«Ортиқ экранларда кулиб тура олмаймиз» – Беларусь давлат телеканалларидан ёппасига ишдан кетишмоқда
Беларусь давлат телеканалларида фаолият юритган кўплаб журналистлар ишдан кетишмоқда. Машҳур журналистлар ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида мамлакатда содир бўлаётган намойишлар фонида давлат телеканалларидан ишдан кетишгани ҳақида ёзишмоқда.
БТ давлат телеканалининг етакчи мухбири Александр Лучонок ишдан кетганини айтиб, таъсирли пост қолдирди: «Экраннинг нариги томонида турганлар, мен ортиқ жим тура олмайман. Менимча, ТВда берилаётган ҳар қандай маълумот муҳаррир ва идеологлар томонидан бир неча марта ўқилаётганидан хабардорсиз. Асосий мақсад – мамлакатдаги «турғунлик ҳолати»ни одамлардан яшириш. Ҳар бир эфир ўйланган қадам», деган журналист.
Лучонок намойишчиларнинг фикрини билишни таклиф қилган. Унинг айтишича, кўчада кўпчилик бир хил фикрда: «Намойишчилар орасида «қўғирчоқлар» борми? Буни билиш учун кўчага чиқиб, одамларга савол беринг. Улар деярли бир хил гапни айтишади. Шахсан мен қизиқиб кўрдим. Ҳаммасида Ғарбни айблаш эса мағлубиятни тан олишдан бошқа нарса эмас».
БТ журналисти ўтган йил Украинадаги сайловларни эслаб, мамлакатдаги ҳолатни қўшни давлатдаги вазият билан солиштирган: «Келинг, ўтган йил баҳорда Украинада бўлган сайловларни эслайлик. Унда ҳозирги президент Владимир Зеленский ғалаба қозонди ва мамлакатда ҳақиқий байрам бўлганди. Бизда ҳам ҳозир давлат нашрларида худди шундай ёзишмоқда. Унда нега «миллий байрамни нишонлаётган» халқнинг байрамини бузяпсиз?
Одамларни алдашни бас қилинглар. Жамият ўсди, жамият саводли бўлди. Ялтоқланаётган журналистлар, сўлагингизни артинг-да, тишингизнинг оқини кўрсатиб, акиллашда давом этаверинг. Аммо Хатико ҳақида воқеани унутманг. Ҳеч биримиз абадий эмасмиз, сиз янги хўжайин топишингизга ишониш қийин», деб ёзган БТ телеканали мухбири.
Давлат пропагандаси билан шуғулланувчи «Беларусь 1» телеканалининг яна бир журналисти Евгений Перлин биринчилардан бўлиб ишдан кетганини маълум қилганди: «Менинг мамлакатимда шунчаки *****!!! содир бўлмоқда. Этика бўйича эксперт бўлатуриб шуни айтяпман! Беларуслар, сабрли бўлинг. Сиз бахтли бўлишга ва тирик қолишга ҳақлисиз. Ҳарбийлар, бас қилинг!», деб ёзган у Инстаграмдаги саҳифасида.
«БелТА» (Беларусь телеграф агентлиги) журналисти Павел Горбач ҳам ортиқ ишлай олмаслигини айтиб, ишдан кетганини маълум қилган: «Кеча кетишга қарор қилдим. Афсуски, кеча дам олиш куни эди ва Перлин каби ҳамкасбларим мени бу борада ортда қолдиришди. Мени ишдан кетишлар тўлқинига қўшилди деб ҳисоблашингиз мумкин. Мана, уйга кетяпман, машиналар тўхтаб турибди, сигнал беришяпти. Бу билан шуғулланиш жонга тегди. Мен ҳарбийлар билан шуғулланардим (яъни, ҳарбийлар мавзусида ёзган). Улар резинали бўлса-да, ўқлардан фойдаланишганда, овозли гранаталар портлатилганда, бу қарорга келиб бўлгандим. Чунки бундай бўлиши мумкин эмас. Агентлик эса доимгидек ишлашда давом этмоқда. «Ҳаммаси режадагидай» давом этмоқда», деб журналистнинг сўзларини келтирган Tut.by сайти.
Яна бир давлат телеканали ҳисобланган «Беларусь 1»нинг «Арсенал» ҳарбий кўрсатуви бошловчиси Владимир Бурко ҳам ишдан кетганини эълон қилди: «Мен кўрсатувларимда гапирган ҳарбийлар ва техникалар қачондир ўз халқимизга қарши ишлатилишини тасаввур қилмагандим. Ҳатто энг қўрқинчли тушларимда ҳам. Ахир ҳеч ким урушни хоҳламаяпти. Намойишлар тинч ўтмоқда ва тинч ўтишда давом этади. Одамлар уларни алдамасликни хоҳламоқда, одамлар эркинлик хоҳламоқда», деган ўзининг таъбири билан айтганда, 5 йил давомида Беларусь Мудофаа вазирлигининг юзи бўлган ҳарбий журналист.
Известный телеведущий, медийное лицо Минобороны РБ Владимир Бурко ушел с телеканала «Беларусь 1» в знак протеста против применения армии в подавлении народных выступлений. Бурко предложил военным «одуматься, пока не поздно».
— Рустем Адагамов (@adagamov) August 12, 2020
Здесь обращение полностью: https://t.co/CqGLCbXMVU pic.twitter.com/T1GZQswQ2K
«Беларусь 1» телеканалидаги «Катта шаҳардаги бир кун» дастури бошловчиси Ольга Бельмач ўз саҳифасида ишдан кетгани ҳақида аризасининг суратини жойлаган. «Биз кўп эмасмиз, лекин бормиз», деб ёзган бошловчи. Унинг айтишича, ҳозирда ишсиз ва ҳеч қаерга кетмаган.
Телеканалнинг тонгги шоуси бошловчиси Вера Каретникова ҳам аризасини ёзган: «Бу менинг танловим. Касбимга ва ҳаётга муҳаббатим чексиз эканини айтган ҳолда бугун охирги иш куним эканини маълум қилмоқчиман. Тез орада ҳаммаси яхши бўлади, деб ёздим ва шундай бўлади ҳам. Мен – Вераман», деб ўқувчиларига мурожаат қилган Каретникова.
«Телеянгиликлар агентлиги» бошловчиси Сергей Козлович ҳам ишдан бўшаганини маълум қилди: «Ўзим орзу қилган бу ишга 10 йилимни бағишладим. Видеомонтаждан бошлаб, «Беларус 1» телеканалида жонли эфирда чиқиш билан якунлаяпман. Кеча бу курсига охирги марта ўтирдим. Бу шахсий қарорим бўлди. Энди иш қидираман», деб ёзган таниқли бошловчи.
СТВ телеканали бошловчиси Татьяна Бородкина фейсбукда таъсирли пост қолдирди. У болалари билан ошпазлик бўйича шоуни олиб бораётган эди: «Афсус! Энди мен ва болаларим ортиқ экранларда кулиб тура олмаймиз. Мамлакатни «сайлов» билан табриклайман. Билмадим менинг постимни қачон ўқиркинсиз, ахир интернет қотиб ишлаяпти. Лекин ишонинг, ҳозир, танлов амалга оширилганидан кейин ҳам қўрқмаяпман. Дўстлар, одамлар, сиз ҳам қўрқманг. Болаларимизни келажагидан маҳрум қилмайлик», деб ёзган у.
Лукашенко пулидаги журналистлардан бири, ОНТ телеканалидаги «Антифейк» дастури бошловчиси Дмитрий Семченко ҳам ишдан бўшади. Рафиқаси у ишдан кетганини тасдиқлаган. Ҳозирда телеканал раҳбари унинг аризасини қабул қилмаган.
«ОМОНнинг ҳаддан ташқари шафқатсизлиги ОНТнинг барча журналистларини шокка туширган. Уларнинг қариндошлари ёки дўстлари намойишлар вақтида жабрланишган. Кўплаб йигитлар бундай ҳолатда ишлашдан бош тортишди. Кимдир касалхонага ётди, кимдир муддатсиз таътилга чиқди. Семченконинг кетиши нафақат журналистларнинг давлат телеканалларидан кетиш занжирининг давоми, балки юқоридагилар учун сигнал ҳам», — деган манба.
Яна кўплаб давлат нашрларида ишлаётган журналистлар, айниқса ҳукумат пропагандасида қатнашувчи телеканал ходимлари ишдан бўшашмоқда. «Сайлов кампанияси вақтида репрессияга қарши чиққан машҳур журналистлар давлат телеканалларидан кетказилганди. Аммо энди уларнинг ўзлари ишдан кетишмоқда», деб ёзади бу ҳақда Euroradio.fm сайти. Журналистлар шу тариқа бутун мамлакатда давом этаётган норозилик намойишлари ва иш ташлашларга хайрихоҳ эканликларини кўрсатишмоқда. Олдинроқ мамлакатдаги кўплаб корхона ва ташкилотларда иш ташлаш ва норозилик митинглари ўтказилгани маълум бўлганди.
9 август куни Беларусда президентлик сайловлари ўтказилди. Олтинчи марта ўтказилган сайловларда олдинги бештасида бўлгани каби мамлакатнинг мустақиллик давридаги ягона президенти Александр Лукашенко ғолиб бўлди. У расмий маълумотларга кўра 80 фоиздан кўпроқ овоз олди. Унинг асосий рақиби Светлана Тихановская эса 11 фоизга яқин овоз тўплагани маълум қилинган. Тихановская сайловдан кейин натижалардан норози бўлиб, МСКга ариза бериш учун борганди. У бир муддат ғойиб бўлиб қолди ва кейинроқ у марказий сайлов комиссияси биносида одамларни кўчага чиқмасликка чорлаб «ғалати» мурожаат қилганди. Кейинчалик у Литвага, болаларининг олдига кетди ва яна бир мурожаат йўллади.
Мамлакатда 9 августдан буён намойишлар тўхтамаяпти. Одамлар туни билан мамлакатнинг турли бурчакларида намойишлар ўтказишмоқда. Ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари ва ҳарбийлар эса одамларни турли йўллар билан тўхтатишга уринишмоқда. Мамлакат президенти Александр Лукашенко намойишчилар чет элдан туриб бошқарилаётганини айтиб, уларни қўйлар деб атаганди.
Мавзуга оид
11:28 / 23.08.2024
ЕИ яна Минскни барча сиёсий маҳбусларни озод қилишга чақирди
22:55 / 11.08.2024
«Пахтакор»нинг марҳум футболчилари хотирасига 45 йил олдинги «Ўйналмаган матч» ўтказилди
11:41 / 07.09.2023
Минскда ўзбек ва беларус тадбиркорлари 92 млн долларлик шартномалар имзолади
11:10 / 04.08.2023