Ўзбекистон | 13:20 / 09.07.2020
29199
4 дақиқада ўқилади

Коронавирус хотин-қизларда бепуштлик чақириши эҳтимоли бор – тиббиёт фанлари доктори

​​​​​​​Ўзбекистонда касалликнинг нисбатан енгил кечиши, ўлим кўрсаткичларининг бошқа давлатлар билан солиштирганда паст эканлиги миллатнинг фенотопик ва генотопик хусусиятларига ҳам боғлиқ. Бу ҳақида тиббиёт фанлари доктори, профессор Анвар Алимов Kun.uz мухбири билан суҳбатда маълум қилди.

«Айни пайтда касаллик юқтираётганларнинг учдан икки қисми эркаклар, учдан бир қисми аёллар ҳисобланади. Бу организмдаги хромосомаларнинг тузилиши билан боғлиқ. Хромосомалар эса иммун тизимига таъсир кўрсатади.

Лекин ҳозирги маълумотларга кўра, коронавирус инфекцияси хотин-қизларда бепуштлик чақириши эҳтимоли башорат қилинмоқда», деди Анвар Алимов.

Шунингдек, шифокорнинг маълум қилишича, коронавирус инфекцияси негроид ва европоид ирқига мансуб одамларда одатий ҳолатдан 2-2,5 баробар оғирроқ кечиши статистик маълумотлар орқали тасдиқланган. Осиёликларда эса касалликнинг ўтиш даражаси 2 марта пастлиги кузатилмоқда.

«Ўзбекистонда ҳам касалликнинг нисбатан енгил кечиши, ўлим кўрсаткичларининг бошқа давлатлар билан солиштирганда пастлиги миллатнинг фенотопик ва генотопик хусусиятларига ҳам боғлиқ», дея қайд этди шифокор.

Коронавирус юқтирган шахсда, дастлаб, қандай белгилар пайдо бўлиши ва бу ҳолатда фуқаролар қандай йўл тутиши лозимлиги ҳақида маълумот берилди.

«Коронавируснинг биринчи намоён бўладиган асосий симптомларидан бири ҳид билишнинг ўзгариши ҳисобланади. Бу касаллик юқтирадиган одамлардан тахминан 10 фоизида кузатилади. Таъм билиш қобилияти ҳам сустлашади. Сабаби вирус танага тушгач, биринчи навбатда оғиз ва бурун бўшлиғида жойлашади. Ҳид ва таъм билиш рецепторларига таъсир кўрсатади. Кейинроқ умумий мушаклар оғриғи ва ҳолсизланиш ҳам кузатилади. Кўз қизариши ва қуруқ йўтал пайдо бўлиши мумкин», дейди шифокор.

Анвар Алимовнинг маълум қилишича, коронавирус ҳам ўткир респираторли инфекция турларидан бири ва у организмга тушгач, тана ҳарорати кўтарилади. Тана ҳарорати кўтарилиши касаллик аломатлари бошланишининг 5-6-кунига тўғри келади ва организмнинг вирус билан курашаётганини кўрсатади.

Тиббиёт фанлари доктори бу каби белгилар сезила бошлагач, албатта, шифокорга мурожаат қилиш лозимлигини таъкидлади. Сабаби ҳид, таъм билиш қобилиятининг сусайиши, мушакларда оғриқ ва тана ҳарорати 99 фоиз ҳолатда коронавирус инфекцияси юқтирган беморларда кузатиладиган ҳолат ҳисобланади ва бошқа вирусли инфекциялар учун умумий ҳисобланмайди.

«Бундан ташқари, коронавирус инфекцияси ингичка ичакка ҳам таъсир қилиши ва зарарланган одамда диарея кузатилиши мумкин. Аёлларга, айниқса, ҳомиладорлар учун коронавирус салбий бўлиши мумкин. Сабаби вирусга қарши дорилар бола ривожланишига таъсир кўрсатади.

Биринчи навбатда, шахс коронавируснинг илк аломатларни сезгач ўзини изоляция қилиши, агар таҳлил топширган, лекин ҳали жавоби чиқмаган бўлса, умумий вирусга қарши таблеткалар ичиши мумкин. Энг аввало, иммунитетни кўтаришга ёрдам берадиган озиқ-овқатлар ва витаминлар истеъмол қилиш фойдали», деди Анвар Алимов.

Шунингдек, коронавирусга чалинган беморлар даволанаётган муассасаларда дори тақчилллиги кузатилиши эҳтимоли ҳақидаги саволга жавоб берилди.

«Тиббиёт муассасаларида даволанаётганлар учун, асосан, 3та дори – таблетка берилади. Агар беморнинг аҳволи оғирроқ бўлса, масалан, тана ҳарорати 39-40 даражага чиқса, томчи дори юборилади. Бу билан танадаги умумий сувсизланишни йўқотиб, ҳароратни туширишга ҳаракат қилинади. Булар ҳаммаси оддий дорилар ҳисобланади», дея қайд этди Анвар Алимов.

Шифокорнинг таъкидлашича, тиббиёт муассасаларида ҳам керакли дорилар тугаб қолиши ҳолатлари ҳам учрайди. Шунингдек, у бундай вазиятларда беморнинг яқинлари керакли дорини тиббиёт муассасасига етказиб беришига рухсат бор ёки йўқлиги ҳақидаги саволга жавоб берди.

«Агар реаминацияда оғир аҳволда ётган беморнинг организмига юборилиши керак бўлган суюқлик бугун тугаб қолган ва эртагача кутилса, кечикилиши мумкин бўлса, бундай ҳолатда уйдагилари ўша дорини олиб келиб бериши мумкин. Лекин касаллиги енгил ўтаётган беморлар учун дори етказиб бериш шарт эмас. Чунки коронавирусни даволаш учун алоҳида дорилар ишлатилмайди, уларнинг базаси шифохоналарда мавжуд»,деди Анвар Алимов.

Мавзуга оид