Ўзбекистон | 08:02 / 11.05.2020
35443
4 дақиқада ўқилади

Шуҳрат Қурбонов: «Юзага келган ноқулайликлар учун пенcионерлардан узр сўрайман»

Жорий йилнинг 7 ва 8 май кунлари Humo тўлов тизими фаолиятида узилишлар кузатилди. Кейинчалик Миллий банклараро процессинг маркази ушбу ҳолат бўйича изоҳ берди.

7 ва 8 май кунлари, соат 11:00дан соат 13:00гача POS терминаллари орқали тўловларни амалга оширишда кузатилган қийинчиликларга пул маблағларини пенсия карталарига ўтказиш операцияларининг шиддатли равишда ўсиши, шунингдек банк кассалари ва банкоматлари орқали пул маблағларини нақдлаштириш хизматларига талаб юқорилиги сабаб бўлгани билдирилди.

«Миллий банклараро процессинг маркази» директори Шуҳрат Қурбонов Facebook’даги саҳифасида юқоридаги ҳолат билан боғлиқ яна бир пост қолдирди.

Унда айтилишича, «Миллий банклараро процессинг маркази» Humo тўлов тизимининг оператори ҳисобланади.

«Тўлов тизимининг оператори нима билан шуғулланади? У тизим ишлашини таъминлайди ва қўллаб-қувватлайди - сиз картани терминалга қўйганингизда ва тўловни босганингизда тўлов амалга оширилиши учун ишлайди. Қисқача айтганда, 7 ва 8 май кунлари икки соат давомида тўловларни амалга оширишда қийинчиликлар бўлгани - бизнинг айбимиз, агар керак бўлса - менинг айбим. Аммо биз карталарни чиқармаймиз, банкоматлар, терминалларни ўрнатмаймиз, банклар ва тўлов ташкилотларидан бошқа ҳеч ким билан ишламаймиз.

Унда Humo нима ва буларнинг барчаси билан ким шуғулланади? Humo иштирокчилар - банклардан иборат. Яъни, 30та банк айнан Humo’дир. Улар тўлов тизимига эгалик қилади. Марказий банк ҳам, бошқалар ҳам эмас, балки айнан иштирокчи банклар. «Humo картасини чиқарди» дейилганида, бу иштирокчи банк картани чиқарганлигини англатади. Картангизнинг юқори қисмида уни чиқарган банкнинг логотипи жойлашган.

Сиз ўзимни жавобгарликдан озод қиляпман деб ўйлашингиз мумкин, аммо бундай эмас, тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида қонун бор - у ерда ҳамма нарса ёзиб қўйилган.

Миллий банклараро процессинг маркази оператор сифатида банкоматларни сотиш билан ҳам, карталарни сотиш билан ҳам, терминалларни сотиш билан ҳам шуғулланмайди, бизнинг вазифа жуда оддий - бу ҳақда юқорида тушунтирдим.

Humo тўлов тизими халқаро тўлов тизимларига хос бўлган принципларга асосланган, хусусан, PIN кодни киритмасдан тўловларни амалга ошириш имконининг мавжудлиги, контактсиз тўлов, мижозни идентификация қилмасдан карта ҳисобини масофадан бошқариш имкониятининг берилмаслиги ҳамда бошқалар. Бу тўлов тизимининг ўзига хос хусусияти бўлиб, у барчамиз ўрганган тажрибадан фарқ қилади.

Агар банклардан бири тўлов тизимининг хусусиятлари ва унинг имкониятларини ҳисобга олмаган ҳолда карталар чиқаришга қарор қилса, банк ушбу қарор учун барча жавобгарликни ўз зиммасига олади. Бу мижозлар эҳтиёжларини қондириш механизми ва қоидалари. Ахир, ҳар бир банк ўз мижозининг ўзига хос хусусиятлари ва психологик портретини яхши билади, ўз техник имкониятлари ҳақида аниқ тасаввурга эга ва ўзининг заиф томонларидан хабардор. Ушбу кўрсаткичлар асосида банк келгусида мижозлар билан ишлаш сиёсатини ишлаб чиқади.

Аммо, афсуски, ҳар доим ҳам шундай бўлмайди, шунинг учун мен ўз номимдан ва Миллий банклараро процессинг маркази номидан ушбу вазият туфайли юзага келган ноқулайликлар ҳамда стресс учун пенcионерлардан чин дилдан узр сўрайман.

Мижозлар билан ишлаш жараёнини ташкил этишдаги муаммолар тўлов тизимида қисқа муддатли юкламаларни келтириб чиқарганига қарамай, биз ўз имкониятларимизни кенгайтиришда давом этамиз ҳамда банкларни қўллаб-қувватлаймиз, бунда улар тўлов тизимининг қоидаларига риоя қилиши керак, жумладан мижозлар билан ишлашни ташкил этиши лозим», - деб ёзади Шуҳрат Қурбонов.

Мавзуга оид