Трамп Республикачилар партиясидан президент лавозимига расмий номзод этиб тасдиқланди
АҚШ президенти Дональд Трамп ва вице-президент Майк Пенс 2020 йилги президент сайловларига расмий номзодлар бўлишди. Республикачилар партиясининг Шарлотт шаҳрида ўтган қурултойида кўпчилик делегатлар уларнинг номзодларини қўллаб-қувватлади.
Трамп жиддий рақобат йўқлиги сабабли партия ичидаги праймеризларнинг барчасида ғалаба қозонган. Шу сабабли унинг номзодини тасдиқлаш жараёни расмиятчилик бўлган. У иккинчи муддатга номзод сифатида илгари сурилиш учун қурултойда зарур овоз тўплай олди. Вице-президент лавозимига номзод амалдаги вице-президент Майк Пенс бўлди.
Трампнинг ноябрда ўтадиган сайловлар бўйича бош рақиби АҚШнинг собиқ вице-президенти Жозеф Байден бўлди. У 19 августда Демократик партиядан расмий номзод этиб танланган. Байден партия қурултойидаги нутқида Трампни, жумладан, унинг коронавирусга қарши курашишини танқид остига олган. “Бизнинг амалдаги президент миллат олдидаги энг асосий бурчини бажара олмади: у бизни ҳимоялай олмади”, деб айтган Байден.
Демократлардан вице-президент лавозимига номзод сифатида 55 ёшли Камала Харрис тасдиқланди. У ушбу лавозимга номзоди илгари сурилган биринчи қора танли аёл бўлди.
АҚШ президенти сайловлари 2020 йил 3 ноябрда, президент инаугурацияси эса 2021 йил 20 январда бўлиб ўтади.
Мавзуга оид
15:52 / 19.08.2023
Одам танламайдиган “ҳуқуқий машина”. Трамп нега таъқиб қилинмоқда?
15:51 / 14.04.2022
Байден ортидан Трамп ҳам Украинада тинч аҳоли ўлдирилишини геноцид деб атади
19:04 / 17.03.2022
Трамп Россиянинг Украинага кирганидан ҳайрон бўлганини айтди
21:10 / 09.02.2022