Ўзбекистон | 16:22 / 09.07.2024
6265
3 дақиқада ўқилади

Ислоҳотлар агентлиги маъмурий жарималарни қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар билдирди

Стратегик ислоҳотлар агентлиги маъмурий жарималар миқдорининг содир этилган ҳуқуқбузарликка мутаносиблигини текширишга чақирди. Масалан, машина ойналарини берухсат қорайтирганлар 8,5 млн сўм, пиёдалар йўлагида машина ҳайдаганлар эса 170 минг сўм жаримага тортилади.

Фото: Kun.uz

Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан маъмурий чоралар ва уларнинг содир этилган ҳуқуқбузарликка мутаносиблиги ўрганилди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, бугунги кунда маъмурий жарималар миқдорини белгилаш механизмларининг йўқлиги содир этилган ҳуқуқбузарликка номутаносиб бўлган жарима солинишига сабаб бўлмоқда. Ушбу йўналиш тартибга солинмаганлиги боис манфаатдор давлат органлари томонидан жарималар миқдорини қайта кўриб чиқишга доир қонун лойиҳаларини ташаббускорлик билан ишлаб чиқиш ҳолатлари кўпайиб кетган.

“Масалан, автомобил ойналарини рухсатномасиз қорайтирганлик учун назарда тутилган 8,5 млн сўмлик жарима белгиланганда, рухсатноманинг нархи 11-13 млн сўм бўлган. Бугунги кунда рухсатнома 2,7 млн сўм этиб белгиланган, аммо жарима миқдори эса ўзгаришсиз қолмоқда.

Қозоғистонда автомобил ойнасини қорайтирганлик учун ўрнатилган жарима 468 минг сўмни, Россияда – 60 минг сўмни, Беларусда – 138 минг сўмни ташкил қилади.

Таъкидлаш жоизки, фуқароларнинг соғлиғи ва ҳаёти хавфсизлиги билан боғлиқ қоидабузарликлар автомобил ойналарини рухсатномасиз қорайтириш учун белгиланган жарималардан устуворлик жиҳатидан муҳимроқ ҳисобланади”, дейилади агенлик хабарида.

Қайд этилишича, кейинги йилларда йўл ҳаракати ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларни бузиш оқибатида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари, шу жумладан, инсон ўлимига олиб келаётган ЙТҲлар сони кўпайиб бормоқда. 2023 йилда 9 839 та ЙТҲ содир бўлган, шулардан 9 209 тасида фуқаролар жабр кўрган бўлиб, 2 282 таси одам ўлимига сабаб бўлган.

Ўзбекистонда пиёдалар йўлакларида транспорт воситаларида ҳаракатланиш учун жарима 170 минг сўм, пиёдалар йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтиш учун эса 113 минг сўм. Германияда пиёдани ўтказиб юбормаганлик учун белгиланган жарима миқдори 1,1 млн сўмни, Буюк Британияда 1,6 млн сўмни, Францияда 1,85 млн сўмни ҳамда БААда 1,7 млн сўмни ташкил этади.

Агентлик фуқароларнинг соғлиғи ва ҳаёти хавфсизлигини таъминлаш мақсадида инсон ҳаёти ва соғлиғига бевосита дахлдор бўлган ЙТҲлар учун белгиланган жарималарни қайта кўриб чиқиш ва оғирлаштириш зарур, деб ҳисобламоқда. Шунингдек, агентлик ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида бир қатор мамлакатларда маъмурий жазонинг алоҳида тури сифатида “огоҳлантириш” институти жорий қилингани, бироқ Ўзбекистонда маъмурий жазо тури сифатида “огоҳлантириш” қўлланмаслигига эътибор қаратган.

Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан жорий маъмурий жарималар миқдорини уларнинг содир этилган ҳуқуқбузарликка мутаносиблигини текшириш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи билан бевосита боғлиқ бўлган ҳуқуқбузарликлар учун жарима миқдорини ошириш масаласини кўриб чиқиш, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс нормаларининг коррупцияга қарши комплекс экспертизасини ўтказиш, шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга маъмурий жазонинг алоҳида тури сифатида “огоҳлантириш” институтини киритиш таклиф этилган.

Мавзуга оид