ёки нимадир юмуш билан қишлоқнинг нариги томонига жўнатсак, юрак ҳовучлаб ўтирамиз», дейди одамлар.

Маҳалласи раиси Ҳамро Чориевнинг айтишича, кўприк ўтган асрнинг 70-йилларида сариқликлар томонидан ҳашар йўли билан қурилган. 2019 йил баҳорда каналда сув кўпайиб «қилкўприк»дан ўтиш имконсиз бўлиб қолгач, унинг нариги томонида яшайдиган ўқувчиларга мактабдан бир ҳафта таътил беришга мажбур бўлишган.

Кўприкнинг ёғочлари аллақачон яроқсиз ҳолга келиб бўлган. Икки йил олдин қишлоқ аҳли чириган ёғочлар устига эски шиналарнинг резинасини қоплаб, кўприкни қўлбола «капитал реконструкция» қилишади.

Ўзига хос «реконструкция» ҳам вазиятни яхшиламаган, кўприкнинг аҳволи жуда хароб. Етмаганига жуда хавфли ҳам. Унинг икки четига ҳимоя сифатида симтўсиқ тортилган. Бугун ана шу сим тўсиқларнинг аксарият жойи ситилиб, симларнинг учи чиқиб турибди. Кўприкдан юрганда у қимирлаб одам мувозанатни йўқотиши ва ҳимоя тўсиғидан чиқиб қолган симларга ўралашиб қолиши ҳеч гап эмас.

Ота-оналарнинг айтишича, болалари кўприкдан ўтаётиб тез-тез қўли тилиниб келади. Бундан ташқари, сув тўлиб оққан пайтларда кўприкни ушлаб турган устунлар жойлашган ернинг тупроқ қатламини ювиб кетган, кўприк устунлари омонат турибди.

«Ушбу кўприк масаласини Муборак туман кенгашининг 2-чақириқ сессиясида кун тартибига қўйдик, аммо туман бюджетида ушбу кўприкни янгитдан қуриб бериш учун маблағ етарли эмаслиги маълум бўлди.

Шундан сўнг, Муборак туман ҳокимлиги, туман халқ депутатлари кенгаши билан биргаликда вилоят ҳокими Зоир Мирзаев номига кўприкни янгидан қуриб бериш учун вилоятдан маблағ ажратишда ёрдам беришини сўраб хат ёздик. Энди ўша хатимизга ижобий жавоб кутяпмиз»,— дейди шу ҳудуддан туман халқ кенгашига депутат этиб сайланган Абрам Давронов.

Сариқ қишлоғидан қайтар эканмиз бир ҳолат эътиборимизни тортди: қишлоқнинг бир нечта кўчаларига янгитдан қум тўкилган, сўнг кўча четидан чуқур ковланиб тупроғи кўчага чиқариб ташланган. Оқибатда кўчага тўкилган қум устини тупроқ қоплаб кўча лойга ботган.

Сариқ қишлоқ фуқароси Обид Худойбердиевнинг айтишича, қишлоқ 2019 йилда «Обод қишлоқ» дастурига тушган ва ўша дастур бўйича кўчалар текисланиб қум тўкиб берилган. Аммо йилнинг охирига келиб қишлоқни тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун қум тўкилган кўчаларнинг чети ковланиб, тупроқ кўчага ташланган, бунинг оқибатида эпақага келиб қолган кўча яна лойга ботган.

Қишлоқ аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ўтган йил «Обод қишлоқ» дастурида бўлган. Маблағ етишмовчилиги туфайли бу иш қолиб кетган. Пул масаласи декабрь ойига келиб ҳал бўлиб ишлар бошланган ва сув қувурлари ётқизиш учун чуқур ковланган. Аммо пулнинг ҳаммаси ўтказиб берилмагани учун ишлар тўхтаб қолган. Қишлоқликлар лойга ботиб юришга, чуқурлар устидан сакраб ўтишга мажбур. Чуқурни кўмай дейишса, унга ҳали қувур ётқизилмаган. Одамларнинг айтишича, 2019 йил «Обод қишлоқ» дастурига кўра жами 2,5 километр йўл асфальт қилиниши белгиланган, аммо бу иш бажарилмаган.

Сариқ қишлоғидаги «Обод қишлоқ» дастури бўйича чала ишлар ҳақида изоҳ олиш учун Муборак туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Шерзод Меҳмонов билан боғланганимизда у Сариқ қишлоғида ўтган йил «Обод қишлоқ» дастури бўйича бир қатор ишлар амалга оширилганини, чала қолган ишлар жорий йилда битирилишини айтди.

Меҳмонов ҳам кўчалар қазиб ташланганига сабаб қилиб ўтган йил қишлоққа ичимлик суви олиб келиш режа қилинганини, аммо маблағ етишмай иш тўхтаб қолганини келтирди.

Сариқ қишлоқ йўлларининг асфальт қилинмаганига ҳам изоҳ берган ҳоким ўринбосарининг айтишича, «Сариқ» МФЙ таркибида тўртта қишлоқ бор ва «Обод қишлоқ» дастури биргина Сариқ қишлоғини эмас, балки «Сариқ» МФЙ таркибидаги барча тўртта қишлоқни қамраган. Шу сабабли асфальт йўл ҳам Сариқ қишлоғида эмас, «Сариқ» МФЙдаги бошқа қишлоқлар кўчасига ётқизилган.

Аммо ҳокимлик бизга тақдим этган маълумотда асфальт йўл «Сариқ» МФЙ даги бошқа қишлоққа эмас, балки айнан Сариқ қишлоқ кўчаларига ётқизилгани кўрсатилган. Ҳужжатда ҳам «Сариқ» МФЙ эмас, балки «Сариқ қишлоқда амалга оширилган ишлар» деб кўрсатилган.

Умид қиламиз, Сариқ қишлоғи аҳолиси дуч келаётган кўприк муаммоси, шунингдек, ўтган 2019 йилдаги «Обод қишлоқ» дастуридан чала қолиб кетган ишларга туман мутасаддилари ўз эътиборини қаратиб аҳолини қийнаётган муаммоларни ҳал қилиш чораларини кўришади.

Ғайрат Йўлдош

Мавзуга оид