Жамият | 17:26 / 17.08.2020
5177
7 дақиқада ўқилади

Волонтёрлик фаолиятини ривожлантириш зарурияти: таҳлил ва тавсиялар

Пандемия мамлакатимизда волонтёрлик ривожига туртки бўлиб, соҳани қўллаб-қувватлаш зарурати борлигини кўрсатиб берди.

Пандемия туфайли юзага келган мураккаб вазиятда волонтёрлар гуруҳларининг Ягона мувофиқлаштирувчи марказ, «Хавфсиз ёрдам» акцияси, «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати, «Сардоба сари саховат карвони» каби хайрия акцияларидаги фаол иштирокини эътироф этиш лозим.

2019 йил 2 декабрдаги «Волонтёрлик фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг амалиётга татбиқ этилгани карантин шароитида долзарб аҳамият касб этди. Қонунга мувофиқ волонтёрлик фаолияти – жисмоний ва (ёки) юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бепул асосда амалга ошириладиган, жамоат учун фойдали бўлган ихтиёрий фаолият ҳисобланади.

Волонтёрлик фаолиятини ташкил этишга қаратилган фуқаролик ташаббусларини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, яъни фуқароларни аҳолининг турмуш сифатини яхшилашга қаратилган турли хил жамоат фаолиятига жалб этиш механизмларини шакллантириш муҳимдир.

БМТнинг Волонтёрлик дастури 130та мамлакатда кенг кўламли фаолият олиб бормоқда ва 80та мамлакатда ҳудудий ваколатхоналарига эга. Ушбу дастур асосида волонтёрлар ўзларининг ҳамкорлари билан бирга бутун дунё бўйлаб кўнгиллиларни бирлаштириб, кенг кўламдаги лойиҳа ва дастурларда қатнашиши учун йўл очиб бериш орқали жаҳонда кўнгиллилик ҳаракатини қўллаб-қувватлайди.

Волонтёрлик фаолияти қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

– якка тартибдаги волонтёрлик фаолияти;

– волонтёрлар гуруҳи таркибидаги волонтёрлик фаолияти;

– волонтёрлик ташкилоти орқали волонтёрлик фаолияти.

Қонунга мувофиқ, 18 ёшга тўлган жисмоний шахслар волонтёрлик фаолиятини амалга ошириши мумкин. Волонтёрлар бу фаолият билан ойига 20 соатдан кўпроқ банд бўлса, волонтёрлик фаолиятининг ташкилотчиси ўртасида ёзма шаклда тузилган шартнома асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Ривожланган давлатлардаги волонтёрлар фаолияти моделлари

Германияда волонтёрликнинг Вürgerschaftliches Engagement фуқаролар фаоллиги модели кенг тарқалган бўлиб, бу модел фуқароларнинг барча соҳалардаги хатти-ҳаракатлар йиғиндиси, яъни жамоат ташкилотларида иштирок этиш, ташаббускор бўлиш, ижтимоий фойдали ишлар, ижтимоий хизматлар кўрсатишни билдиради.

Анкет-Комиссия кўнгиллилар хизматини формал мажбурият тури сифатида эътироф этади ва уни узоқ вақт давом этувчи фаолият шакли деб тан олади. Анкет-Комиссиянинг Бундестагдаги фаолияти якунлагандан сўнг «Фуқаролар фаоллиги» қуйи қўмитасини тузишга қарор қилинди. 2002 йилдан бошлаб ушбу қўмита сиёсат, жамоат арбоблари, олимлар, тадқиқотчилар, қолаверса оддий фуқаролар учун музокаралар олиб бориш марказига айланди. Кейинчалик федерал ўлка ижтимоий масалалар бўйича вазирликлари қошида махсус мувофиқлаштирувчи тузилмалар иш бошлади.

Немис моделида фуқаролар фаоллиги давлат субсидиарлигига асосланган бўлиб, у ижтимоий хизматлар ва кўнгиллилар фаолиятини назорат қилади ва мувофиқлаштириб туради.

Ёшлар ҳамкорлиги маркази маълумотларига қараганда, Европада 52 фоиз ёшлар у ёки бу кўринишда волонтёрлик билан шуғулланади. Ушбу кўрсаткич Польшада 22 фоизни ташкил этади. Фаолият юритаётган жамоат ташкилотлари ходимларининг 50 фоизи волонтёрлар ҳисобланади.

Франциядаги Economie Sociale модели давлат хизматининг ижтимоий-иқтисодий соҳадаги таркибий қисми ҳисобланади. Кўнгиллилар фаолиятида ихтиёрий равишдаги волонтёрлик, нодавлат сектори ва жамоат ташкилотларидаги фуқаролар фаоллиги элементларини кўриш мумкин.

Буюк Британияда, «National Trust UK» нодавлат ташкилотининг 5,2 млн расмий аъзоси бўлиб, унда 100 мингдан зиёд кўнгиллилар фаолият олиб боради. Ушбу ташкилот тарихий обидаларни, боғларни сақлаш, реставрация қилиш, археология ишларини амалга ошириш билан шуғилланади. Бундан ташқари, табиий кўллар, ўрмонлар, денгиз қирғоқлари софлигини сақлашга қаратилган акцияларни ташкиллаштиради.

Швейцария моделида фуқаролар фаоллиги халқ ҳаракати ва давлатнинг ижтимоий хизматлар, дастурларни амалга оширишда яқиндан ҳамкорлик қилишини кўриш мумкин.

Швейцарияда фуқаролар фаоллиги уч асосий шаклига бўлинади. Булар қуйидагилар:

  • Формал фаолият, яъни ижтимоий-сиёсий жараёнларда, экологик ҳаракатлар, жамоат ташкилотларида иштирок этиш;
  • Ноформал фаолият, ҳудуд (район, квартал) миқёсида дўстларга, ночор оилалар, кексалар, ногиронларга ёрдам бериш, ҳолидан хабар олиш ва бошқа ижтимоий хизматлар кўрсатиш;
  • Ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш учун натурал кўринишда ёки моддий ҳамда пул маблағлари орқали ҳомийлик қилиш.

Италияда волонтёрлик фаолиятини ривожлантириш учун «Ижтимоий кўнгиллилар тўғрисида»ги қонун қабул қилинган. Нодавлат ташкилотлар, жамғармалар ва кўнгиллилар фаолиятини мувофиқлаштирувчи доимий қўмита фолият олиб боради. Волонтёрларнинг кўпчилиги ижтимоий хизмат кўрсатувчи соҳаларда фаолият олиб боради. Ҳозирда Италияда 5 млн фуқаро ижтимоий хизматлар билан шуғулланади.

Латвияда волонтёрлик ҳаракати 2003 йилдаги «Жамоат бирлашмалари ва хайрия жамғармалари тўғрисида»ги қонун билан тартибга солинади. Қонуннинг 8-моддасида нодавлат ташкилотлари ва хайрия жамғармалари ўз фаолиятларидаги айрим вазифаларни бажаришга кўнгиллиларни шартнома тузиш орқали ёллаш ҳамда жавобгарлик ва етказилган харажатларни қоплаш бўйича асосий қоидалар берилган.

Таклифлар

Мамлакатимизда волонтёрлик фаолиятини ривожлантириш давр талабидир. Юқоридаги таҳлилларимиз ҳамда хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, волонтёрлик фаолиятини янада ривожлантириш учун қуйидаги таклифларимизни берамиз:

Биринчидан, волонтёрлик фаолиятида самарали иштирок этувчи фуқаролар, фуқаролик гуруҳлари ва ННТларни рағбатлантириш тизимини жорий этиш;

Иккинчидан, давлат бошқаруви органларининг ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун волонтёрлик фаолияти билан шуғулланувчи ННТларга бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан бевосита давлат ижтимоий буюртмасини ажратиш тартибини жорий этиш орқали волонтёрликни ривожлантириш;

Учинчидан, волонтёрлик ташкилотлари ва волонтёрлик фаолияти билан шуғулланувчилар ўртасида ўзаро ҳамкорлик тартибини жорий этиш;

Тўртинчидан, аҳолининг алоҳида қатлами (кексалар, ишловчи пенсионерлар, вақтинча ишсизлар) бўйича волонтёрликни мувофиқлаштирувчи марказларни ташкил этиш;

Бешинчидан, волонтёрлик фаолиятини ҳисобга олиш тартибини юритиш;

Олтинчидан, волонтёрлик хизматларига талаб ва мазкур хизматларни кўрсатадиган волонтёрлар тўғрисида маълумотлар тарқатадиган интернет-порталини яратиш, жойларда ижтимоий соҳалардаги хизматларга талаб ва волонтёрлик хизматларини амалга оширувчи нодавлат нотижорат ташкилотлар имкониятларини аниқлаш юзасидан маълумот базаларини шакллантириш.

Дилдора Анварова,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат
тадқиқот институти масъул ходимиэ

 

Мавзуга оид