Жаҳон | 08:03 / 18.04.2020
143711
7 дақиқада ўқилади

Иккинчи тўлқин. Нега Осиёда коронавирус янгидан авж олмоқда?

Шарқий Осиё давлатлари инфекция тарқалишининг авж нуқтасини қишдаёқ ўтаб бўлишган, лекин энди Россия ва Европадан кириб келаётган одамларда вирус аниқланиши ҳоллари кўпаймоқда, деб ёзмоқда Republic.

Фото: Frayer/Getty Images

Россия, Европа ва АҚШда пандемия авж нуқтасига етган бир чоғда, Хитой ва Осиёнинг бошқа давлатлари ҳукуматлари карантин чоралари юмшатилганидан сўнг вирус тарқалишининг иккинчи тўлқинига дуч келмаслик учун нималар қилиш борасида бош қотиришмоқда.

Жанубий Корея, Тайвань ва Сингапур инфекцияни қишдаёқ жиловлаб бўлган, улар секин-аста нормал ҳаётга қайтаётган эди — энди маълум бўлишича, бунга ҳали жуда эрта экан.

Энди бу мамлакатларда хориждан кириб келган одамлар ҳисобига касалланганлар сони кескин кўтарилмоқда ва барча чекловларни янгидан жорий этишга тўғри келмоқда.

Осиё давлатлари иммунитет ишлаб чиқмаган

Хитойга яқин жойлашган кўплаб давлатлар дарҳол таҳдиднинг миқёсини тўғри англаб, қисқа муддатларда қатъий чоралар кўра бошлашди. Касалланганлар билан алоқага киришганларни кузатиш, кенг қамровли тестдан ўтказиш ва чегараларни назоратга олиш Жанубий Корея, Сингапур ва Тайванга зарарланиш авж нуқтасини тез ўташ, Европадагидек қурбонлар бермаслик имконини берди.

Масалан, Тайванда бир суткада рекорд даражада юқтирганлар 5 январда қайд этилган ва бор-йўғи 5 кишини ташкил этган. Хитой ичидаги қатъий карантин чоралари ҳам биринчи тўлқинни жиловлашга ёрдам берган.

Россия, Европа ва АҚШ ҳамон пандемия авж нуқтасида турган бир пайтда Осиё давлатлари карантин чораларини юмшатиб, нормал ҳаётга қайтмоқда.

Касалликнинг авж олишини бошланғич босқичда карантин чоралари билан бостиришга муваффақ бўлингани сабабли, минтақада вирус билан оғриганлар сони нисбатан кам бўлиб турибди. Шундай қилиб, аҳолининг катта қисмида вирусга нисбатан иммунитет ҳануз ишлаб чиқилмаган, бу эса чегаралар очилиши ҳамоно пандемиянинг иккинчи тўлқин хавфи юзага келишини англатади.

Бумеранг эффекти

Бу сценарий аллақачон Жанубий Корея, Сингапур ва Тайванда қисман бўй кўрсатмоқда. Январь ойида, ҳали жаҳоннинг бошқа давлатлари фалокатнинг кўлами ҳақида тушунчага эга бўлмаган пайтда, бу мамлакатлар тарқалиш авж нуқтасини муваффақиятли силлиқлаб юборишди. Шундан сўнг ҳукуматлар карантин чораларини юмшата бошлашди: масалан, Тайванда мактаб таътилларини чўзишди, кўплаб оилалар уни Европада ўтказишга қарор қилишди ва мамлакатга вирус юқтириб қайтишди, деб ҳикоя қилади Стэнфорд университети профессори Жейсон Ванг.

Бу «бумеранг эффекти» натижасида март ойининг ўрталаридан бошлаб Осиёда инфекция янгидан авж ола бошлади ва у аввалгисидан ҳам кўпроқ инсонларни қамраб олди. Рақамлар барибир АҚШ ва Европадагидан камтарроқ, лекин факт шуки, одатий ҳаётга муддатидан аввал қайтиш инфекциянинг қайтишига олиб келади. Энди мамлакатлар ижтимоий масофаланиш ва иммиграцион назорат бўйича янада қатъий чоралар киритмоқда.

Россиядан коронавирус билан

Коронавирус авж олишини биринчилардан бўлиб жиловлаган Хитой ҳам унинг иккинчи тўлқинига дуч келиши мумкин. Мамлакатда коронавирус тарқалишини тўлиқ бостириб, Хитой ҳукумати мамлакат фуқароларининг ичкарида ҳаракатланишини ҳам, хориждан кириб келишни ҳам юмшатди. Натижада Хитойга Россиянинг Узоқ Шарқ федерал округидан хитойлик фуқаролар оммавий тарзда қайта бошлади.

12 апрель куни Хитойда 108 та янги ҳолат аниқланди, уларнинг 98 таси хориждан келганларда (уларнинг ҳам ярми Россиядан келган). Натижада ҳар кунлик аниқланаётган ҳолатлар олти ҳафта илгарига натижани қайд этди.

Касалликнинг янгидан авж олишига қарши курашиш учун Хитой ҳукумати Россия билан чегарада назоратни кучайтирди, шимолий провинцияларда — коронавируснинг янги ўчоғида карантин чораларини кўришмоқда.

Бундан ташқари, Хитой миллий соғлиқни сақлаш комиссияси баёнотига кўра, 20 минг одам ёрқин кўзга ташланувчи аломатларсиз касалликнинг эҳтимолли ташувчиси сифатида кузатув остига олинган.

Нима қилиш керак?

Бугунги кунда Европа пандемиянинг биринчи тўлқинини тутиб қолиш имкониятини қўлдан бой берган, лекин иккинчисини ҳамон чеклай олиши мумкин. Шу сабабли ЖССТ Осиё тажрибасига таянган ҳолда карантин юмшатилганидан сўнг яна камида икки ҳафта касалланиш динамикасини кузатишни тавсия этмоқда.

Ҳонгконг университети эпидемологи Бен Коулингнинг фикрича, иккинчи тўлқиндан қочиб қутулиб бўлмайди, лекин инфекция тарқалиш суръатларини секинлаштириш мумкин:

«Коронавирус ҳеч қаёққа ғойиб бўлмайди. Биз унинг мавжудлигига тан берамиз, бироқ уни самарали даволаш усули ёки вакцина ихтиро қилмагунимизча юқтирганлар сони паст бўлиб туриши учун барча чораларни кўришимиз керак».

«Янги вакцина ихтиро қилингунича ёки ҳукуматлар томонидан янги вирусга қарши аҳолининг анча қисмида иммунитет шакллангани ҳисоблаб чиқилгунга қадар нормал ҳаётга қайтиш ҳақида гапириб бўлмайди», — дея унинг фикрини маъқулламоқда Манитоб университети профессори Жейсон Киндрачук.

Шу билан бирга, вирусни тўлиқ енгишнинг ягона йўли – оммавий иммунитет деб ҳисоблаётганлар ҳам бор.

Баъзи мамлакатлар, масалан, Буюк Британия коронавирусга қарши курашда оммавий иммунитет ишлаб чиқишни асосий стратегия сифатида қабул қилган эди. Шу сабабли ҳукумат узоқ вақт ялпи карантин жорий этмасдан, вируснинг ўз-ўзидан тарқалишига қўйиб беришди. Бироқ ҳаддан зиёд қурбонлар ва жамоатчилик босими пировардида қиролликни Европанинг бошқа давлатлари сингари иш тутишга мажбур қилди.

Вакцина ишлаб чиқиш

Пандемияга қарши курашиш стратегиясидан қатъи назар, Covid-19’га қарши ишончли вакцина ишлаб чиқиш бош вазифа бўлиб қолмоқда. Айни пайтда АҚШ ва Хитойда учта эҳтимолий дори ишлаб чиқилмоқда.

Хитой фан ва технология вазирлиги сешанба куни CanSino Biologics компанияси ўз вакцинасини синовдан ўтказишнинг иккинчи босқичини бошлаганини эълон қилди. Американинг Moderna компанияси хитойлик ҳамкасбларидан қолишмасдан, синовнинг янги ва каттароқ босқичини бошламоқда.

Ўтган ҳафтада Американинг яна бир компанияси — Inovio Pharmaceuticals ҳам синов ишлари бошланганини эълон қилди. Биринчи босқичда вакцинанинг умумий хавфсизлиги текширилади, унинг самарадорлиги шундай кейин баҳоланади. Шунинг сабабли, иккинчи босқич имкон қадар тезроқ бошланиши ўта муҳим.

«Агар вирус ёзда ҳам тарқала бошласа, препаратни режалаштирилган муддат 8–12 ойдан аввалроқ ҳам тайёрлаш мумкин. Эҳтимол, вакцина келгуси мавсумнинг ўрталарига – қиш фаслининг сўнгги ойларига тайёр бўлар», — деган АҚШ Аллергия ва юқумли касалликлар миллий университети директори Энтони Фаучи.

Мавзуга оид