Жамият | 16:39 / 15.06.2020
33099
3 дақиқада ўқилади

Дунё тарихидаги илк фотосуратлар

3D, панорама, автофилтр, селфи форматидаги суратлар одатий бўлиб қолган бугунги кунда қачондир объектни аранг илғаш мумкин бўлган оқ-қора суратлар бўлганини тасаввур қилиш қийин.

Инсоният тарихида илк суратнинг пайдо бўлиши катта воқелик эди. Қуйида энг биринчи фототасвирлар эволюциясини тақдим этамиз.

Энг биринчи фотография

Дунёдаги энг биринчи сурат француз фотографи Жозеф Нисефор Непс томонидан 1826 йилда туширилган. «Ойнадан кўринган Ле Гра манзараси» суратини тушириш учун 8 соат талаб этилган.

Илк рангли сурат

1861 йилда инглиз физиги Жеймс Максвелл томонидан туширилган «Тартан тасмаси» фотография тарихидаги илк рангли сурат ҳисобланади. Максвелл Лондон қироллик институтида рангли кўришнинг ўзига хосликлари ҳақида маъруза ўқиш чоғида рангли тартан тасмасининг ўзи туширган суратини намойиш қилади.

Инсон акс этган илк сурат

1838 йилда фотография асосчиларидан бири Луи Дагер Париждаги дю Тампль булварини суратга туширади. 10 дақиқа давомида туширилган бу суратда кўчадаги одам тасвирланган (пастки чап бурчакда).

Илк фотомонтаж

1858 йилда Генри Пич Робинсон бешта негативдан фойдаланган ҳолда бемор қизнинг ўпка силидан вафоти акслантирилган суратни туширади. Бу фотомонтаж қўлланилган илк сурат ҳисобланади.

Илк автопортрет

Америкалик фотограф Меттю Бред илк автопортрет муаллифи саналади. Фотограф 1875 йилда ўзини ўзи суратга туширган.

Ҳаводан туширилган биринчи сурат

Ҳаводан туширилган илк сурат муаллифлари – кабутарлардир. 1903 йилда Юлиус Нойброннер фотокамера ва таймерни бирлаштириб, кабутарларнинг бўйнига ўрнатади. Кейинчалик бундай усулдан немис армиясида ҳарбий разведка мақсадида ҳам фойдаланилган.

Сув остида туширилган илк сурат

Илк бор сув остидаги рангли сурат Мексика кўрфазида туширилган. Сурат 1926 йилда доктор Уилям Лонгли ва National Geographic фотографи Чарлз Мартин томонидан ишланган.

Коинотдан туширилган биринчи тасвир

1946 йилда V-2 ракетасига ўрнатилган 35 миллиметрли камера Ер сайёрасини 105 км узоқликдан суратга туширди.

Мавзуга оид