Жамият | 14:47 / 24.05.2020
12855
2 дақиқада ўқилади

Фарғона политехника институти талабалари мобил фотоэлектрик светофор ихтиро қилишди

Фарғона политехника институти талабалари электр энергия тежайдиган ақлли светофорни кашф қилди, деб маълум қилди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги.

Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

Мазкур мобил, фотоэлектрик автоном светофор йўлларда таъмирлаш ишларини бажариш, махсус тадбирлар ўтказиш, пиёдалар ўтиш хавфсизлигини таъминлаш ва бошқа ишларни бажаришда транспорт ҳаракатини вақтинчалик тартибга солиш учун мўлжалланган.

Мобил светофор қуёш панели, аккумулятор, оптик светодиодли светофор ва тизимни бошқариш электрон блокларидан иборат. Буларнинг барчаси ҳаракатланувчи аравачага ўрнатилган.

Электр энергия манбайи бўлган 50 ватт қуёш фотоэлектрик панели – кучланиш 12 вольт ва ток кучи 70 ампер/соатли аккумулятор орқали – светофорни тун-у кун бардавом ишлашини таъминлайди.

Светофор қизил ва яшил ёнувчи икки секцияли 8та ёритиш чироқларидан иборат.

Кўчма светофор қуёш панеллари ёрдамида ўзини ўзи бемалол таъминлай олади. Қуёшсиз ҳолатда ҳам аккумуляторлар орқали 14 соатгача ишлаши мумкин.

Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

Конструкциялашда асосий эътибор энергия тежамкор, автоном ишловчи, мобил, яъни бир жойдан бошқа жойга қўшимча харажатсиз кўчириш имкониятини берувчи, иш режими яшил, қизил чироқларни алмашинув интервали тез созланувчи светофор яратишга қаратилган.

Хорижда ишлаб чиқарилаётган светофорларнинг нархи мамлакатимизга олиб келиш харажатлари билан ўртача 1000 АҚШ долларига тўғри келади. Республикамизда эса светофорларга талаб жуда юқори. Масалан, биргина умумтаълим мактаблари учун 10 мингдан ортиқ бундай қурилмаларга эҳтиёж бор.

Таклиф этилаётган импорт ўрнини босувчи мобил, фотоэлектрик, автоном светофорни тайёрланиш тан нархи эса хорижда ишлаб чиқарилган светофор нархига нисбатан 55 фоиз арзон. Унинг устига, мамлакатга олиб кириш харажатлари ҳам йўқ.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, буюртмачиларнинг талаби ва ҳудудларнинг шароитларидан келиб чиққан ҳолда светофорнинг конструкцияси, функцияси, чироқларнинг ёниш вақтлари ва интервалларини ўзгартириш ёки масофадан бошқариш тизимига ўтказиш мумкин, дейилади вазирлик хабарида.

Мавзуга оид