Жаҳон | 20:28 / 26.04.2020
159231
16 дақиқада ўқилади

34 йиллик сир. Чернобиль фожиаси қандай содир бўлганди?

Бундан роппа-роса 34 йил аввал инсоният тарихида ўчмас из қолдирган машъум воқеа содир бўлганди. Бу воқеа шунчалик сирлики, унинг аниқ тафсилотлари ҳозиргача мавҳум...

Фото: BBC

1986 йилнинг 26 апрель куни Чернобилдаги атом электростанцияси портлаб, оқибатда кўплаб одамлар вафот этган ва ундан ҳам кўпроқ одам майиб-мажруҳ бўлиб қолганди. Ҳозир Чернобиль ҳудудида анчадан буён ўрмон ёнғинлари содир бўлмоқда. Шу баҳонада Чернобилдаги машъум воқеани ёдга олсак.

Чернобиль АЭС Украина ССР ҳудудида, Киевдан 110 километр, Беларусь билан чегарадан 16 километр, Чернобиль шаҳридан 15 километр узоқликдаги Днепрнинг ирмоғи бўлган Припять дарёси ёқасида жойлашган эди. Унга энг яқин аҳоли манзили шу АЭС ишчилари яшайдиган Припять шаҳарчаси бўлган. 1986 йилнинг апрель ойида Чернобиль АЭСда жами тўртта энергоблок ишлаб турган, бешинчи энергоблок қурилиши 80 фоизга якунланган ҳамда олтинчи энергоблокнинг чуқури кавланаётган эди.

Чернобиль АЭС қурилиши 1971 йилда бошланган ва 1977 йил 25 сентябрда ишга туширилган. Бу АЭС ўша пайтда Украина ССРда истеъмол қилинаётган электр энергиясининг 10 фоизини ишлаб чиқарган. АЭС 2000 йилда ёпилган.

Фалокат

1986 йил 26 апрель куни соат 01:23да Чернобиль АЭСнинг 4-энергоблогида портлаш содир бўлади ва реактор бутунлай ишдан чиқади. Портлаш оқибатида энергоблокнинг бир қисми қулаб тушади ва бош оператор ҳалок бўлади. АЭСдаги авария ортидан ҳавога уран изотоплари, плутоний, йод-131 (таъсири 8 кун), цезий-134 (таъсири 2 йил), цезий-137 (таъсири 30 йил), стронций-90 (таъсири 28 йил) тарқаб кетади.

Аслида портлаш юз берган 4-энергоблок 25 апрель куни таъмирлаш ишлари олиб бориш учун тўхтатилиши керак бўлган, аммо номаълум сабабларга кўра негадир таъмирлашни ортга суришади. Чернобиль аварияси ҳақида расмий эълон қилинган сабаблардан ташқари яна кўплаб расмий бўлмаган сабаблар келтирилган.

СССР давлат комиссияси суриштирувлар натижасида ўз хулосаларини эълон қилган ва унда асосан АЭС раҳбарияти айбдор сифатида кўрсатилган. Шунингдек, совет олими Валерий Легасов бошчилик қилган МАГАТЭ (Халқаро атом энергетикаси ташкилоти) томонидан юборилган гуруҳ ҳам СССР давлат комиссиясининг хулосасини маъқуллаган. Хулосага кўра, АЭС раҳбарияти хавфсизлик техникаси қоидаларига мутлақо амал қилмаган ва оқибатда фалокат юз берган.

СССР тарқалганидан кейинги хулосалар

1991 йилда СССР давлат атом назорати комиссияси ишни қайтадан кўриб чиқди ва АЭС раҳбарияти айбланган олдинги хулосаларни рад этиб, Чернобилдаги фалокатга реактор энергоблоги конструкциясидаги камчиликлар сабаб бўлгани ҳақида хулоса берди.

1993 йилда INSAG (INSAG; International Nuclear Safety Advisory Group – халқаро ядровий хавфсизлик ташкилоти) қўшимча ҳисоботларни маълум қилади. Унда аввал эълон қилинган биринчи ҳисобот хато бўлгани, 1986 йилда ишни тўлақонли ўрганишнинг иложи бўлмагани учун асосан СССР давлат атом назорати қўмитаси хулосасига таянилгани, СССР тарқагандан сўнг фалокат бўлган объектга тўлақонли кириб фалокат сабабларини ўрганиш имконияти бўлгани ёзилган эди.

Шунингдек, ҳисоботда реактор лойиҳасида хатолар бўлгани ва энергоблок аввал бошданоқ нотўғри конструкция билан қурилгани келтирилган. Шундан сўнг INSAG томонидан яна бир неча марта Чернобиль фалокати бўйича суриштирувлар ўтказилди ва уларда янгидан-янги далиллар ўртага чиқди.

INSAG томонидан ўтказилган сўнгги суриштирувда, дарвоқе у INSAG-7 деб аталади, қуйидаги хулоса берилди:

- реактор хавфсизлик нормаларига жавоб бермаган;

- хавфсизликни таъминлашда фойдаланиш қоидалари бефойда бўлган;

- атом энергиясидаги хавфсизликни тартибга солиш ва назорат қилиш режими самарасизлиги, миллий ва маҳаллий даражада ядро масалаларида хавфсизлик маданияти умуман бўлмаган;

- операторлар орасида, шунингдек операторлар ва лойиҳачилар ўртасида хавфсизлик тўғрисидаги маълумотлар самарали алмашилмаган, ходимлар объектнинг хавфсизликка таъсир кўрсатадиган хусусиятлари тўғрисида етарли маълумотга эга бўлмаган;

- ходимлар бир қатор хатоларга йўл қўйган ва мавжуд кўрсатмалар ҳамда синов дастурига амал қилинмаган.

Умуман олганда, охирги хулосасида INSAG-7 фалокат сабаблари тўғрисидаги ўз хулосаларини эҳтиёткорлик билан баён қилади.

Умумий хулоса шу бўладики, лойиҳа бошданоқ хато бўлган. Шунингдек, АЭС ходимлари белгиланган нормалар ва хавфсизликка амал қилмаган, раҳбарият эса бунга эътиборсиз бўлган.

Фалокат оқибатлари

Портлаш оқибатида 4-энергоблок қулаб тушиб оператор Валерий Ходемчук ҳалок бўлади. Оғир жароҳат олган яна бир ходим тонгга яқин вафот этади. Портлашдан сўнг Чернобиль АЭСга кўплаб қутқарув бригадалари жалб қилинади. Уларнинг барчаси нурланишга дуч келади ва биринчи ойнинг ўзида АЭС ходимлари ва қутқарувчилардан 28 киши вафот этади.

Фалокатдан энг кўп жабрланганлар ўт ўчирувчилар бўлган. Портлаш оқибатида ёнғин келиб чиққан ва уни ўчириш учун нафақат АЭСдаги ўт ўчириш жамоаси, балки Припять шаҳридаги ўт ўчириш жамоаси ҳам жалб қилинган. Нурланиш ва қаттиқ куйишдан кўплаб ўт ўчирувчилар жароҳатланади. Норасмий маълумотларда жуда кўп ўт ўчирувчи ҳалок бўлгани келтирилади.

Чернобиль фалокати 26 апрелда содир бўлгач, эртасига Припять шаҳри аҳолисини кўчириш ишлари бошланади. Шаҳарнинг 50 минг аҳолисини 1 225та автобусда Янов темир йўл бекатига олиб бориш учун 3 соат кифоя қилади. Автобуслар Киев ва бошқа яна бир нечта шаҳарда йўловчи ташиш линияларидан ажратиб олиб келинади.

Радиация Европага тарқалмаганда Чернобиль фожиаси ҳақида ҳеч ким билмас эди

Чернобиль АЭС фалокати ҳақида илк бор Швеция пойтахти Стокҳолм шаҳри яқинида жойлашган «Форсмак» радиация хавфсизлигини ўлчаш станцияси ходимлари хабар тарқатади. Аввалига улар 27 апрелдан ҳавода радиация миқдори кескин ошиб кетганини аниқлайди ва бу ҳақда тревога кўтариб, Швеция ҳукуматига хабар беради.

Текширувлар натижасида фалокат Швеция ёки унга қўшни бўлган Скандинавия мамлакатларида содир бўлмагани аниқланади. Швецияга радиацияни жанубий-шарқдан эсган шамол олиб келган ва радиация тарқалаётган манба СССР ғарбида, Киев яқинидаги Чернобиль АЭС ҳудуди эканини маълум бўлади. Шундан сўнг швециялик мутахассислар МАГАТЭга мурожаат қилиб, СССР ғарбида содир бўлган фалокат ҳақида хабар берилмагани учун изоҳ сўрашади.

Швециядаги манбага таяниб бутун дунёда ОАВ Киев яқинидаги АЭСда ядровий фалокат содир бўлгани ҳақида ёза бошлайди, аммо ҳеч ким АЭСда юз берган фалокатнинг кўламини билмасди. Чернобилдаги АЭСдан осмонга радиация тарқалаётган вақтда Кремлда фалокат ҳақида ваҳимали хабар тарқатмаслик муҳокама қилинаётган эди...

Халқаро ташкилотлар, кўплаб хорижий давлатлар босими остида 28 апрелда «Время» дастурида Чернобиль АЭСда «арзимаган техник носозлик» юз бергани ҳақида кичик хабар берилади. Аммо дунё аҳлини фалокат кўлами «арзимаган техник носозлик» даражасида бўлганига ишонтириб бўлмасди. Радиация тўлқини Швециягача етиб бордими, демак унинг кўлами Москвадаги расмийлар таъкидлаётгани каби «арзимас» эмасди.

«Ваҳима кўтарманг, акс ҳолда партиядан ҳайдалиб, қамаласиз»

Мамлакат аҳолиси ва ташқи дунё ҳеч нарсани билмаслиги учун Михаил Горбачёв Украина ССР компартиясининг 1-котиби Владимир Шербицкийга 1 май байрамини Украинада катта тантаналар билан ўтказишни буюради.

Кейинчалик Шербицкийнинг умр йўлдоши Рада Гавриловна Шербицкая шундай эслайди: «1 май куни Киевдаги тантана соат 10:00да бошланиши керак эди. Вақт бўлса ҳам Владимир Васильевичдан дарак бўлавермади. Бир пайт майдонга ҳукумат машинаси келиб тўхтади ва ундан Владимир Васильевич тушди. Кайфияти йўқлиги шундоққина юзидан билиниб турарди. У байрам тадбирини жилмайиб ўтказган бўлса-да, қандайдир кўнгилсизлик бўлганини сезиб турар эдим.

Владимир Васильевичнинг айтишича, ўша куни тадбирдан аввал Киевдаги байрамни қолдиришни сўраб Горбачёвга телефон қилган. Горбачёв эса унга «Ваҳима кўтарма. Байрамни қолдиришни ўйлама. Мабодо ваҳима тарқалса, партиядан ҳайдаласан ва борар манзилинг аниқ, буни биласан», деб пўписа қилган экан.

Бугун ўша пайтда Владимир Васильевич Москвага Киев шаҳри аҳолисини зудлик билан кўчириш кераклигини айтганини кўпчилик билмайди. Ўшанда унинг таклифларига ваҳима кўтармасдан жим ўтиришни, акс ҳолда партиядан ҳайдаб, қамоққа тиқишларини айтиб жавоб қайтаришган», дейди Рада Шербицкая.

29 апрелда эса марказий нашрлар билан биргаликда Украинада чоп этиладиган газеталарнинг бир чеккасида «Чернобиль АЭСдаги реакторлардан бирида кичик техник фалокат юз бергани, мутахассислар уни бартараф этиш чораларини кўраётгани ва фалокат сабабларини ўрганиш учун ҳукумат комиссияси тузилгани», ҳақида кичик хабар пайдо бўлади.

Ўша кезда хорижий ОАВ, турли давлатларнинг элчихоналари Чернобилда бўлиб ўтган иш ҳақида тинмай маълумот сўрар, аммо вазият тўлиқ КГБ назоратида бўлгани учун ҳеч кимга маълумот берилмасди. Бу вақтда Киевдаги хорижликлар турли баҳоналар билан ўз мамлакатига жўнатиб юборилади.

АЭС ҳақидаги маълумотлар Киевга Москва орқали берилади. Масалан, МАГАТЭ раҳбари Ханс Бликснинг Киевга ташрифини Украина расмийлари ҳам, ОАВ ҳам Москва орқали билишади.

Хорижий ОАВ ва элчихоналар, турли халқаро ташкилотлар сўровларига жавобан КГБ томонидан расмий жавоблар тайёрлаш бошланади. Шунингдек, турли хорижий шахслардан «Киевда ҳаёт одатдагидай давом этаётгани ва ҳеч қандай радиация таъсири йўқлиги» ҳақида интервьюлар ташкил этилади. Жумладан, Франция сайёҳлик бюросининг вакилидан шу тарзда интервью олинган.

Михаил Горбачёв 14 майга келибгина Чернобиль фалокати ҳақида илк марта гапиради. У ҳам Чернобиль фалокати ҳақида хорижий ОАВ, турли халқаро ташкилотлар ошиқча ваҳима кўтараётгани, амалда эса Чернобилда арзимаган техник фалокат бўлгани ҳақида сўзлайди. Хусусан, «Биз Чернобиль ҳақида Ғарб тарқатаётган бир уюм ёлғонларга дуч келмоқдамиз, деган эди Горбачёв.

Унгача эса «Правде Украини» газетасида «Эҳтиёт бўлиш тавсия этилади» сарлавҳаси остида Украина ССР соғлиқни сақлаш вазири Анатолий Романенконинг аҳолига мурожаати эълон қилинади. Мурожаатда вазир Чернобиль АЭСидаги энергоблоклардан бирида кичик техник фалокат юз берган кунларда ҳавода радиация даражаси бироз кўтарилгани, аммо сўнгги кунларда у пасайгани ва белгиланган нормага тушгани, шунинг учун хавотирланишга асло ҳожат йўқлиги ҳақида ёзади.

Ўшанда ўз таклифларига Москвадан рад жавобини олган Шербуцкий нима қилиб бўлса ҳам халққа ёрдам бериш йўлларини қидиради ва Киевдаги мактаб ўқувчиларини май ойининг бошиданоқ ёзги таътилга жўната бошлайди. Шунингдек, мамлакат бўйлаб алкоголли ичимликларга қарши кураш кетаётган пайтда у Киевда алкоголь маҳсулотларининг эркин сотилишига рухсат олади. Бунга врачлар алкоголь радиацияни кесади, деб хулоса бергани сабаб бўлади.

Фалокатни бартараф этиш учун жалб қилинган «қурбонлар»

Чернобилдаги реактор портлашида 54 киши ҳалок бўлган, аммо радиация минглаб кишиларни ҳаётдан олиб кетган
GETTY IMAGES

Фалокат содир бўлган 4-энергоблок жойлашган «Укрытие» объектининг собиқ бош муҳандиси, Чернобиль фалокатининг илк кунларида ҳодиса жойида бўлган Вадим Гришенко воқеаларни шундай эслайди: «Авариядан кейинги дастлабки кунларда биз ҳам, АЭС ишчи-ходимлари ҳам, СССРнинг барча республикаларидан келган олимлар ҳам «энди нима бўлади?» деган саволга жўяли жавоб бера олмасдик. Ҳамма иккинчи портлаш рўй беришидан қўрқарди.

Ҳамма ишни Москвадан келган комиссия аъзолари (уларнинг кўпчилиги КГБ ходимлари эди) қўлга олган ва барча иш уларнинг буйруқ ва кўрсатмалари билан амалга оширилар эди. Иккинчи портлашнинг олдини олиш учун комиссия вайрон бўлган реакторнинг оғзига занжирли реакцияни ўчирадиган материаллар билан аралаштирилган минглаб тонна қум ташлашга қарор қилди. Бу иш учун Афғонистондан олиб чиқилган генерал Антошкиннинг учта асосий ва битта ёрдамчи вертолёт полк бўлинмаси Чернобилга сафарбар этилади.

Тасаввур қилинг-а, урушни бошдан кечирган ва Афғонистондан қайтиб келганидан сўнг ҳаётида энг хавфли лаҳзалар ортда қолганига умид қилган учувчилар ўзи хоҳламаган ва даҳшатни ҳис қилмаган ҳолда яна урушдан қолишмайдиган даҳшатли гўшт майдалагичга тушишди», деганди Вадим Гришенко.

Вертолётлар ўзига ортилган қумни мўлжалга аниқ ташлаш учун нисбатан пастроқ, инсон ҳаёти учун хавфли бўлган рентген нурлари тарқалиб турган баландликда учиш керак эди. Бу ишда қатнашган учувчилар радиация таъсирида соғлиғини йўқотгани учун икки-уч кундан кейин касалхонага олиб кетилган. Ўнга яқин вертолёт ерга қулаб тушади: улар вайроналарда чиқиб қолган арматуралар билан тўқнашиб кетар ёки реактордан кўтарилган иссиқлик оқими ва радиация тўлқинига тушиб қоларди.

Wikimedia

Чернобиль АЭС фалокатидан армияда хизмат қилаётган ёш аскар йигитлар ҳам кўп жабр кўришади. Ўша пайтда раҳбарият радиация кўламини билиб турган бўлса-да, фалокатни бартараф этиш учун Чернобилга жуда кўплаб аскарларни жўнатади.

«Вайрон бўлган иншоотнинг томини тозалаш ишлари бир ой давом этди. Шу вақт мобайнида у ерда минг нафардан ошиқроқ аскар хизмат қилди. Уларнинг аксарияти ўша ерда ўз соғлиғини йўқотди. Янги олиб келинаётган аскарлар ўз сафдошлари бу ердан ногирон бўлиб қайтаётганини кўрса ҳам, хизматдан бўйин товлашга ҳаққи йўқ эди.

Айниқса вайрон бўлган иншоот томида ишлаётган аскарларга қийин эди. У ерда ҳарорат жуда иссиқ бўлишидан ташқари юқори радиация тўлқини бор эди.

Аскарларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун уларга 2,5 миллиметр қалинликдаги зирҳли кийим кийдирилган. Қўлларига қўрғошиндан тайёрланган қўлқоп кийишган, юзида ҳам ҳимоя ниқоби бўлган. Аммо бу чора ҳам уларни заҳарланишдан сақлаб қололмасди.

РИА «Новости»

Ҳар бир аскарнинг орқасига катта қилиб рақам ёзилган эди ва ўша рақамлар орқали қайси аскар нима билан машғуллиги кузатиларди», деб эслайди Чернобиль АЭС фалокатини бартараф этиш бўйича муҳандис ўринбосари Юрий Самойленко.

Фалокат қурбонлари

Фото: 24СМИ

Чернобиль АЭСда ўша пайтда расмий ҳужжатларда 54 нафар одам ҳалок бўлгани қайд қилинган. Аммо кейинчалик фалокат натижасида ва уни бартараф этишда жами 4 мингга яқин киши ҳалок бўлгани маълум қилинган.

Чернобиль АЭС фалокати натижасида жами 115 минг одам эвакуация қилинган. 1986-1992 йиллар давомида фалокат жойида унинг асоратларини бартараф этиш ишларида жами 526 250 нафар одам қатнашган. Уларнинг барчаси кейинчалик радиация билан зарарланиш оқибатида маълум даражада ногирон бўлган.

Чернобиль АЭС фалокати МАГЕТЭ томонидан тузилган INES (International Nuclear Event Scale – Ядро ҳодисаларининг халқаро шкаласи) кўрсаткичида 7 шкалали фалокат деб баҳоланган.

Чернобиль АЭСида юз берган фалокатда бошқа иттифоқдош республикалардан келган қутқарувчилар қаторида кўплаб ўзбекистонликлар ҳам қатнашган. Шунингдек, фалокатни бартараф этиш учун жалб қилинган аскарлар сафида ҳам кўплаб ўзбекистонликлар бўлган.

Чернобиль фожиаси ҳақида жуда кўп фильмлар ишланган. Улар орасида 2019 йил АҚШ ва Буюк Британия киноижодкорлари томонидан ишланган 5 қисмли фильм тезда машҳурлашди. «Ёлғоннинг қийматини билиб ол» шиори билан ишланган бу фильм катта экранларда намойиш этилгач, Чернобилда сайёҳлар сони кўпайиб кетгани айтилади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади

Мавзуга оид