Ўзбекистон | 17:08 / 12.07.2020
36215
3 дақиқада ўқилади

Баҳодир Юсупалиев коронавирус симптомлари бор фуқаролар қандай йўл тутиши кераклигини айтди

Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари ўзида коронавирус борлигини шубҳа қилаётган фуқаро бу ҳақда колл-марказ орқали хабар бериши, эпидемиологлар унинг уйига борган ҳолда агар симтомлар бор бўлса, ундан тест олиб, жавоби чиққач маълум қилишларини айтмоқда.

Баҳодир Юсупалиев бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.

«Ўзбекистонда охирги ҳафтанинг ўзида касалланганлар сони 3 мингга кўпайди. Олдинги кўрсаткичлар билан солиштирсак, касалланганлар сони 30 фоизга кўпайганини кўриш мумкин. Шу билан бирга, ўлим кўрсаткичлари ҳам охири ҳафтада икки баробарга ортди. Буларнинг барчаси Ўзбекистонда эпидемиологик вазият мураккаблашганидан далолат беради.

Ҳозир кунига 400дан зиёд касалланиш ҳолати аниқланмоқда. Бу соғлиқни сақлаш тизимига ўзининг таъсирини кўрсатмай қолмаяпти. Вазирликнинг алоҳида буйруғи қабул қилинган. Унга асосан иш шундай ташкил қилиняптики, шахсда қанақадир касаллик белгилари кузатилган бўлса, мисол учун, ҳарорат кўтарилиши, қуруқ йўтал пайдо бўлиши ёки бошқа симптомлар кўзга ташланган бўлса, ўша шахс албатта ўзининг поликлиникасига мурожаат қилиши керак.

Бугунги кунда Тошкент шаҳрининг ўзида 64та поликлиника бўлса, ҳар битта поликлиникада эпид-гуруҳлар тузилган. Унинг таркибида оилавий шифокор, инфекционист ва эпидемиолог бор (вилоятларда ҳам шундай – таҳр.). Мана шу 3 шахсдан иборат эпид-гуруҳ жойига бориб вазиятни ўрганади ва беморни уйда даволанишга қолдириш ёки ҳолатининг оғирлигига қараб шифохонага ётқизиш масаласини ҳал қилади.

Агар бемор шифохонага олиб кетиладиган бўлса, эпид-гуруҳ тегишли тез тиббий ёрдам бригадаларини чақириб, беморни шифохонага ётқизиш чорасини кўради.

Бизда яна битта колл-марказ ташкил қилинган. Унинг рақами: 1105. Бу Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти аҳолиси учун хизмат кўрсатади. Республика бўйича 1003 рақамли колл-марказ фаолият кўрсатмоқда.

Колл-марказга келиб тушган мурожаат асосида тегишли ҳудудга, туманга топшириқ берилади. Ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармаси ва туман соғлиқни сақлаш бўлимидаги эпидемиологлар мурожаат келиб тушган жойга бориб, беморда симптомлар бўлса, ундан тест олишади.

Тест натижалари ўрганилгандан сўнг унинг жавоби маълум қилинади. Агар беморда касаллик тасдиқланадиган бўлса, юқорида айтиб ўтилган тартибда иш кўрилади», – дея Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директорининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Аввалроқ, янги тартибга асосан эпид-гуруҳлар ва мобил гуруҳлар тузилаётгани ҳақида Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков Kun.uz'га берган интервьюсида тўлиқроқ тўхталиб ўтган эди.

Мавзуга оид