Ўзбекистон | 09:39 / 30.07.2020
21910
9 дақиқада ўқилади

Президент Санитария-эпидемиология хизматининг асосий вазифаларини белгилаб берди

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати фаолиятини ташкил қилиш чора-тадбирлари қабул қилинди.

Президент “Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати фаолиятини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг (Санитария-эпидемиология хизмати) асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланди:

санитария-эпидемиология соҳасида потенциал хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш, республика ҳудудидаги юқумли касалликлар табиий ўчоқлари устидан эпидемиологик мониторинг ва эпидемияга қарши профилактик тадбирлар мажмуини амалга ошириш;

санитария-гигиена, радиацион гигиена, физик омиллар, бактериология, вирусология, паразитология ва ўта хавфли касалликлар ташхиси бўйича лабораториялар фаолиятини йўлга қўйиш;

инсон саломатлигига таъсир этувчи хавфли омилларни бошқариш, тизимли мониторингини олиб бориш ва таҳлил қилишнинг янги шакл ва усулларини ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга жорий этиш;

жамоат саломатлиги ва касалликлар профилактикаси ҳамда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигига доир давлат сиёсатини самарали амалга ошириш, мазкур йўналишда давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштириш;

жамоат саломатлиги ва касалликлар профилактикаси ҳамда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигига оид фундаментал ва илмий-амалий тадқиқотлар амалга ошириш, бу борадаги илмий изланишларни мувофиқлаштириш, соҳа мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг фаолиятини мувофиқлаштириш ва улар билан ҳамкорлик қилиш, озиқ-овқат хом ашёси ва истеъмол маҳсулотларини ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ва сотиш фаолияти устидан белгиланган тартибда назорат қилиш;

соҳага оид давлат ва бошқа хизматларни кўрсатиш, маҳсулот, ишлар ва хизматлар хавфсизлигига қўйиладиган мажбурий талабларга тааллуқлилиги бўйича махсус экспертизалар тайинлаш ва ўтказиш;

соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш ва тиббий профилактика бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда уларнинг амалга оширилишини таъминлаш;

давлат ва идоравий тиббиёт статистикасини юритиш, тўплаш, таҳлил қилишига услубий раҳбарлик қилиш, аҳоли саломатлигига салбий таъсир қилувчи омилларни аниқлаш мақсадида зарур текширишлар ва сўровлар ўтказиш;

хўжалик юритувчи субъектлар томонидан санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этилиши устидан давлат санитария назоратини амалга ошириш ва қонунбузилиш ҳолатлари аниқланганда қонунчиликда белгиланган чораларни қўллаш.

Белгиланишича, Санитария-эпидемиология хизмати ва унинг тизимидаги ташкилотлар ўзига юклатилган вазифаларни амалга ошириш доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузишга оид ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан тегишли тиббий асослар мавжуд бўлган тақдирда карантинда сақлаш ёки даволаниш тарзидаги тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш;

юқумли ва паразитар касалликлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган, хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг алоҳида тартибини, аҳоли, транспорт воситалари, юклар ва (ёки) товарлар ҳаракатланишининг чекланишини назарда тутадиган тиббий-санитария чора-тадбирларини амалга ошириш;

инсон ҳаёти ва саломатлиги учун жиддий хавф туғдирувчи юқумли касалликлар тарқалиши ёхуд техноген ёки табиий хусусиятга эга ҳалокат содир бўлиши реал хавфи вужудга келганда мулкчилик шаклидан қатъий назар объектларда текширишлар ўтказиш;

санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари бузилганлиги аниқланган ҳолатларда лицензиялар ва рухсат берувчи ҳужжатларни тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш масалаларини ҳал қилиш юзасидан тегишли органлар ва ташкилотларга тақдимномалар юбориш;

юридик ва жисмоний шахсларга назорат объектидаги ҳуқуқбузарликларни бартараф қилиш учун мос равишда, аммо олтмиш кундан ортиқ бўлмаган муддатни белгилаган ҳолда, аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини лаборатория-инструментал усулини қўллаган ҳолда ўн кундан кўп бўлмаган муддатгача текширувдан ўтказиш ҳамда текширувдан ўтказишга беғараз эксперт ёки мутахассис сифатида лаборатория ходимларини жалб қилиш;

фавқулодда вазиятларда, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун бошқа ҳақиқий хавф юзага келганда, оммавий заҳарланиш ва гуруҳли касалликлар қайд этилганда (даволаш муассасаси хабари, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ва бошқа ҳолларда) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказиш;

бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан Санитария-эпидемиология хизмати фаолиятига шартнома асосида қўшимча ходимлар жалб қилиш.

Белгилаб қўйилишича:

Санитария-эпидемиология хизматининг марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимлари ходимларининг умумий чекланган сони 17 554 нафар этиб белгиланади;

Санитария-эпидемиология хизмати аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва жамоат саломатлиги соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш учун жавобгар бўлган ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади;

Санитария-эпидемиология хизмати Соғлиқни сақлаш вазирлигининг таркибига киради, Санитария-эпидемиология хизматининг бошлиғи бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари ҳамда Бош давлат санитария врачи ҳисобланади;

туман (шаҳар) санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимлари ўз фаолиятида тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаларига, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармалари эса — Санитария-эпидемиология хизматига бевосита бўйсунадилар ва уларнинг олдида ҳисобдордир;

Санитария-эпидемиология хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмалари ўз ваколатларини барча давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширадилар;

Санитария-эпидемиология хизмати бошлиғи Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, унинг ўринбосарлари эса соғлиқни сақлаш вазирининг тақдимномасига кўра Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг Л.М. Исаев номидаги филиали Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий тадқиқот институти ҳамда Л.М. Исаев номидаги тиббий паразитология илмий-тадқиқот институти негизида ташкил этилади;

Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази барча давлат юқумли касалликлар шифохоналари ва диспансерлари ҳамда давлат тиббиёт ташкилотларининг юқумли касалликлар бўлинмалари фаолиятига ташкилий-методик раҳбарликни амалга оширади;

Вирусология илмий-тадқиқот институти юридик шахс мақоми сақланган ҳолда — Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт марказининг ташкилий тузилмасига киради;

Вирусология илмий-тадқиқот институти директори бир вақтнинг ўзида Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази директорининг биринчи ўринбосари ҳисобланади;

Л.М. Исаев номидаги тиббий паразитология илмий-тадқиқот институтининг клиникаси юридик шахс мақоми сақланган ҳолда — Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт марказининг Л.М. Исаев номидаги филиалининг ташкилий тузилмасига киради;

Миллий референс лаборатория Лаборатория комплекси негизида ташкил қилинади. Бунда, уни молиялаштиришнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинади ва у республика ҳудудидаги барча санитария-гигиена, радиология, токсикология, бактериология, паразитология ҳамда вирусология лабораториялари натижаларини мувофиқлаштиради ва уларга амалий-услубий ёрдам кўрсатади.

Қуйидагилар:

Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази ҳузурида юридик мақомига эга бўлмаган Биологик хавфсизлик маркази ҳамда Ген технологиялари маркази;

Санитария-эпидемиология хизмати марказий аппарати ва унинг ҳудудий бўлинмаларида тегишлича Соғлиқни сақлаш кўрсаткичлари таҳлили ва истиқболни белгилаш маркази ва унинг бўлинмалари ташкил қилинади.

Белгиланишича:

соғлиқни сақлаш тизими ҳамда бошқа давлат органлари ва ташкилотларининг таркибига кирувчи тиббиёт ва ёрдамчи ташкилотлардаги тиббий статистика маълумотларини тўплаш, умумлаштириш ва таҳлил қилиш, шунингдек, аҳоли соғлиғининг ҳолатига ва касалликлар тарқалишига таъсир қилувчи тенденциялар ва қонуниятларни аниқлаш Соғлиқни сақлаш кўрсаткичлари таҳлили ва истиқболни белгилаш марказининг асосий вазифалари ҳисобланади;

идоравий мансублигидан қатъи назар барча давлат тиббиёт ва ёрдамчи ташкилотлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган муддатлар ва шаклларда соғлиқни сақлаш кўрсаткичларига оид маълумотларни Санитария-эпидемиология хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмаларига тақдим этиб боради.

Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда Соғлиқни сақлаш кўрсаткичлари таҳлили ва истиқболни белгилаш маркази фаолиятини ташкил этиш бўйича Ҳукумат қарорини қабул қилади.

Мавзуга оид