Ўзбекистон | 23:02 / 13.04.2020
27151
3 дақиқада ўқилади

Рамазонда ифтор маросимлари қилмаслик, унинг пулини муҳтож оилаларга бериш тавсия қилинди

Ўзбекистон мусулмонларига Рамазон ойида қўни-қўшни ва яқин қариндошларни тўплаган ҳолда ифторлик уюштириши карантин талабларига, шунингдек, «Нисо» сурасининг 59-оятига хилоф экани эслатиб ўтилди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг Рамазон ойини ўтказиш бўйича қабул қилинган фатвосида маълум қилинган.

Фото: Shutterstock

Фатвода ифторлик маросимлари учун мўлжаллаган маблағларни Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари орқали муҳтож оилаларга етказиш тавсия этилган.

«Маълумки, яқин кунларда мусулмонлар интиқиб кутадиган муқаддас Рамазони шариф ойи кириб келмоқда. Ҳар йили юртдошларимиз Рамазон ойини алоҳида тайёргарлик ва хурсандчилик билан кутиб оладилар, кўтаринки руҳда, ўзгача шукуҳ билан ўтказадилар. Чунки Рамазон ойида мўмин-мусулмонларнинг ризқига барака, амалларига улкан ажр-у савоблар ато этилади. Зеро, Аллоҳ таоло Рамазон ойида мўминларга кундуз кунлари рўза тутмоқни фарз, тунлари таровиҳ намозини ўқимоқликни нафл қилиб берган.

Рамазон ойида Қуръони каримни ҳеч бўлмаса бир марта бошидан охиригача ўқиб хатм қилиш Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларидандир. Рўзадорларга ифторлик қилиб бериш, муҳтожларга хайр-у садақалар улашиш ушбу ойга хос бўлган амаллардан саналади.

Лекин минг афсуски, бугунги кунда бутун дунё бўйлаб, жумладан юртимизда ҳам коронавирус пандемияси тарқалди. Бу касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида карантин эълон қилинди. Маълумки, ушбу ҳолат юзага келгани муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолар кенгашининг коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича фатвоси эълон қилинди. Фатвода юртимизда вазият барқарорлашмагунча жамоат намозлари вақтинча тўхтатилиб, мусулмонларимизга намозларни уйларида ато этиш лозимлиги етказилди», дейилади Усмонхон Алимов томонидан «Ўзбекистон 24» телеканалида ўқиб эшиттирилган фатвода.

Бундан ташқари, закот маблағларини ҳамда фитр ва фидя садақаларини «Вақф» хайрия жамоат фонди ва унинг ҳудудий бўлимлари ҳисоб-рақамларига ёки Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказларига топшириш тавсия этилди.

Муфтий Усмонхон Алимов бундай қарорга келишдан олдин Миср Араб республикаси, Саудия Арабистони, Туркия, Россия Федерациясининг Татаристон республикаси мусулмонлари диний идоралари томонидан Рамазон ойида масжидларда таровеҳ намозлари адо этилмаслиги ва оммавий ифторликлар уюштирмаслиги ҳақида баёнотлар инобатга олингани, шунингдек, қўшни Қозоғистон ва Қирғизистон мусулмонлари диний идоралари билан мазкур масала муҳокама қилиниб ягона тўхтамга келинганини алоҳида таъкидлади ҳамда Ўзбекистондаги барча мусулмонларни ушбу кўрсатмаларга қатъий риоя этишга чақирди.

Мавзуга оид