Ўзбекистон | 19:37 / 25.03.2020
15203
2 дақиқада ўқилади

Карантиндан ўз манфаати йўлида фойдаланганларнинг маҳсулотлари олиб қўйилди – Солиқ қўмитаси

Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Фазлиддин Умаров коронавирус пандемияси туфайли эълон қилинган карантин вақтида қўмитага юклатилган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан ахборот берди.

Унинг сўзларига кўра, Давлат солиқ қўмитаси ва унинг ҳудудий тузилмаларида ташкил қилинган штабларга нарх-наво асоссиз равишда ўсишининг олдини олиш вазифаси юклатилган. Ана шу йўналишдаги ишларни амалга ошириш учун солиқ органларидан 2400 нафар ходим сафарбар қилинган.

«Ўтган 10 кунда ҳар бир савдо объекти, яъни 379та бозор ва савдо комплекслари, 8058та дорихоналар, 27 минг 640та чакана савдо объектларига масъул ходимлар бириктирилди ва уларда нарх-наволарни асоссиз оширмаслик ҳақида огоҳлантирилди», деди Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари.

Маълум қилинишича, карантин эълон қилинган дастлабки кунларданоқ қўмита томонидан фуқаролар мурожаатлари учун эълон қилинган телефон рақамлари (71 244 98 98, 1198 қисқа рақами)га 25 март эрталабки ҳолатига 7688та мурожаат бўлган.

Келиб тушаётган мурожаатларнинг 80 фоизидан ортиғи тезкорлик билан бартараф қилинган. Яъни улар камчиликка йўл қўйилган ҳолатлари бўйича огоҳлантириш орқали камчилик бартараф қилинмоқда.

«Лекин бугунги кунда ҳозирги ҳолатдан ўз манфаати учун фойдаланилаётган, мамлакатимизда яратилаётган имкониятлар суиистеъмол қилинаётган ҳолатлар ҳам йўқ эмас.

Фуқароларимиз мурожаатлари асосида 17-24 март кунлари назорат тадбирлари ўтказилганда 531та ҳолатда қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди. Булар ҳужжати бўлмай туриб тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ёки маҳсулотларни ҳозирги шароитда нисбатан қиммат сотишга ҳаракат қилинган ҳолатлар. Ушбу ҳолатларнинг барчаси белгиланган тартибда расмийлаштирилиб, улардан 1 млрд 542 минг сўмлик маҳсулотлар вақтинчалик давлат фойдасига олиб қўйилди», деди Фазлиддин Умаров.

Мавзуга оид