Жаҳон | 16:00 / 16.04.2020
15081
8 дақиқада ўқилади

«Оғизда – бор, амалда – йўқ». Австрияда эпидемияга қарши курашдаги тарқоқлик

Бутун дунёни ўз таъсир остига олган янги турдаги коронавирус эпидемиясига турли мамлакатлар турлича муносабатда бўлмоқда. Гарчи Италия ва Испания Европада энг кўп муҳокама қилинган давлатлар бўлса-да, вируснинг Европа қитъаси, ҳатто дунёга тақалишида Австрия каби давлатларнинг ҳам улкан «ҳисса»си бор.

Расмий маълумотларга кўра, айни дамда мамлакатда вирус билан касалланиш ҳолатлари сони 14 мингдан ошиқни ташкил қилмоқда. Беморларнинг 400га яқини вафот этган.

Ишгль – хавф зонаси

Фото: «Профил» журнали

Гарчи мамлакатдаги илк ҳолат Тирол вилоятидаги Ишгль чанғи курортида аниқланган бўлса-да, ҳукумат томонидан ўз вақтида етарлича чора кўрилмагани боис вирус минглаб одамларга юқтирилди.

4 март куни Ишгль шаҳрида таътилни тамомлаб, ўз мамлакатларига қайтиб кетган кўплаб исландиялик сайёҳларнинг Covid-19 вирусини Ишглда юқтириб олганликларини жамоатчиликка маълум қилиши ортидан Австрия маъмурларининг жавобгарлиги инкор этиб бўлмайдиган ҳолатга келди.

Бунинг ортидан Исландия март ойи бошида Ишглни хавф зонаси, деб эълон қилди. Аммо Австрия расмийлари ушбу воқеадан 8 кун ўтгачгина ҳудудни карантинга олишга қарор қилишди. Бир сўз билан айтганда, мамлакат вирусга қарши чора кўришда кечикди.

Вақт ўтиши билан Германиянинг уч нафар фуқароси вафот этиши ва орасида Голландия, АҚШ, Германия фуқаролари бўлган 4,5 мингдан ортиқ киши Австрия ҳукумати устидан шикоят қилгани вазиятни янада жиддийлаштирди.

Натижа юрак ҳовучлаб кутилмоқда

Себастян Курц

Австриядаги сўнгги янгиликлардан англаш мумкинки, ҳукумат Covid-19’нинг Европа қитъасига тарқалишида асосий рол ўйнаган Ишглдаги можародан етарли даражада дарс олмаган. Бош вазир Себастян Курц бошчилигидаги коалиция ҳукумати шунча можароларга қарамай, гўё ҳеч нарса бўлмагандай Австрияни мавҳумот сари етаклашда давом этмоқда. Ҳукумат 14 апрелдан эътиборан, умумий ҳажми 400 квадрат метргача бўлган дўконларнинг очилишига рухсат берди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳамда мамлакатдаги кўплаб эксперт ва сиёсатчилар томонидан танқид қилинган ушбу қарорнинг натижаси эндиликда юрак ҳовучлаб кутилмоқда.

Ҳукумат керакли муҳофаза ишларини амалга оширишда вақт йўқотгани аниқ. Ҳатто қўшни давлат – Италияни эпидемия ишғол қилганида ҳам зарурий чоралар кўрилмаганини қандай изоҳлаш мумкин? Вирусга чалиниш билан боғлиқ илк ҳолат расман қайд этилган бўлса-да, дори-дармон, қўлқоп, ниқоб ва бошқа воситалар етишмовчилиги ҳануз бартараф этилмади.

Австрияни «чув туширишди»

Мана энди эса нафақат Австриядаги оддий аҳоли вакиллари, балки шифокор ва ҳамширалар ҳам тиббий воситалар етишмовчилигидан азият чекишмоқда. Шу боис, ҳатто узоқ вақт ўзаро мунособатларда адоват ҳукм сурган давлатлардан ҳам ёрдам олишга мажбур бўлинди. Бироқ шундан кейин воқеалар ривожи комедия фильмларидаги каби тус олди. Хитойдан Австрияга йўловчи самолётларнинг ўриндиқларида (!) олиб келинган миллионлаб ниқоблар тегишли талабларга жавоб бермаслиги маълум бўлди. Бошқача айтганда, олди-сотди масаласида Австрияни чув туширишди.

Энг қизиғи, алданганини ҳис қилган Австрия Германиядаги Декра номли тадқиқот ташкилотидан бу масалага ойдинлик киритиб беришни сўради. Кейинчалик Австрия ҳарбий маъмуриятига қарашли институт мазкур фирибгарликни аниқлаган бўлса-да, давлатнинг алдангани илк бор Германия тадқиқот компанияси томонидан ошкор этилди.

Оғизда – бор, амалда – йўқ

Аввалига бош вазир Себастян Курц оммавий ахборот воситаларида эпидемиянинг олдини олиш бўйича кўплаб тестлар ўтказилаётгани ва бу борада илғорлик кўрсатган Жанубий Кореяни намуна сифатида олиб, бир кун давомида камида 15 мингта тест ўтказилишини эълон қилганди. ЖССТнинг бу масаладаги ўрни ва аҳамиятини таъкидлаш учун «Тест ўтказиш, тест ўтказиш ва яна тест ўтказиш» шиорини тилга олган Курц 26 март кунидаги матбуот анжуманида мақсади бутун мамлакат аҳолисини текширувдан ўтказиш эканини маълум қилганди. Аммо эпидемия бошидаёқ бошқарув издан чиқди. Ҳукумат кўп ўтмай, тиббий асбоб-ускуналар етишмовчилиги сабаб бу мақсадидан воз кечишга мажбур бўлди. Айни масала билан шуғулланиш вазифаси Қизил Хоч ва илмий-тадқиқот ташкилотига топширилди.

Шундай қилиб, Cора номли ташкилот Қизил Хоч ёрдамида мамлакатда қанча одамнинг коронавирус юқтирганини аниқлаш учун тасодифий намуналар ёрдамида 1 минг 500 кишини текширувдан ўтказди. Ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, апрель ойида Covid-19 вирусини юқтирганлар сони 10 минг 200дан 67 минг 400 нафаргача бўлиши тахмин қилинмоқда. Яъни 6 апрель ҳолатига кўра, Австрияда ўртача 28 минг 500 киши вирусни юқтириб олган, деб ҳисобланмоқда. Бу эса ўз навбатида кўплаб мутахассисларнинг кескин танқидларига сабаб бўляпти.

Бу орада ҳукумат раҳбари Курц томонидан бозор ва савдо дўконларида ниқоб тақиш мажбурий этиб белгиланиши, ниқоблар эса халққа бепул тарқатилиши айтилди, аммо улар етарли миқдорда бўлмагани учун бу дастур ҳам маълум вақтга кечиктирилди. Қолаверса, ниқоблар ҳукумат айтганидек, бепул эмас, 1 евродан сотилиши маълум қилинди.

Нега «You’ll never walk alone» эмас?

Бундан ташқари, ўтган ҳафта Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан эълон қилинган кўрсатмага мувофиқ, беш кишидан кам жамоанинг уйда йиғилиши мумкинлиги айтилганди. Ажабланарлиси, ушбу кўрсатма Австрияда Covid-19 муносабати билан жорий этилган чора-тадбирларга зид эди. Шу боис юзага келган англашмовчиликлар учун соғлиқни сақлаш вазири Рудольф Ансчобер узр сўради ва кўрсатмага тузатиш киритди. Унга кўра, бир оилага мансуб бўлмаган беш кишининг ёпиқ ҳудудда тўпланишига оид тақиқ ўз кучида қолиши ифода этилди.

Албатта, бу каби воқеалар давлат муассасалари ўртасида мувофиқлик йўқлигини ва эпидемияга қарши курашда турли доиралар турлича йўл тутишга интилаётганини кўрсатиб қўйди.

Қолаверса, Европанинг аксарият мамлакатларида уйларига қамалиб ўтиришга мажбур бўлган миллионлаб одамларнинг кайфиятини кўтариш учун радиокарнайдан «You’ll never walk alone» («Сиз ҳеч қачон ёлғиз юрмайсиз»)  треклари ижро этилаётган бир пайтда Австрияда мамлакатнинг норасмий давлат мадҳияси сифатида қабул қилинган «I am from Austria» («Мен Австрияданман») қўшиғи полиция патруллари томонидан эшиттирилди. Шовинизм кўриниши сифатида танқид қилинган ушбу дастур ҳам кейинчалик бекор қилинди. Аммо нега айнан шу қўшиқнинг танлангани, қолаверса, унинг полиция гуруҳлари томонидан эшиттирилиши Австриянинг сиёсий йўналишини ифода этгандек, назаримизда.

Бундан-да ғалати ишлар рўй бериши мумкин

Covid-19 туфайли март ойи охирида Руминиядан олиб келинган ва 14 кунлик карантин муддатини меҳмонхонада ўтказаётган 231 нафар ҳамширанинг паспортлари олиб қўйилгани ҳам Австрияда инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилувчи демократик тартиб заифлашаётганидан далолатдир.

Табиийки, айни дамда Австриядаги баъзи медиа ташкилотлар мамлакатдаги вазиятни танқид қилмоқда ва ҳуқуқий демократик мамлакатда содир бўлмаслиги лозим бўлган айрим ишлар юз бераётганини таъкидлашмоқда. Шу боис Австрияда ҳозирги кунда эркин экани аниқ-тиниқ белгилаб қўйилмаган барча ҳаркатлар тақиқланган, деган умумий таассурот уйғонмоқда. Масалан, Австриянинг машҳур «Профил» журналида паркда ўриндиқда ўтирган ва ёнидан ўтган пиёдалар билан ижтимоий масофа сақламагани учун 500 евро жаримага тортилган шахс ҳақида мақола эълон қилинди. Ижтимоий тармоқларда улкан реакция тўлқинига сабаб бўлган ушбу жазо жамоатчилик босими туфайли кейинчалик бекор қилинди. Аммо шуни ҳам унутмаслик керакки, Ички ишлар вазири Карл Нехаммернинг полиция келгусида янада фаол бўлишини таъкидлаши келажакда Австрияда бундан-да ғалати воқеалар рўй беришига ишора қилмоқда.

Отабек Тиллаев тайёрлади

Отабек Тиллаев
Тайёрлаган Отабек Тиллаев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид