Ўзбекистон | 17:01 / 05.10.2020
9081
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон темир йўллари»да рақобатни чеклашнинг турли шакллари қўллаб келинмоқда - Сенат

5 октябрь куни Монополияга қарши курашиш қўмитасида Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси билан биргаликда «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг «Uzbekistan Airways», «Ўзбекистон темир йўллари» ҳамда «Ўзметкомбинат» АЖлар томонидан ижро этилиши ҳолати муҳокама қилинди.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Нажмиддинхўжа Шарипов «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга бир қатор саволлар билан мурожаат қилди.

Нажмиддинхўжа Шарипов

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан қандай тарифлар қўлланмоқда? Бу борада кўп саволлар бор. Тарифларни қўшни давлатлар билан таққослаган ҳолатлар ҳам кўп бўлади ва бизнинг тарифларимиз қиммат деган хулоса келади.

Шу нуқтайи назардан айтиш мумкинки, бизнинг темир йўл тизимимизда қўлланаётган тариф 90-йилларда ишлаб чиқилиб, 2000 йилда тасдиқланган нархномага биноан амалга оширилади.

Нархни ошириш ва тушириш керак бўлса, ўша нархномага асосан, коэффициентлар қўллаб келинмоқда. Ўйлайманки, нархномани қайтадан кўриб чиқиш керак. 20 йил олдин қабул қилинган нархнома бугунги кун талабига қанчалик жавоб беради?», дея Нажмиддинхўжа Шариповнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқарма бошлиғи Умидулла Ибрагимовнинг қайд этишича, ҳозирги кунда экспорт тарифлари ҳам маҳаллий юкларнинг ташув нархига тенглаштирилган. Молия вазирлиги билан бирга тарифларни қайта кўриб чиқиш ишлари амалга ҳам оширилмоқда. Олимлар ва халқаро тажрибага эга мутахассислар жалб қилинган ҳолда вазият ўрганилмоқда. Энг асосийси, ҳозирги кунда тарифлардан тушадиган маблағлар «Ўзбекистон темир йўллари»нинг йўловчи ташиш тизимида субсидия тарзида ишлатилади.

Тадбирда Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўрганишларига кўра, темирйўл тизимида қатор камчиликлар аниқлангани маълум қилинди.

Таҳлиллар ички бозорда рақобат мавжуд эмаслиги туфайли «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ хизматлар сифатини ошириш ва мослашувчан тариф сиёсатини қўллашдан манфаатдор эмаслигини кўрсатган.

Ташкилот томонидан бугунги кунда мижозлар учун ниҳоятда кўп қулайлик яратадиган рақамли маҳсулотларни қўллаш тизими суст ташкил этилган.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ инвентар паркининг эскириш даражаси юқори бўлиб, вагонлар етишмайди, мавжуд барча вагонларнинг 80 фоиздан кўпроғи 30 йилдан кўпроқ вақт давомида фойдаланилмоқда.

Қайд этилишича, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ тизимида рақобатни чеклашнинг турли шаклларини қўллаб келинмоқда. Хусусан, жамият фақат 4та экспедиторлик ташкилотлари билан тўғридан тўғри шартномалар тузган. Бошқа экспедиторлар фақат ушбу ташкилотлар орқали фаолият олиб бориши ташкил этилиб, бу иштирокчилар учун товар, молия ва хизматлар бозорларида тенгсизликни келтириб чиқармоқда.

«Аҳолига хизмат кўрсатиш тизимида вокзалларга кириш тартиби ҳаддан ташқари тартибга солиниб, бюрократик тамойилларнинг кучайтириб юборилгани натижасида вокзалларнинг ўзини-ўзи таъминлаши учун имкониятлардан юқори даражада фойдаланиш мумкин бўлган халқаро тажрибалар амалга қўлланмай келинмоқда», дейилган Сенат матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга оид