Ўзбекистон | 19:53 / 09.08.2020
13808
4 дақиқада ўқилади

Коронавирусга қарши курашга ҳарбий тузилмалар жалб этилгани юзасидан изоҳ берилди

9 август куни АОКАда Тошкентдаги саралаш ва тақсимлаш марказлари вакиллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Анжуманда республиканинг ҳарбий идоралари томонидан ташкил қилинган саралаш ва тақсимлаш марказлари фаолияти ҳақида маълумот берилди.

Ички ишлар вазирлиги томонидан ташкил қилинган марказ бош шифокори Алишер Ҳожиметовга кўра, муассасада ҳозиргача 1,5 мингдан зиёд бемор даволаниб чиққан.

«Ички ишлар вазирлиги томонидан пойтахтдаги гимнастика саройида 750 ўринли саралаш ва тақсимлаш маркази ташкил этилди. Марказ 1 августдан ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, ундаги ўринларнинг 390таси ўрта оғир, 290таси оғир, 90таси ўта оғир беморларга мўлжалланган. Муассасада ҳозирда 691 нафар бемор даволанмоқда. Ҳозиргача 1,5 мингдан зиёд бемор даволаниб чиқди», деди у.

Давлат хавфсизлиги хизматига қарашли саралаш ва тақсимлаш маркази бош шифокори Пирназар Алихоновнинг сўзларига кўра, ҳозирда марказда 160га яқин бўш койка бор.

«Ёшлик» спорт аренасида қисқа вақт ичида 520 ўринга мўлжалланган саралаш ва тақсимлаш маркази ташкил этилган бўлиб, у ерда ўрта ва кичик тиббий ходимлар жамланган. Марказга бугунги кунгача мингга яқин бемордан мурожаат бўлиб, улардан 726 нафари госпитализация қилинган. Ҳозирда 360 нафарга яқин бемор даволанмоқда. Беморларга жавоб беришнинг кунлик ўртача кўрсаткичи 30-50 нафар. Ҳозирда 160га яқин бўш ўрин мавжуд бўлиб, навбат кутиб қолиш ҳоллари бўлгани йўқ», деди марказ бош шифокори Пирназар Алихонов ўз ахборотида.

Мудофаа вазирлиги ташкил этган саралаш ва тақсимлаш маркази бош шифокори ўринбосари Улуғбек Расулов муассаса фаолияти ҳақида маълумот берди.

«Вазирлик томонидан ташкил қилинган саралаш ва тақсимлаш маркази «Ўзэкспомарказ»нинг 1– ва 2-павильонларида жойлашган бўлиб, 814та ўринга эга. Марказ ўз фаолиятини бошлаган 30 июлдан ҳозиргача 2364 нафар фуқародан мурожаат бўлиб, уларнинг 1403 нафарига амбулатор шаротида даволаниш учун маслаҳат берилган, 981 киши стационар шароитда даволанди», деди у.

Улуғбек Расулов коронавирусга қарши кураш учун ҳарбий идоралар жалб қилинганига ҳам изоҳ берди.

«Пандемияда кўплаб касалларнинг бир вақтнинг ўзида шифохонага тушишидан ривожланган давлатларнинг соғлиқни сақлаш тизими ҳам қийналиб қолди. Шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам март ойидан июлнинг охиригача Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу вазифа билан шуғулланиб келди, июль ойининг охирига келиб, бемор кўпайиб кетди. Давлат раҳбари ҳарбий шифокорларни ёрдамга чақирди. Биз бу кўрсатилган ишончдан хурсанд бўлдик.

ИИВ, ДХХ, Мудофаа вазирлигининг тиббиёт ходимлари ҳозирда саралаш ва тақсимот марказларида фаолият олиб боряпти. Бу халқ учун ҳам, соғлиқни сақлаш тизими учун ҳам фойда бўлди», – деди Улуғбек Расулов.

Айни масалада Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ботир Даминов ҳам фикр билдирди.

«Тинчлик пайтида шифокорлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимига ва ҳарбий тизимга бўлинади. Лекин ҳозир бутун дунёда пандемия. Бу урушга ўхшаш нарса. Бунда барча врачлар бирлашиши керак. Биз ҳам шифокор бўлганимиз билан фавқулодда вазиятда жалб қилинувчи захирадаги офицер ҳисобланамиз.

Нафақат қуролли кучлар тизимидаги, балки бутун мамлакатдаги шифокорлар бу шароитда шай бўлиб туриши керак. Ҳарбий структураларда ўзининг тиббий бошқармаси бор. Уларда эпидемия пайтида ўзини қандай тутиш, беморларни қандай саралаш, эвакуация қилиш бўйича йўналишлар мавжуд. Бу ҳозирги кунда фақатгина ёрдам беради, касаллик билан тартибли курашишга йўл кўрсатади», – деди Даминов.

Мавзуга оид