«Ўзбеклар – юраги катта одамлар». Финландиялик Биньямин билан суҳбат
Ҳозирги пайтда глобал муаммо бўлиб келаётган коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон фуқаролари ва бутун дунё аҳолиси қандай кун кечирмоқда? Ижтимоий ҳаётда биз ва ривожланган давлатларда қандай фарқлар бор? Шу каби саволлар юзасидан Финляндия давлати Ҳельсинки шаҳридан биз билан боғланган Биньямин Паткенан ёки “ўзбек Биньямин” билан суҳбатлашдик.
-“Ассалому алейкум, Биньямин! Соғлиғингиз яхшими? Ўзбек тилида чиройли гапирасиз, дастуримизнинг кўпчилик томошабинларига қизиқ. Ўзбек тилини қандай қилиб ўрганиб олгансиз?
-Ассалому алейкум! Яхши, раҳмат. Мен 1997 йили туғилганман. Дадам, ойим, акам ва мен ёшлигимизда Ўзбекистонга борганмиз. У ерда ўзимиз уй қилдик ва бироз муддат ўша ерда яшадик. Шунинг учун ўзбек ва фин тилларини биргаликда ўрганганман.
-Ҳозир ҳам Ўзбекистонни эслаб турасизми, соғинадиган жойларингиз борми?
-Яқинларимнинг кўпчилиги Ўзбекистон ва Тожикистонда яшашади. Уларни эслаб соғинаман.
-Биласизки, ҳозирда нафақат Ўзбекистон балки, бутун дунё аҳолиси бошидан оғир кунларни ўтказмоқда. Бу коронавирус пандемияси билан боғлиқ. Финляндияда ҳам коронавирус аниқланган. Фин халқи ва ҳукумати коронавирусга қарши қандай курашмоқда? Мана шу саволга жавоб бера оласизми?
-Биздаги ҳолат Италия ва Испаниядагидек оғир аҳволда эмас. Лекин, шундай бўлсада мактаблар, ошхоналар ва одам тўпланадиган жойлар ёпилган. Карантин даврида 1-2 метрли оралиқ масофани сақлаш ва ҳамма тиббиёт ниқобларидан фойдаланиши қатъий қилиб қўйилди.
-Ҳозирги Финляндияда дўкондаги озиқ-овқат ва маҳсулотларининг нархи қандай?
-Озиқ-овқат дўконларида барча маҳсулотлар етарли. Фақатгина дўконда сотиб олувчилар сони 10 нафардан ошмаслиги керак.
-Ойлик маошсиз, пулсиз ва озиқ-овқатсиз қолган оилаларга қандай ёрдамлар кўрсатилмоқда?
-Озиқ-овқатсиз ва пулсиз қолган оилаларга ҳукумат томонидан моддий ёрдам кўрсатилади. Уларга озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам етказилиб берилмоқда. Кўнгилли одамлар ҳам ёрдам қияпти.
-Финляндияда транспорт ҳаракати қандай? Автобус, енгил машиналар, метро ва самолёт ҳаракатдами?
-Айни пайтда авиаҳаракат 3 ҳафтага чекланган. Чет давлатлар билан авиақатновлар тўхтатилган.
-Биз биламизки Финляндия, Дания ва Норвегия давлатлари ёшларининг ижтимоий фаоллиги юқори. Ҳозирги пандемия даврида ҳам ҳукумат ва давлатнинг ёрдамисиз касалликка қарши қандай ёрдам кўрсатишмоқда?
-Ҳа, албатта бир яқин дўстим янги web-sayt яратди ва у 7 минг ёшлар эътиборини тортди. Web-sayt нинг мақсади ёлғиз ва ёрдамга муҳтож қарияларга ёрдам кўрсатади. Кўнгилли одамлар рўйхатдан ўтиб, харитада ўз яшаш манзилига яқин бўлган жойдаги қариялардан хабар олмоқда.
-Ўзбекистонда тиббиёт ниқобини тақмасдан кўчага чиққан фуқароларга нисбатан маъмурий жазо қўлланилишидан хабарингиз бор. Сизларда ҳам шундайми?
-Бизда ҳозир ниқоб етишмовчилиги муаммоси мавжуд. Лекин, аҳолимиз ниқоб тақиб юрганда коронавирус юқмаслигини билишади ва ўзларининг соғлиқлари учун тақиб юришади. Ўзбекистон аёллар буни тика олади. Мен ҳам видеоларим орқали шундай қилишни тарғиб қиляпман.
-Мана шу пандемия сабаб бутун дунё, қолаверса Ўзбекистон ҳам бутунлай бошқача ҳаётни бошдан кечирмоқда. Сизнингча бундан кейинги ҳаёт қандай бўлади?
-Менимча кейинги ҳаётимиз халқимизнинг ўзига боғлиқ. Чунки мана шу оғир вазиятдан хулоса чиқариб, ҳаётини ижобий тарафга ўзгартиради деб ўйлайман. Ҳаммаси одамларга боғлиқ. Муҳими – одамлар бизга кераклигини тушундик.
-Мана кўп вақт Ўзбекистонда яшадингиз, ўзбекларнинг тили ва маданияти билан яқиндан танишдингиз. Сиз Финляндиядаги дўстларингизга ҳам Ўзбекистон ҳақида гапириб берасизми?
-Ҳа, мен ўзбекларнинг турмуш тарзи, маданияти ва дунёқараши ҳақида дўстларимга айтганман. Лекин, улар ишонишмаган. Чунки финландлар ва ўзбеклар орасида ҳар томонлама катта фарқ бор. Ўзбеклар ўзининг меҳр-оқибатлилиги, қария ота-оналарини ҳурмат қилиши билан финландлардан ажралиб туради. Айниқса, палови билан. Ўзбеклар – юраги катта одамлар.
Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди
Мавзуга оид
14:29 / 13.11.2024
Финландия Тимченко ва Ротенбергнинг ҳоккей аренасини мусодара қилади
18:36 / 08.11.2024
Финландия аэропортлари GPS тизимидаги узилишлар туфайли 1960 йиллардаги навигациядан фойдаланишга ўтди
12:40 / 30.10.2024
Yle: Финландияда РФ давлат мулки хатловга олинди
13:50 / 29.10.2024