Жаҳон | 20:48 / 20.08.2020
8934
2 дақиқада ўқилади

Трампнинг собиқ ёрдамчиси ҳибсга олинди

АҚШ президенти Дональд Трампнинг собиқ ёрдамчиси Стив Бэннон фирибгарликда гумон қилиниб ҳибсга олинди. Бу ҳақда АҚШ адлия вазирлигига таяниб Fox News телеканали хабар берди. 

Стив Бэннон / Фото: AP

Маълум қилинишича, Бэннон ва яна уч киши Мексика билан чегарада девор қурилиши тарафдорларидан йиғилган маблағларни ўзлаштириш мақсадида тил бириктиришда гумон қилинмоқда.

Нью-Йоркнинг Жанубий округ прокурори Одри Страусснинг таъкидлашича, We Build The Wall (Биз деворни қурамиз) онлайн-кампанияси давомида жами 25 млн доллардан кўпроқ маблағ йиғилган. Кампания ташкилотчилари бу пулларни девор қурилишига йўналтиришга ваъда беришган, бироқ аслида 4 гумонланувчи ушбу пуллардан юзлаб минг долларини ўз шахсий эҳтиёжлари, жумладан, сафарлар, меҳмонхоналарда яшаш учун тўловлар, турли харидлар, кредит карталар бўйича қарзларни узиш учун ишлатиб юборишган.

Маълум қилинишича, Бэннон назоратидаги компания орқали We Build The Wall учун тўпланган маблағлардан 1 млн доллардан кўпроғи олиб чиқиб кетилган. Бу пуллардан бир қисми Бэнноннинг шерикларидан бирига берилган, бироқ уларнинг катта қисмини Бэнноннинг ўзи ишлатган.

Айблов хулосасида пулларнинг шахсий эҳтиёжлар учун сарфланиши кампания ташкилотчилари томонидан овоза қилинмаганига алоҳида эътибор қаратилган. Бундан ташқари, гумонланувчилар ўз ишлари учун ҳеч қандай ҳақ олмасликларини такрор-такрор таъкидлаб келишган.

Мавзуга оид