Ўзбекистон | 16:45 / 25.09.2020
103355
3 дақиқада ўқилади

ДТМ имтиҳон натижаларини эълон қилди, апелляция комиссияси 28 сентябрдан иш бошлайди

Ўзбекистонда 2020/2021-ўқув йили учун ОТМларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларининг натижалари эълон қилинди.

Давлат тест маркази Олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари якунларини эълон қилди. Унга кўра, давлат гранти асосида ўртача ўтиш бали – 133,3 баллни, тўлов-контракт асосида ўртача ўтиш бали – 110,6 баллни ташкил қилган.

Бу йил 1 ўрин учун танловда 10,6 нафар абитуриент (2019 йилда – 10,3) иштирок этган.

Давлат гранти асосида минимал ўтиш балли – 68 балл, тўлов-контракт асосида минимал ўтиш балли – 56,7 балл этиб белгиланган.

«Шунингдек, ёшларнинг таълим олиши учун имконият яратиш мақсадида базавий тўлов контракт асосида талабаликка тавсия этилмаган, лекин 56,7 балл ва ундан юқори балл тўплаган абитуриентларга табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқиш имконияти яратилади. 2019 йилда 32 948 нафар абитуриент ушбу имкониятдан фойдаланган», деб ёзмоқда ДТМ сайти.

Абитуриентлар табақалаштирилган тўлов-контрактда ўқиш имконидан фойдаланиш (суперконтракт) учун 26 сентябрдан бошлаб ОТМларга мурожаат этишлари мумкин.

Давлат тест марказининг апелляция комиссияси 28 сентябрь куни фаолият бошлайди.

Бунда, апелляция шикояти Давлат тест марказининг расмий веб-сайти орқали қабул қилиш бошланади.

Апелляция шикоятини берган абитуриентларга уни кўриб чиқиш санаси ва вақти кўрсатилган хабарнома берилади. Абитуриент хабарномада белгиланган вақтда ўзининг паспорти ва абитуриент рухсатномаси билан Давлат тест марказига келиши шарт.

Эслатиб ўтамиз, танлов натижалари бугун, 25 сентябрь куни соат 15:00да ДТМ расмий сайти орқали эълон қилиниши бошланди.

Лекин ДТМ сайтида носозликлар кузатилмода.

Тест натижаларини қандай билиш мумкин?

Абитуриентлар бунинг учун рухсатномасининг пастки ўнг бурчагида QR код остига махсус ҳавола (линк) очиб, тест натижасини кўриши мумкин.

QR кодни қандай ўқиш мумкин?

1) Ҳозирги замонавий смартфонларнинг деярли барчасида QR кодни ўқиш учун телефон камерасининг ўзи кифоя қилади. Алоҳида қанақадир дастур ўрнатиш шарт эмас. Шунчаки телефон камерасини ёқинг ва абитуриент рухсатномасининг пастки қисмидаги QR код устига камерани олиб боринг. Шунда телефон экранида ёзув пайдо бўлади ва abitur.dtm.uz сайтидаги махсус узун ҳавола чиқиб келади. Ўша ҳаволани браузер орқали очсангиз, натижани кўриш мумкин бўлади.

2) Агар мабодо телефонингиз камерасини QR код устига олиб борганингизда экранда ҳеч қандай ўзгариш бўлмаса, унда QR код ўқийдиган махсус илова юклаб олишингиз керак бўлади. Масалан, мана бу дастурни юклаб олиш мумкин.

Мавзуга оид