Беларусда намойишларнинг олтинчи куни. Минглаб ишчилар кўчага чиқди, уларга қаршилик кўрсатилмаяпти
Беларусда корхоналар ва заводларда ҳам митинглар тўлқини бошланди. Ишчилар намойишчиларга куч ишлатилишига қарши чиқишмоқда. Сўнгги икки кун ичида республикадаги кўплаб заводлар, шу жумладан «Гродно Азот», «Нафтан», «БелАЗ», Минск автозаводи ва бошқа корхоналар ишчилари намойишчиларга қўшилди.
Корхоналар оёққа турган
Қаторасига иккинчи кун намойишларда ишчилар ҳам иштирок этмоқда. БелАз ва МАЗ ишчилари ортидан 10дан ортиқ заводлар ходимлари митингларга қўшилди. Жума куни Беларусь металлургия заводи, Минск электротехника заводи, Новополоцкдаги «Нафтан» (йирик нефть-кимё мажмуаси) ва «Гродно азот»да намойишлар бошланганди.
Минск трактор заводининг минглаб ишчилари шаҳар маркази бўйлаб юриб ўтишди. Улар президентнинг истеъфосини ва сайловлар қайта ўтказилишини сўрашмоқда.
Намойишчилар Мустақиллик проспекти бўйлаб юриб ўтишган. Уларга йўл давомида бошқалар ҳам қўшилган. Хусусан, «Беларусь калий» ходимлари ва Минск метрополитени ишчилари. Метрополитен ишчилари «Кейинги бекат - Янги президент» деган шиор билан акцияга чиқишган. Улар ҳалол сайлов ўтказиш ва тинч аҳолига зўравонлик қилишни тўхтатишни талаб қилишмоқда.
Ҳуқуқ-тартибот органлари ҳозирча уларга қаршилик кўрсатмаган. Йўллардан ўтаётган машиналар сигнал чалиб, уларни қўллаб-қувватлашган.
Лукашенконинг чиқиши
Лукашенко жума куни Беларусдаги намойишларда бурилиш рўй берганидан кейин илк марта баёнот билан чиқди - бунгача Ички ишлар вазири Юрий Караев намойишларни тарқатиш вақтида жабрланганлардан узр сўраган, президент администрацияси раҳбари Наталья Кочанова Лукашенко «меҳнат жамоаларининг фикрини эшитиши»ни ва қўлга олинганлар билан шуғулланишга топшириқ берганини айтди.
«Аввало, шуни айтмоқчиманки, мен соппа-соғман ва бизнинг баъзи «ақллиларимиз» «президент мамлакатни тарк этди ва хорижда» каби миш-миш тарқатганларидек хорижда эмасман», деди у қурилиш соҳасига бағишланган йиғилишда.
Лукашенко унинг рақиблари ишлаб чиқариш соҳаси ходимларини чалғитишга уринаётгани ҳақида гапирди ва ишчиларни иш ташлашларда қатнашмаслик ҳақида огоҳлантирди. Агар ишлаб чиқариш тўхтаса, бу Беларусь билан рақобат қилаётган давлатларга қўл келиши мумкинлигини айтди.
«Агар тўхтасак, ҳеч қачон ўз маҳсулотларимизни жаҳонга олиб чиқа олмаймиз. Ҳеч қачон. Улар бизни ботқоққа итаришади. Агар сиз бугун 10та трактор ишлаб чиқармасангиз, уни бозорга олиб чиқмасангиз, немислар ва америкаликлар ўз техникаларини Россияга олиб келади», деган у.
У бу одамларга намойишга чиқиш учун пул тўланаётганига шама қилган.
«Менга ҳисобот беришларича, МАЗ заводида 20 киши ўз фикрини айтишга қарор қилган ва ишни ташлаб, кетишган. Завод хўжайини шундай деган: яхши, кетаверинглар йигитлар. Менда одам етарли, бу маошлар қоладиган одамларга. Улар эса ортга қайтишган ва ишлашда давом этишган», деган у.
ТАСС агентлигининг қайд этишича, Беларусь бош вазири Роман Головченко заводга келгач, журналистлар кўз ўнгида намойишчилар билан мулоқот қилишдан бош тортгач, ишчилар марш бошлашган.
Тихановская мэрларни тинч намойишларга чақирди
Президентликка номзод Тихановская Литвадан туриб яна бир видеомурожаат қилди ва Беларусь шаҳарлари мэрларини дам олиш кунларида тинч намойишларга бошчилик қилишга чақирди.
«Биз Беларусь шаҳарлари кўчаларидаги зўравонликни тўхтатишимиз керак. Мен ҳукуматни буни бас қилишга ва мулоқотга чақираман. Мен барча шаҳарларнинг мэрларидан 15-16 август кунларида ҳар бир шаҳарда тинч намойишларга раҳбарлик қилишга чақираман», - деган Тихановская YouTubeга жойлаштирилган видеороликда.
Унинг сўзларига кўра, 9 август кунги президентлик сайловларида уни сайловчиларнинг 60-70 фоизи қўллаб-қувватлаган.
МСК жума куни сайловнинг якуний натижаларини эълон қилди, унга кўра Тихановская 10,12 фоиз, Лукашенко эса 80,10 фоиз овоз олгани маълум қилинган. Марказий сайлов комиссияси Лукашенкони ғолиб деб эълон қилди ва президентликка номзодларнинг сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақидаги барча шикоятлари рад қилинди.
«Биз, ўзгаришлар тарафдорлари кўпчиликмиз - бу ҳужжат билан тасдиқланган - протоколлар нусхалари бор. Унга кўра мени сайловда қўллаб-қувватлаганлар 60 фоиздан 70 фоизгача», - деган Тихановская ва ўзи учун овоз берганларнинг имзолари йиғилишини маълум қилди.
«Беларуслар энди ҳеч қачон аввалги ҳукумат билан яшашни исташмайди. Унинг [Лукашенко] ғалабасига ишонишмаяпти», - дея қўшимча қилган у.
Ҳукумат уйи олдида «дўстона учрашув»
Намойишчилар Мустақиллик майдонидаги ҳукумат биноси қаршисида йиғилишди. ОМОН намойишчилар қаршисида қалқонларини пастга туширди. Намойишчилар уларнинг олдига югуриб бориб, қучоқлашди ва улар билан бирга суратларга тушишди.
Намойишчилар «Армия халқ билан!», «Милиция халқ билан!» дея ҳайқира бошлади.
Бино ҳовлисига ўтириб олган намойишчилар сайловлар қайтадан ўтказилмаса, иш ташлашлар ва намойишлар давом этишини айтишмоқда. Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари намойиш тинч ўтган тақдирда ҳеч кимга тегинмасликка ваъда беришмоқда.
Лукашенко Хавфсизлик кенгаши йиғилишини чақирди
Александр Лукашенко Хавфсизлик кенгаши аъзолари билан учрашувда мамлакат аҳолисини кўчаларга норозилик акциялари уюштириш учун чиқмасликка чақирди. У мамлакатга хориждан кучлар кириб келаётгани ҳақида гапирди.
Минскдаги умумий вазиятни президент қуйидагича сўзлар билан ифодалади: «Мен вазият ҳаддан ташқари кескинлашган демайман, аммо муаммолар етарли, ҳал қилиниши зарур бўлган масалалар етарли».
Лукашенконинг сўзларига кўра, содир бўлаётган воқеалар «хориждаги одамлар» томонидан бошқарилмоқда. «Биринчи қаторларда жиноий ўтмишга эга бўлганлар кетмоқда», — дея қўшимча қилган у.
Шунингдек, Лукашенко намойишчиларга зўравонлик қилинаётгани бўйича фикр билдирган. «Вазирдан ва бошқалардан сўрайман: биз барибир славянлармиз, одам йиқилиб ётган бўлса, уни калтаклаш керак эмас. Тўхтай олиш керак», — деган у.
Мавзуга оид
11:28 / 23.08.2024
ЕИ яна Минскни барча сиёсий маҳбусларни озод қилишга чақирди
22:55 / 11.08.2024
«Пахтакор»нинг марҳум футболчилари хотирасига 45 йил олдинги «Ўйналмаган матч» ўтказилди
11:41 / 07.09.2023
Минскда ўзбек ва беларус тадбиркорлари 92 млн долларлик шартномалар имзолади
11:10 / 04.08.2023