Жамият | 08:54 / 28.07.2020
11201
2 дақиқада ўқилади

Андижонда ички ишлар ходимлари катта безориликнинг олдини олишди

Ҳолат юзасидан Хонобод шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

2020 йилнинг 22 июль куни соат 17:00да Андижон вилояти Хонобод шаҳар Кампирровот МФЙда яшовчи 36 ёшли О.М. фарзанди, вояга етмаган, 16 ёшли А.Н. билан бир нечта тенгдошлари уришмоқчи эканлигини эшитиб қолиб, фарзанди А.Н.ни Хонобод шаҳар Оби-ҳаёт кўчасига олиб борган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, бу шахс у ерда бўлган вояга етмаганлар, 16 ёшли М.А., О.А., К.А., Х.Н., Э.Т. ҳамда Э.П.нинг йўлини тўсиб, улардан қай бири фарзанди А.Н. билан бирга-бир уришмоқчи эканлигини сўраб, далага олиб ўтиб, М.А. ва О.А. билан ўғлини бирга-бир уриштирган.

Жанжал вақтида М.А.нинг танишлари жанжалга аралашганлиги учун О.М. фарзандининг тенгдошлари бўлган М.А., О.А. ва Х.Н.ни уриб тан жароҳати етказган.

Шундан сўнг, М.А. ва О.А. ота-ўғил билан урушни давом эттириш мақсадида ўзларининг 14 нафар тарафдорларини чақиришиб, О.М. ва унинг фарзанди А.Н.ни урмоқчи бўлишиб, Хонобод шаҳар Кампирровот МФЙда тўпланишган вақтида, бундан Хонобод шаҳар ИИБ ходимлари хабар топиб, ҳодиса жойига етиб боришган ҳамда ушбу шахсларга қонуний чора кўриш мақсадида ИИБ биносига олиб келишган.

Мазкур ҳолат юзасидан Хонобод шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 1-қисми (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, М.А. ва О.А. ҳамда уларнинг 14 нафар тарафдорларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари билан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

Мавзуга оид