Ўзбекистон | 18:26 / 06.08.2020
34089
3 дақиқада ўқилади

«Миллий тикланиш» партияси «тонировка»ни бепул қилишни таклиф қилди

«Миллий тикланиш» демократик партияси автомобиллар ойналарини қорайтириш учун тўлов ундиришни бекор қилиб, буни бепул этиб белгилаш таклифи билан чиқди.

Ўзбекистонда автомобили ойналарини қорайтирмоқчи бўлган фуқаролар орқа ва олд ён ойналар учун БҲМнинг 50 баравари (11 150 000 сўм), орқа ён ойналар учун БҲМнинг 10 баравари (2 230 000 сўм) миқдорида тўловни амалга оширишлари зарур. Шунда ҳайдовчи бир йил муддатга «тонировка»да юриш учун рухсат олади.

«Миллий тикланиш» партияси баёнотига кўра, тўлов миқдорининг юқорилиги боис фақат айрим фуқароларгина автомобиль ойналари тусини ўзгартирган: 2019 йил статистикасига кўра, улар жами автомобиллар сонининг 0,1 фоизини ҳам ташкил қилмаган.

«Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси юртдошларимизга қулайлик яратиш ҳамда мутахассисларнинг хулосасига кўра фуқароларнинг қуёшнинг ультрабинафша нурларидан тери саратони касалига чалинишларининг олдини олиш, автомобиль кондиционерларини камроқ ишлатилишига ва бунинг натижасида ёнилғи камроқ сарфланиб, атроф-муҳитга зарарли моддаларнинг камроқ чиқишига, пировардида экологияни асрашга эришиш мақсадида автомобиль ойналари тусини ўзгартириш учун белгиланган тўловларни бекор қилиш, зарур деб ҳисоблайди», – дейилади Халқ депутатлари Мирзо Улуғбек тумани кенгаши депутати Жаҳонгир Зияев номидан эълон қилинган баёнотда.

Таъкидланишича, бунинг учун партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва халқ депутатлари Мирзо Улуғбек туман кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи томонидан Вазирлар Маҳкамасига ҳукуматнинг 2020 йил 2 августдаги «Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 646-сонли қарорига тегишли ўзгартириш киритиш бўйича таклиф тайёрланган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП вакили Дониёр Ғаниев тонировка учун тўловларни арзонлаштириш лозимлигини айтган, тегишли таклиф ҳукуматга киритилганини билдирган эди.

Июль ойида парламент қуйи палатасининг таниқли депутатларидан ҳисобланувчи Расул Кушербаев депутатларнинг барча таклифлари ҳам инобатга олинмаётгани ҳақида гапирганди.

«Айрим таклифларимиз инобатга олиняпти, айримлари эса йўқ. Таклиф инобатга олиниши учун овоз берувчилар кўпчилик бўлиши керак. Битта депутатнинг овози бу битта овоз. Таклиф қилинаётган қонунни депутатлар сонининг ярмидан кўпи маъқулласа, у ўтади. Бу масалада («тонировка» назарда тутилмоқда - таҳр.) ҳар кимда ҳар хил фикр бўлади. Шунинг учун ниманики биргалашиб қилолган бўлсак, шулар амалга ошган»,деганди Кушербаев.

Мавзуга оид