Жаҳон | 16:15 / 08.06.2020
5948
2 дақиқада ўқилади

Бразилияда Жаир Болсонаруга қарши оммавий намойишлар бўлиб ўтди

Жаир Болсонару коронавирус хавфли эканлигини инкор этиб келмоқда. У COVID-19ни "енгил грипп" деб атаган. Бундан ташқари, Бразилия штатларида чекловлар жорий этган губернаторларни бир неча марта танқид қилган.

Фото: Getty Images

Бразилияда мамлакат президенти Жаир Болсонаруга қарши оммавий намойишлар ва уни қўллаб-қувватловчи акциялар бўлиб ўтди. Бу ҳақда AFP агентлиги хабар бермоқда.

Бу Бразилияда коронавирус пандемияси бошланганидан буён Болсонаруга қарши ўтказилган биринчи норозилик намойишидир. Шу билан бир вақтда президент тарафдорлари ҳам йиғилиб, уни қўллаб-қувватловчи акция ўтказди. Болсонарунинг ўзи ҳам тарафдорлари ўтказган акцияларда бир неча марта қатнашган.

Сан-Паулуда Жаир Болсонаруни қўллаб-қувватлаш учун 50га яқин киши йиғилди, деб ёзади AFP. Улардан ўн километр нарида эса минглаб фуқаролар давлат раҳбарига қарши намойиш ўтказди.

"Болсонару – ҳаммага қарши: унга қора танлилар ҳам, аёллар ҳам керак эмас. У фақат бойлар ҳақида ўйлайди", - дея намойишчилардан биридан иқтибос келтирмоқда агентлик.

Жаир Болсонару коронавирус хавфли эканлигини инкор этиб келмоқда. У COVID-19ни "енгил грипп" деб атаган. Бундан ташқари, Бразилия штатларида чекловлар жорий этган губернаторларни бир неча марта танқид қилган.

Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, мамлакатда коронавирус юқтирганлар сони 685,4 мингдан ошган, 37,3 минг киши вафот этган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид