Ўзбекистон | 19:31 / 21.07.2020
8336
3 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги 74та поликлиника кеча-ю кундуз ишлаш режимига ўтказилди — Барно Одилова

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Одилова Тошкент шаҳрида коронавирусга қарши кураш бўйича ишлар қандай ташкил этилаётгани ҳақида ахборот берилди.

«Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари – Тошкент шаҳридаги 74та кўп тармоқли марказий ва оилавий поликлиникалар аҳолига кеча-ю кундуз фаолият юритиш тизимига ўтказилди. Тиббиёт ходимлари 12 соатлик иш режимига ўтказилди (8:00-20:00гача ва 20:00-8:00 гача).

Ҳар бир поликлиникада микроучасткалар ташкил қилинди, микроучасткага масъуллар бириктирилди ва уларнинг асосий вазифаси сифатида қуйидагилар белгиланди:

– хонадонларга телефон қўнғироқ қилиш, ҳолидан хабар олиш;

– касалликларни эрта аниқлаш ва саралаш (амбулатор ёрдам учун, лабораторияга, шифохонага);

– аниқланган муаммоларни жойида ҳал қилиш.

Бунинг учун Тошкент шаҳар поликлиникалари 750 дона мобил телефон билан таъминланди ва ҳар бир оилавий поликлиникада тун-у кун фаолият юритадиган колл-марказ шароити яратилди.

Амбулатор-поликлиника тизимида фаолият юритаётган тиббий ходимлар меҳнатини рағбатлантириш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан:

– тиббиёт ходимлари жамоат транспорти ҳаракатланмаган пайтда келиб-кетиши учун автотранспорт ажратиш;

– аҳоли билан телефон орқали мулоқотни яхшилаш мақсадида ҳар бир оилавий поликлиникага 3тадан стационар телефон ва қўшимча мобил телефонлар билан таъминлаш;

– мобил гуруҳлар учун қўшимча транспорт ажратиш масалалари ҳал қилиниши тайинланди.

Касаллик белгилари пайдо бўлган ёки текшириш натижасида ковид ташхиси қўйилган беморлар поликлиникага мурожаат қилишлари керак.

Шу билан бирга, мобил телефондан хонадонга қўнғироқ қилаётганда мавжуд муаммолар аниқланганда беморлар ичидан шамоллаш белгилари борлари саралаб олинади. Шамоллаш белгилари аниқланган беморларга умумий амалиёт шифокори (УАШ) томонидан хабар олиниб, тегишли даво муолажалари қилинади. Касаллик тасдиқланган, касалликнинг аломатсиз ёки енгил шакли бўлгани учун уйда даволаниши режалаштирилган беморларга поликлиника томонидан мобил бригада юборилади.

Мобил гуруҳ беморга назорат режасини тузади, тегишли дориларни беради, оила аъзоларига кун тартиби ва санитар-гигиеник талабларни тушунтиради. Беморнинг ҳолатига кўра, 1 кунда 1 марта ёки 2 кунда 1 марта кўрикни амалга оширади. Бошқа пайт УАШ ҳар куни 2-3 марта телефон орқали боғланади», – деди Барно Одилова 21 июль куни АОКАдаги брифингда.

Мавзуга оид