Жамият | 15:37 / 10.07.2020
7672
3 дақиқада ўқилади

Сурхондарёдаги сайёр қабулларда назоратга олинган масалалар кейинчалик ўз ечимини топяптими?

Сурхондарё вилоятида Президент администрацияси ва Халқ қабулхоналари вакиллари бошчилигида Сариосиё ва Олтинсой туманларида сайёр қабуллар ташкил этилган эди.

Вилоят Халқ қабулхонасидан хабар беришларича, Сариосиё туманида фуқароларнинг 222та мурожаати кўриб чиқилган. Мурожаатларнинг 61таси жойида ҳал этилган, 52таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган. Атрофлича ўрганишни тақозо этадиган 109та мурожаат бўйича тегишли мутасаддиларга вазифалар белгиланиб, ижроси назоратга олинган эди. Назоратга олинган мурожаатлар босқичма-босқич ўз ижобий ечимини топмоқда.

Хусусан, тумандаги «Маржона» маҳалласи аҳолисини йўл, электр таянч устунлари сув ва бошқа бир қатор муаммолар қийнаб келаётган эди. Фуқаро А.Одинаевнинг сайёр қабулда маҳалла аҳли номидан қилган мурожаати тегишли соҳа вакиллари томонидан ўрганилди ва амалий ишлар бошлаб юборилди. Дастлаб 5 километрдан ортиқ масофадаги ички йўллар текисланиб асфальт ётқизилди. Маҳалладаги 1968 йилларда ўрнатилган эски симёғочлар янги бетон устунларга алмаштирилмоқда.

Сайёр қабулда назоратга олинган муаммолардан яна бири — «Шабнам» маҳалласини тоза ичимлик суви билан таъминлаш эди. Ушбу мурожаат юзасидан ҳам «Мукаммал қурилиш Бутлаш» МЧЖ ходимлари томонидан 500 метр масофадан ичимлик суви қувурлари тортиб келиш учун қазиш ишлари бошлаб юборилди. Қисқа муддатда 120дан ортиқ оиланинг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжлари қондириладиган бўлди.

2017 йилда тоғли ҳудудлардаги табиий офат – кўчки туфайли Гавҳарбулоқ маҳалласидаги 42та хонадон туман марказидаги Шарқ юлдузи маҳалласига кўчирилиб, жойлаштирилган эди. Аҳолини қийнаб келаётган электр энергияси билан боғлиқ муаммо қабулдаги мурожаатдан сўнг ижобий ҳал этилди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, ушбу маҳаллага 160 киловатт кучланишдаги электр подстанцияси ўрнатилди. 40 дона бетон таяч устунлари ўрнатилиб, электр симлари тортилмоқда. Натижада, 80та хонадонда электр энергиясига бўлган талаб қондирилади.

Олтинсой туманида ҳам фуқароларнинг 200дан ортиқ мурожаати кўриб чиқилди. Мурожаатларнинг 84таси жойида ҳал этилган бўлса, 45таси бўйича ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилди. Қўшимча вақт ва ўрганиш талаб этиладиган 73та мурожаат тегишлилиги бўйича мутасаддиларга йўналтирилиб, ижроси назоратга олинди.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz Сариосиё туманидаги «Маржона» маҳалласи аҳли тоза ичимлик сувидан қийналаётгани ҳақида репортаж эълон қилган эди.

Мавзуга оид