Жаҳон | 20:32 / 18.06.2020
7857
1 дақиқада ўқилади

Даниядаги фермада қоракўзанда коронавирус аниқланди

Даниядаги фермалардан бирида қоракўзан (норка)да коронавирус аниқланди. Шу сабабли маҳаллий ветеринар хизматлари коронавирус тарқалиши олдини олиш мақсадида фермадаги 11 мингта қоракўзанни йўқ қилишга қарор қилган. 

Фото: AFP

Қоракўзанлар коронавирусга чалингани ферма ходимларидан бирида коронавирус аниқлангандан кейин маълум бўлган. Таъкидланишича, Дания дунёда қоракўзан мўйнасининг энг йирик ишлаб чиқарувчиси ҳисобланиб, унга дунё бозорининг 40 фоизга яқини тўғри келади. Ветеринар хизматларда маълум қилинишича, фермадаги барча қоракўзанларнинг йўқ қилиниши “хавфсизлик масаласи” билан боғланган. 

Бу Данияда норкаларнинг коронавирусга чалиниши қайд қилинган илк ҳолатдир. Апрелда Нидерландиядаги қоракўзан фермаларида ҳам коронавирус аниқланган. “Бизнинг ҳолатда гап вируснинг одамдан ҳайвонга ўтиши ҳақида бормоқда, чунки ферманинг бир неча ходимида коронавирус аломатлари кузатилмоқда”, деб айтган ўшанда Нидерландия қишлоқ хўжалиги, атроф-муҳит ва озиқ-овқат маҳсулотлари сифати вазири Карола Схаутен.

Аввалроқ коронавирус мушуклар ва итларга юқиши ҳолати қайд этилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид