Ўзбекистон | 08:46 / 24.07.2020
5651
5 дақиқада ўқилади

«Ўзбеккино» номи Кинематография миллий агентлигига ўзгартирилиши мумкин

2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасида кинематография соҳасини ривожлантириш концепцияси давлат томонидан қўллаб-қувватланади.

Президентнинг “2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасида кинематография соҳасини ривожлантириш концепциясини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони лойиҳаси эълон қилинди.

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги номи Ўзбекистон Республикаси Кинематография миллий агентлигига ўзгартирилади.

Ўзбекистон Республикаси кинематография миллий агентлигининг янги тузилмаси ва штат жадвалини тасдиқлаган ҳолда, Кинематография соҳасида миллий регулятор (тартибга солувчи) этиб белгиланади. Агентлик бадиий фильм, ҳужжатли фильм, илмий-оммабоп, ўқув-методик фильмлар, киноалманахлар, киножурналлар, мультипликацион фильмлар, сериаллар, қисқа метражли фильмлар ва болалар юмористик фильмларини ишлаб чиқариш билан боғлиқ маҳсулотларни (ишлар, хизматлар) сотиб олиш, давлат буюртмаси доирасидаги фильмлар, шунингдек, киномаҳсулотларнинг бошқа турларини субтитрлаш ва дубляж қилиш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланади.

Юқори бадиий киноасарлар яратиш, кино саноатига тизимли кўмаклашиш, кино ишлаб чиқариш даражасини тубдан ошириш, кино саноатида замонавий менежментни жорий этиш мақсадида Агентлик ҳузурида “Ўзбекфильм” Киноконцерн давлат муассасаси ташкил этилади.

Миллий киноархивни шакллантириш, миллий кино санъатини сақлаш, рақамлаштириш ва реставрация қилиш, хорижий киноархивларда сақланаётган маҳаллий кино маҳсулотларининг энг яхши намуналарини қайтариш, миллий кинематография тарихини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш мақсадида Ўзбекистон маданий меросининг ажралмас қисми сифатида “Ўзбекистон миллий кинофонди” ташкил этилади.

Рақамли маконда ягона ахборот мультимедиа платформасини яратиш, кино-видео-мусиқий таълим ва киберспорт контентини бирлаштириш, маҳаллий ва энг яхши хорижий кино ва анимация маҳсулотларини ижарага олишнинг замонавий шаклларини қўллаш мақсадида давлат-хусусий шериклик асосида «MEDIAUZ» миллий стриминг платформаси ташкил этилади.

Миллий кинематографияни қўллаб-қувватлаш, унинг жаҳон кино бозорида рақобатбардошлигини ошириш, миллий манфаатларга мос келадиган бадиий жиҳатдан юксак фильмлар яратиш учун шарт-шароитларни таъминлаш, Ўзбекистонда ва хорижда юқори даражадаги кинофильмларни оммалаштириш мақсадида Миллий кинематографияни ривожлантириш жамғармаси фаолияти тубдан ислоҳ қилинади.

Жамғарманинг асосий вазифалари қуйидагилар этиб белгиланади:

миллий фильмларни ишлаб чиқариш, ижарага бериш, намойиш қилиш ва тарғиб қилувчи ташкилотларга молиявий кўмак бериш;

кинематография соҳасида фаолият юритаётган кино усталари, мутахассислар ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш;

маҳаллий кинематографияни ривожлантириш, жумладан, кино ишлаб чиқариш, ижарага бериш, намойиш қилиш ва миллий фильмларни тарғиб қилиш, шунингдек, нотижорат кинотадбирларни амалга ошириш учун молиявий маблағларни жамғариш;

миллий кинематография соҳасида ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга оширишга кўмаклашиш;

маҳаллий ва хорижий инвесторларни миллий фильмларни ишлаб чиқариш, ижарага бериш ва намойиш этишни молиялаштиришга жалб қилиш;

Ўзбекистон кинематографиячилари Ижодий уюшмаси ва унинг аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш.

Республика аҳолисини бадиий жиҳатдан юксак хорижий киномаҳсулотларнинг (ўйин, ҳужжатли, мультипликацион фильмлар, сериаллар ва ҳ.к.) энг яхши намуналари асосида тарбиялаш ва глобал кино бозорига интеграция қилиш мақсадида Агентлик давлат-хусусий шериклиги асосида Таржима ва дубляж Миллий киномаркази ташкил этилади.

Киноижодкорларнинг ижодий фаолияти учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, Агентлик ва унинг таркибига кирувчи тузилмаларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, Ўзбекистон киноижодкорларининг тарихий меросини абадийлаштириш мақсадида Агентлик, шунингдек, Ўзбекистон киноижодкорлари ижодий уюшмасининг Агентлик ҳудудида умумий майдони 11,4 га бўлган “Ўзбекистон кинематографчилари шаҳарчаси”ни ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинади.

Киносаноат соҳасига хорижий инвестицияларни жалб қилиш, саҳна кўринишлари ва майдончалар қуриш учун хорижий ҳамда миллий кинокомпанияларга шарт-шароитлар яратиш, ёшларни киноижодкорлик касбига жалб этиш ва таълим бериш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Бухоро, Фарғона (Қўқон шаҳри), Самарқанд ва Хоразм вилоятларида киношаҳарлар барпо этилади.

Кинематографиянинг жамият ижтимоий-маънавий ҳаётидаги ролини инобатга олган ҳолда, шунингдек, ушбу соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 19 август кунини “Ўзбекистон кинематографиячилари куни” деб эълон қилиш тўғрисидаги Агентлик таклифи маъқулланади.

Мавзуга оид