Ўзбекистон | 18:37 / 15.06.2020
107433
2 дақиқада ўқилади

Тузалган беморларни 14 кунлик реабилитацияга кузатиш амалиёти тўхтатилди. Вазирлик изоҳ берди

Сўнгги кунларда коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволаган тиббиёт ходимлари ва даволаниш курсини тугатган беморлар 14 кунлик реабилитация курсларисиз тўғридан тўғри уйларига кузатила бошлангани ҳақида маълумотлар тарқалди. Kun.uz мухбири бу бўйича изоҳ олиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаев билан боғланди.

«Ўзи тўлиқ даволанишдан кейин, вирус организмдан батамом чиқиб кетганидан сўнг 14 кунлик реабилитация амалиёти фақат Ўзбекистонда эҳтиёт чораси сифатида қўлланди, холос. Ҳатто дунёнинг ривожланган давлатларида ҳам нафақат бу амалиёт, балки коронавирусга чалинганлар ҳам фақат оғир ҳолатлардагина шифохонага ётқизилади, қолган пайт керакли дори-дармонлар тавсия қилиниб, уйда даволаниш буюрилади.

Ўзбекистонда вирусга чалинган ҳар қандай бемор белгиланган муддатда жиддий кузатув остида тўлиқ бепул даволанади. Даволаниш сўнгида вирус бўйича текширувлар манфий натижа берганидан кейин ҳам бу намуналар пойтахтимиздаги СЭОМнинг махсус вирусология лабораторияларида қайта таҳлилдан ўтказилади ва фақат шундан кейингина узил-кесил ташхис қўйилади. Ана шундай такрорий чуқурлаштирилган текширувдан кейингина бемор тузалган ҳамда хавфсиз ҳисобланади.

Ўз навбатида, ушбу беморларни даволаган тиббиёт ходимлари ҳам ана шундай такрорий текширув таҳлилларидан ўтишади.

Энди реабилитация амалиёти тўхтатилганига келсак, тажриба бу амалиётга зарурат йўқлигини кўрсатди. Чунки реабилитацияга вирусдан батамом халос бўлганлар жўнатиларди ва улар орасида касаллик қайталаниш ҳолати ҳам кузатилмади. Шундан кейин бу тажрибадан воз кечилди», деди Фурқат Санаев.

Маълумот учун, Ўзбекистонда март ойидан буён 5154та зарарланиш ҳолати қайд этилди, шу вақтгача беморларнинг 3996 нафари тузалиб чиққан.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинган бир бемор даволаниши учун 32,3 млн сўм сарфланмоқда, аҳволи оғирлашиб сунъий нафас олдириш аппаратига уланганлар учун 64,4 млн, реабилитацияга чиқарилганлар учун 2,8 млн, карантинга олинганлар учун 2,2 млн сўмдан ажратилган.

Мавзуга оид