Ўзбекистон | 00:54 / 13.06.2020
10759
3 дақиқада ўқилади

Сирдарёдаги тошқиндан энг кўп Оқолтин туманидаги экинзорлар зарар кўргани маълум бўлди

Дастлабки ҳисоб-китоблар бўйича, «Сардоба» сув тошқинидан зарар кўрган умумий экинзорлар майдони 19 592 гектарни ташкил этади. Шундан 5 361 гектар Сардоба, 8 723 гектар Оқолтин, 5 508 гектар эса Мирзаобод туманига тўғри келади.

Фото: ФВВ

Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Нигора Хўжаева АОКАда ўтказилган онлайн брифингда маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, 3та туманда 127 гектар ҳосилли боғлар ҳам зарар кўрган. Шундан 34 гектари Мирзаобод тумани, 54 гектари Оқолтин тумани, 39 гектари Сардоба тумани ҳудудида жойлашган.

Маълум қилинишича, офатдан зарар кўрган ғалла майдонларининг 3 958 гектари, пахтанинг 7 623 гектари, бошқа экинларнинг 3 932 гектари бузилиб, 3 260 гектар чигит, 9 027 гектар дуккакли, 1 570 гектар сабзавот-полиз экинлари қайтадан экилган.

Зарар кўрган майдонларни тиклаш учун 421 та техника, 200 та кўчма насос, 940 нафар ишчи кучи, 5 нафар бош пудратчи, 7 та суб пудрат ташкилотлари жалб этилган.

Натижада 1 656 гектар майдоннинг мелиоратив ҳолати яхшиланган.

«Бугунги кунда учта туманда 4 111 гектар майдонга чигит, 134,5 гектар мош, 38 гектар полиз ва 31 гектар бошқа экинлар экилди.

Қўшимча 4 253 гектар майдонга барча туманларда чигит экилди.

Талофат кўрган ғўза майдонларининг 2 054 гектар (21%), ғалла майдонларининг 2 026 гектарида бузилмасдан агротехник тадбирлар амалга оширилмоқда.

Вилоятда 69 минг гектар (95%) майдонда ғўза қатор орасига биринчи ишлов берилди.

Бунинг учун 255 та юқори унумли тракторлар, 131 та ер текислагичлар, 168 та чизел, 104 та борана, 46 та чигит экиш сеялкалари - жами 433 та агрегат жалб этилди. Культиваторчи механизаторлар, 33 730 нафар ишчи пудратчи дала ишларига жалб қилинди.

Талофат кўрган туманларда тижорат банклари томонидан берилган кредит ҳисобидан амалга оширилаётган 42 та лойиҳа қайтадан кўриб чиқилиб, кўрилган зарарни суғурта ҳисобидан қоплаб берилиши ҳисоб-китоб қилинмоқда», - деди Нигора Хўжаева.

Матбуот котибининг сўзларига кўра, жорий йилнинг 14 апрелида президент топшириғига асосан бошоқли дон экинларидан олинадиган ҳосил 20 центнерга оширилиб, жами ишлаб чиқариш 604,4 минг тонна, давлатга сотиш 208,0 минг тонна режалаштирилган.

Талофат натижасида 3 958 га ғалла майдонларида 9 666 тонна давлат хариди учун сотилиши белгиланган бошоқли донга тузилган контрактация шартномаларини бекор қилиш ҳамда Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида жами 22 437 тонна ялпи ғалла ишлаб чиқариш режаси миқдорини камайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Шунингдек, ишчи гуруҳлар жойларда «Ҳар бир оила – тадбиркор» тамойили асосида ҳар бир хонадонда чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик ва асаларичиликни йўлга қўйиш ҳамда енгил конструкцияли иссиқхоналарни қуриш учун тижорат банклари бириктирилиб, кредит бериш йўлга қўйилади.

Барча туманларда I-босқичда қўшимча чигит экиш режалаштирилган 4 253 гектар майдонга 14 май куни, II-босқичда 4 267 гектар майдонларга чигит экиш ишлари 25 май куни тўлиқ якунланди.

Ғўза майдонларини чопиқ қилиш учун 36 907 нафар ишчи пудратчи ишга жалб қилинди ва 177 979 гектар (245,3%) майдонда чопиқ ишлари амалга оширилди.

Жами 3 416 гектар бузиб қайта экиладиган майдонларда чигит экишга 102 тонна уруғлик чигит ва 294 тонна ёқилғи мойлаш маҳсулотлари талаби ҳисоб-китоб қилиниб, тегишли идораларга тақдим этилди.

Мавзуга оид