Жаҳон | 13:22 / 09.05.2020
13826
6 дақиқада ўқилади

Коронавирус пандемияси Кореядаги ўзбек муҳожирларига қандай таъсир кўрсатди?

Kun.uz Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Жанубий Кореядаги ваколатхонаси раҳбари Алишер Сулаймонов билан суҳбат уюштирди. Суҳбат давомида Жанубий Кореяда коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият, Ўзбекистон фуқароларининг визаларини узайтириш, шунингдек, Кореядаги ўзбек меҳнат муҳожирлари фаолияти ҳамда бошқа қатор муаммоларга атрофлича тўхталиб ўтилди.

Ваколатхона раҳбарининг маълум қилишича, айни дамда Жанубий Кореяда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг умумий сони 73706 нафар (31 март ҳолатига), шундан, меҳнат муҳожирларининг сони 35 мингдан ортиқ бўлиб, рўйхатдан ўтмаган муҳожирлар - (ID картага эга эмас) 18 540,  ноқонуний меҳнат муҳожирлари сони 13 500 га яқин нафарни ташкил этади.

- Март ойи бошларида Жанубий Корея коронавирусга чалинганлар сони бўйича Хитойдан кейинги ўринга жойлашди. Бу эса Кореядаги ҳамюртларимизнинг хавотирларига сабаб бўлди. Ҳозир эса вазият анчайин юмшаган. Корея ҳукумати ушбу инфекцияга қарши қандай курашди?

- Коронавирус Жанубий Кореяда илк марта 21 январь куни қайд этилганидан кейин ҳукумат томонидан ушбу вирусга қарши курашиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошида махсус гуруҳ ташкил этилди ва фуқароларни сўнгги янгиликлардан хабардор қилиб борувчи интернет саҳифаси ишга тушди. 29 февралда эса коронавирусга чалинганлар сони кескин ошиб, шу куннинг ўзида 900дан ортиқ кишида вирус аломатлари аниқланди. Шу куни мамлакатда коронавирус катта эпидемик хавф сифатида эълон қилинди.

Корея фуқароларининг давлат томонидан жорий этилган фавқулодда қарорларига масъулият билан итоат этиб, эпидемияга қарши бир ёқадан бош чиқариб, ҳаракат қилишгани менинг эътиборимни тортди. Ҳукумат касаллик тарқалиш тезлигини камайтириш учун икки муҳим тамойил остида иш олиб борди: шаффофлик, яъни коронавирус билан боғлиқ барча зарур маълумотлар (касалланганлар, соғайганлар, вафот этганлар сони (шахсини ошкор этмаган ҳолда), уларнинг яшаш манзили, коронавирус юқиш эҳтимоли мавжуд бўлган ҳудудлар ва ҳ.к.)ни очиқ-ойдин ўз вақтида аҳолига етказиш ҳамда вирусга чалиниши эҳтимоли мавжуд бўлган инсонларни оммавий тарзда эрта тест синовидан ўтказиш. Корея аҳолиси “ижтимоий масофаланиш” қоидасига масъулият билан ёндашган ҳолда изоляция режимидан муваффақиятли ўта олди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг
Жанубий Кореядаги ваколатхонаси раҳбари Алишер Сулаймонов

- Ҳозирда коронавирус сабабли Ўзбекистонга қайта олмаган фуқароларимизнинг визалари муддатини узайтириш масаласи қандай ҳал бўлмоқда?

Норматив ҳужжатларни такомиллаштириш ҳамда коронавирус тарқалиши билан вужудга келган вазиятни назоратга олиш мақсадида Корея ҳукумати томонидан бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилди. Кўплаб давлатларда пандемия туфайли авиақатновлар тўхтатилгани боис бу Кореяга ҳам ўз таъсирини ўтказди. Мамлакат Адлия вазирлиги қошидаги миграция хизмати ҳамда Корея бандлик ва меҳнат вазирлиги томонидан тезкор чоралар кўрилмоқда. Ўз навбатида,Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Жанубий Кореядаги ваколатхонаси Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонаси билан биргаликда мутасадди ташкилотларга виза билан боғлиқ масалалар юзасидан мурожаатлар йўллади.

2020 йил 9 апрель куни эълон қилинган янгиликка кўра, 9майдан 31майга қадар виза муддати тугайдиган фуқаролар ўз визаларини миграция хизматига мурожаат қилиш орқали 3 ой муддатга қадар узайтириши мумкин. Бунда айрим тоифадаги виза турлари автоматик тарзда узайтирилмоқда, баъзи фуқаролар эса миграция хизматига мурожаат қилиш орқали визаларини чўздириш имконига эга бўлишади. Фуқаролар иммиграция офисига боришдан аввал виза тугаш муддатини http://www.hikorea.go.kr сайти орқали текшириб кўришлари мумкин. Агар виза автоматик тарзда узайтирилган бўлса, иммиграция офисига боришга ҳожат қолмайди.

Шунингдек, Е9 визасига эга бўлган фуқароларнинг визалари ҳам жорий йилнинг 14апрелидан бошлаб уч ой давомида визаси тугаётганларга 50 кунга узайтириб берилди.

- Айни дамда Кореядаги меҳнат муҳожирлари дуч келаётган энг катта муаммолар нималардан иборат?

- Ўзбекистон фуқароларининг Корея Республикасида вақтинчалик меҳнат қилиши давомида дуч келаётган муаммоларни санаб ўтадиган бўлсак, улардан энг асосийси фуқароларимизнинг корейс тилини  билмаслиги муаммосидир. Бошқа муаммо ва қийинчиликларни келтириб чиқарадиган биринчи сабаб мана шу тил муаммоси саналади. Бунинг натижасида, иш берувчилар билан зиддиятлар, тушунмовчиликлар, ўз ҳуқуқларини етарлича ҳимоя қила олмаслик ҳолатлари келиб чиқади. Ундан ташқари, ваколатхонага келиб тушаётган мурожаатларни таҳлил қиладиган бўлсак, иш ҳақи тўланиши билан боғлиқ кўплаб муаммолар кузатилмоқда. Лекин бу муаммоларни ҳал этиш Корея ҳукумати томонидан қонуний ҳужжатлар асосида ҳимоя қилинади.

Бундан ташқари, маошнинг нотўғри ҳисобланиши, иш якунидаги ҳисоб-китобларда камчиликлар, иш берувчиларнинг асоссиз равишда меҳнат шартномасини муддатидан аввал бекор қилиши каби ҳолатлар ҳам мавжуд. Аммо бу каби вазиятларни бартараф этиш учун Кореянинг тегишли ташкилотлари ва ҳуқуқий органлари билан ҳамкорликда муаммолар ҳал этиб келинмоқда.

Шунингдек, Алишер Сулаймонов 2017 йилнинг ноябрида Жанубий Кореяга вақтинчалик меҳнат қилиш учун келган ва 2018 йилнинг 27 июль куни кома ҳолатига тушиб, шифохонада даволаниб келаётган Абрам Оқилов ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

Маълум бўлишича, 26 март куни Корея Республикаси Бандлик ва меҳнат вазирлиги Хорижий фуқаролар билан ишлаш бўлими масъул ходими Че Нанг Жу билан музокаралар олиб борилиб, Абрам Оқиловни бошқа шифохонага кўчириш масаласи бўйича Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар оқибатида етказилган зарарларни қоплаш хизмати бош офиси ва Ужонгбу шаҳар филиали билан ҳамкорликда шифохоналарда жой борлигини аниқлаштириш юзасидан ишлар олиб борилди.

Бироқ  коронавирус туфайли давом этаётган карантин сабаб шифохоналарда жой йўқлиги учун айни пайтда шифохоналар томонидан Абрам Оқиловни қабул қилиш имкони йўқлигига қарамай, элчихона ҳамда ваколатхона томонидан беморни бошқа шифохонага ўтказиш юзасидан ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Интервью давомида ноқонуний меҳнат муҳожирлари сонини камайтириш бўйича ваколатхона томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар, коронавирус пандемиясининг ўзбек меҳнат муҳожирлари ҳаёти ва иш фаолиятига кўрсатган таъсири ҳақида ҳам суҳбат олиб борилди.

Феруза Авазова суҳбатлашди

Феруза Авазова
Тайёрлаган Феруза Авазова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид