Жаҳон | 20:11 / 02.04.2020
15217
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони зудлик билан ОПЕК+ мамлакатлари учрашувини ўтказишни таклиф қилди

2 апрель куни АҚШ президенти Дональд Трампнинг Россия ва Саудия Арабистони нефть қазиб олишни қисқартириш бўйича келишувга эришиши мумкинлиги тўғрисидаги баёнотидан сўнг нефть нархи кескин кўтарилди.

Фото: middleeastmonitor

Саудия Арабистони ОПЕК+ қатнашчи-давлатлари ва бошқа давлатларни зудлик билан учрашув ўтказишга чақирди. Бу ҳақда SPA агентлиги хабар берди.

"Қироллик нефть бозоридаги мувозанатни тиклаш учун адолатли келишувга эришиш мақсадида ОПЕК+ ва бошқа мамлакатлар гуруҳини шошилинч учрашув ўтказишга чақиради. Бу чақириқ қиролликнинг жаҳон иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш бўйича доимий саъй-ҳаракатлари ва АҚШ президенти Дональд Трампнинг илтимосига ҳурмат белгиси эканлигини англатади", - дейилади хабарда.

30 март куни Россия президент Владимир Путин ва АҚШ президенти Дональд Трамп телефон орқали мулоқот қилиб, жаҳон нефть бозори ҳолати бўйича фикрлар алмашишган ва бу масалада энергетика вазирлари даражасида икки томонлама маслаҳатлашув ўтказишга келишиб олишгани хабар қилинганди.

2 апрель куни АҚШ президенти Дональд Трампнинг Россия ва Саудия Арабистони нефть қазиб олишни қисқартириш бўйича келишувга эришиши мумкинлиги тўғрисидаги баёнотидан сўнг нефть нархи кескин кўтарилди.  

Лондондаги ICE биржасида Brent русумидаги нефть нархи 9,4 фоизга ошди ва 27,31 долларни ташкил этди. WTI русумидаги нефть нархи 8 фоизга кўтарилиб, 22 долларга етди.

Мавзуга оид