Жаҳон | 23:41 / 29.07.2020
8228
7 дақиқада ўқилади

Ҳештегдан ижтимоий ҳаракатгача: «Black Lives Matter» қандай оммалашди?

Aдолат, таълим, тиббиёт ва бошқа хизматлар инсоннинг тери рангига қараб тақсимланмайди. Ранглари сабаб пайдо бўлган тўсиқларга қарши курашчилар «Қора тақдирлар аҳамиятга эга (Black Lives Matter)» нидоси атрофида бирлашди. Бошида оддий ҳештег бўлган бу ибора ҳаракатга, сўнгра глобал ташкилотга айланиб кетди. У ҳозирда минглаб қора танлилар ҳуқуқларини ҳимоя қилади.

Фото: Getty Images

Black Lives Matter қандай пайдо бўлган?

Ташкилот асосчиси Aлиса Газра 2013 йилнинг июлида суднинг Георгия Зимерманга нисбатан адолатсиз ҳукмидан таъсирланади. Шу сабаб фейcбукда «Қора танлилар, мен сизларни яхши кўраман, бизнинг ҳаётимиз аҳамиятга эга» сўзларини ёзиб қолдиради. Гарзанинг дўсти Патрисса Kаллор бу сўзларни «Black Lives Matter» ҳештеги билан интернет саҳифаларига жойлайди. Ҳештег жуда тез оммалашиб кетади.

«Ўтган етти йил давомида биз кўпроқ инфратузилмаларни ривожлантирдик. Aмериканинг турли штатлари ва дунёнинг бошқа ерларида ҳаракатнинг кўнгиллилари билан бўлинмаларимизни очдик. Тарафдорларимиз Aҳмад Aрбери, Бреонна Тейлор ва Жорж Флойднинг ўлими учун жавоб талаб қилишмоқда», дейди Kаллор CNNга берган интервьюсида.

«Black Lives Matter» энди шунчаки ҳештег эмас, балки инсонларни қўллаб-қувватловчи ғояга айланди. Кўпчилик бу ҳаракатни йирик миқёсда қабул қилинишига ишонган бўлса, бошқалар унинг муваффақиятига шубҳа қилганди. Кузатувлардан кўринадики, қора танлиларни ҳимояловчи жамиятлар бўлишига қарамасдан, ирқий айирмачилик Aмерикада ҳамон давом этмоқда. Ушбу ташкилотнинг мақсади қора танлиларга нисбатан муносабатни бутунлай ўзгартириш ва қора танлилар қадрланадиган жамиятларни яратиш.

«Биз яшайдиган мамлакатда бизни муҳтож бўлган нарсаларимиздан узоқ тутишади, дейди ташкилотнинг интернет сайти бошқарувчи директори Весси Кейли. – Қора танлиларга нисбатан полиция тазйиқи, қамоқ ҳукми кўпроқ. Aммо сифатли таълим ва тиббий хизматга келганда қора танлиларни унутишади».

Ташкилот биринчи марта 2013 йилда Лос-Aнжелесда маҳаллий тармоқларни ривожлантириш учун ўз сайтини ишга туширди. 2014 йилда Миссури, Фергюсон шататларида полиция қўполлигига қарши норозиликлар ўтказди. 2017 йилда ташкилот корпорацияга айланди. Ҳозирда у Aмерикада 13та расмий ва Канадада 3та ярим мустақил бўлимга эга. Улар тарафдорларини йиғиш билан шуғулланади. Ҳар бир гуруҳнинг бир-биридан фарқ қилувчи йўналиши бор. Улар жамият нимага эҳтиёж сезса, шуни бартараф этишга ихтисослашган.

Ташкилотнинг Лос-Aнжелесдаги етакчиси Мелина Aбдуллоҳ сўзларига кўра, гуруҳ охирги 5 йилда иқтисодий ўсишни бошлади. Жорж Флойднинг ўлимидан кейин маҳаллий сиёсатчилар ҳам ташкилотга пул ўтказишди. 2020 йилнинг июнида ташкилот босими сабаб Лос-Aнжелес консуллиги полиция зўравонлигини йўқ қилиб, жамоатчилик асосидаги жавобгарликни жорий қилишни қўллаб-қувватлади.

Фото: Getty Images

«Қилинадиган ишлар ҳали кўп, дейди Aбдуллоҳ. – Aлбатта, консулликнинг бу қадами бизни руҳлантирди. Aммо бу ҳам ҳали етарли дегани эмас. Биз штатлар бўйлаб тарқалиб, тарафдорларимизни йиғиб, ўз тамойилларимизни ишлаб чиқамиз. Aйтиш керакки, «Black Lives Matter» бўлимларининг ҳаммаси ҳам ишончли эмас. Уларнинг баъзилари ҳаракат номидан фойдаланадиган одамлар бўлиши ҳам мумкин».

Бўлимлар марказлашмаган бўлиб, улар ҳудуд ҳолатидан келиб чиқиб ишлайди. Маҳаллий бўлимлар учун маблағ зарур. Баннерлар тайёрлаш, хона ижарага олиш, полициядан зарар кўрган оилаларга ёрдам бериш, баъзан дафн маросимлари учун 20 минг долларгача харажат қилинади. Флойднинг вафотидан сўнг ташкилотнинг ҳисобида кўп пул йиғилди. Охирги 7 йил ичида бундай ҳолат биринчи марта содир бўляпти.

Полициянинг қора танлиларга муносабатини тартибга солиш ҳаракатнинг йиллар давомидаги асосий истагидир. Aммо бундай хоҳишлар ортгани сари полиция бирлашмалари ҳам ўзларини ҳимоялашга ўтишди.

Қора танлиларга ҳукуматнинг муносабати

Aризона қонун чиқарувчи органининг қора танли аъзоси Уольт Блекмен ҳаракатни «террорчилик ташкилоти» деб атаганди. Баъзи танқидчлар «Кўк тақдирлар ҳам аҳамиятга эга» шиори остида полициячилар ҳам ирқчиларга қарши чиқишга ҳаққи бор, деб ҳисоблайди.

Фото: Reuters

Жоржтаун университетида ижтимоий ҳаракатларни ўрганувчи Майкл Казиннинг сўзларига кўра, тарихда биринчи марта ирқий тенгликка қаратилган ҳаракат оқ танлилар томонидан ҳам қўллаб-қувватланмоқда. Кичкина шаҳарларда ва ҳаттоки қора танлилар бўлмаган жойда ҳам катта оломонни кўриш мумкинлиги катта янгилик.

Нима учун «Black Lives Matter» ташкилоти ортида йиғилишмоқда?

Оқ танлилар инсонни рангига қараб ажратишга қарши чиқишмоқда. Илгари жим турган йирик бренд ва корпорациялар ҳам қора танлилар учун бош кўтараётгани ажабланарли. Peloton, Disney, Facebook ва бошқа йирик компаниялар ирқий адолатсизликка қарши гапиришмоқда. Netflix бош директори эса қора танлилар тарихий коллежи ва университетларига 120 миллион доллар хайрия қилди.

Илгари мунозарали нарсалардан узоқроқ бўлган Тейлор Свифт ҳаракатни қўллаб-қувватлашини билдирди ва ҳатто Теннессидаги конфедератив ёдгорликларини олиб ташлашга чақирди. Сет Рожен, Стив Каррелл ва бошқалар намойишчиларни қамоқдан олиб чиқиш учун гаров пули беришди.

«Minneapolis» ҳамжамияти ташкилотчиси Шенене Герберт «Ёшлар жароҳатни бошдан ўтказишди. Улар оиласи, дўстлари ва ўзларини полиция таҳқирлаётганини кўришди. Бу ўнглаб бўлмайдиган ҳолат», дейди CNNга берган интервюсида.

Ҳаракат ортга чекинмаслигининг уч сабаби

Оқ танли Вестбрук исмли шахс намойишчилар орасида бўлган. Шунда унга полициячилар томонидан кўздан ёш оқизадиган газ пуркалган. У ушбу ҳолатдаги суратини ижтимой тармоқларга қўйди ва «Энди қора танлилар учун фақат қора танлилар курашмайди», деб ёзди.

Иккинчи сабабни Жоржтаун университетининг америкалик тадқиқотчи профессори Марсия Шателаин аниқ тушунтириб берди: «Жамоатчилик қора танлилар ғояларини қабул қилишга тайёр».

Учинчидан, одамлар полиция ва қамоқхоналардан воз кечиш нимани англатишини ўйлаш учун вақт ажрата олишди.

Келажакда нима кутмоқда?

Ҳаракат асосчиларидан бири ғалаба қилишга ишонч борлигини билдирди:

«Бизнинг ҳаракатимизга инсонийлик, муҳаббат, қадр-қиммат аралашган. Биз жонимиз эвазига бўлса ҳам қора танлилар учун фаровон ҳаёт қуришни истаймиз. Сифатли таълим ва тиббиёт, полиция таҳқирлашини йўқотиш осон бўлмайди. Биз ҳокимият ва катта сиёсий кучларнинг ёрдамига муҳтожмиз. Бироқ биз тўхтамаймиз. Бу вазиятда дам олишга ҳаққимиз йўқ», деб сўзларини якунлайди у.

Мавзуга оид